Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
20 Сентябр, 2026   |   9 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:49
Қуёш
06:08
Пешин
12:17
Аср
16:35
Шом
18:28
Хуфтон
19:43
Bismillah
20 Сентябр, 2026, 9 Рабиъус сони, 1448

Тилимизга эҳтиёт бўлайлик

09.12.2022   2892   3 min.
Тилимизга эҳтиёт бўлайлик

Аксарият давраларда бўлиб қолсак, шу даврада бўлмаган кимнингдир ҳаётига доир мавзуда гап очилади. Бировнинг кийган кийими борми, минган автомашинасими ёки қилганданғиллама тўйими қизғин муҳокама қилинади. Билиб, билмай кимлардандир эшитган гапларимиз аосида ўзганинг ҳаётини муҳокама қиламиз. Яна ўзимизга таскин бериш мақсадида “Ғийбати эмас, сифати”, - деб, гапирган гапларимизни оқламоқчи бўламиз.

Икки кишининг боши бирикса албатта, гап мавзуси “эшитдингизми?.....”  деган сўзлар билан ўзгалар ҳаёти тўғрисида гап кетади. Гуёки, суҳбатлашишга  бошқа мавзу йўқдек.Аслида биз гапирган гапларимиз ғийбат эканлигини биламиз, лекин  буни  тан олгимиз келмайди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ғийбатга шундай таъриф  берганлар: “Биродаринг эшитса, хафа бўладиган хислатларни айтишинг ғийбатдир”. Саҳобалар: “Агар биз айтган хислат унда бўлса-чи?”, деб  сўрашганда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга: “Бор  хислатларни айтсанг, ғийбат, йўқ  хислатларни айтсанг,  бўҳтондир”, деганлар.

Кишининг жисмидаги нуқсон билан айблаш ёки насл насабини, ҳаракатини, сўзларини, дину-диёнатини, дунёсини, кийимларини, яшаш жойлари, уловини камситиш ғийбат бўлади.

Қўл ҳаракати, кўз қисиш, ишора қилиш каби ҳоллар билан хам кишини  масҳара қилишмумкин эмас. Қуръони каримнинг “Ҳумаза” сураси 1-оятида Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:“Ҳар бир обрўтўкувчи ва айбловчига “вайл” бўлсин”.

Абу Барза Асламийдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалам: “Эй тили билан иймон келтириб, дилида иймон келтирмаганлар,мусулмонларни ғийбат қилманг ва уларнинг камчиликларини қидирманг. Кимки, уларнинг камчиликларини қидирса, Аллоҳ таоло ўзинингкамчилигини қидиради. Аллоҳ кимнинг камчилигини қидирса, уни уйида шарманда қилади”, дедилар.

Ҳазрати Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалам айтдилар: “Меърож кечаси баъзи инсонларнинг  олдидан ўтдим, улар темир тирноқлари билан юзларини ва кўкракларини юлиб  турганларини кўрдим. Жаброил алайҳиссалломдан уларнинг кимлигини  сўраганимда, Жаброил: “Булар одамларнинг гўштини ейдиган, уларнинг иффат-номусларини тўкадиган одамлардир(яъни ғийбатчилардир)”,деди”.

Ғийбат қилган ё ғийбатга қулоқ солган киши гуноҳданфориғ бўлиши учун Аллоҳ таолога чин дилдан тавба-истиғфор айтиб пушаймон бўлиши, қайта ғийбат қилмасликка аҳд қилиши зарур. Ғийбат қилган одамидан эса кечирим сўраб, унинг розилигини олиши, агар у оламдан ўтган бўлса, камбағал, етим-есирларга хайр-эҳсон улашиб, савобини унинг руҳониятига ҳадя қилиши керак.

Хулоса ўрнида шоирнинг:

“Мен  хеч  кимни  демайман ёмон,

Ўз кунларига бўлсинлар омон.

Фақат  дейман адашиб кетманг,

Жаннат  қолиб, жаҳаннам томон”, деган сўзларини келтирмоқчиман.

Б.Қўчқарова- Жомбой туман бош имом-хатибининг

Хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси.

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Доҳада «Uzbekistan: Heritage in Motion» кўргазмаси очилади

02.09.2026   35248   2 min.
Доҳада «Uzbekistan: Heritage in Motion» кўргазмаси очилади

2026 йил 3-сентябрь куни Доҳадаги Ислом санъати музейида Ўзбекистон тарихи ва маданий меросига бағишланган «Uzbekistan: Heritage in Motion» кўргазмаси очилади. Экспозиция Марказий Осиёда ислом дини тарқалишидан олдинги даврдан то ҳозирги кунгача бўлган тарихий ва маданий жараёнларни қамраб олади ҳамда 28 ноябргача давом этади.

Лойиҳа Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳамда Ислом санъати музейи ҳамкорлигида ташкил этилмоқда. Кўргазма сўнгги уч ўн йилликдаги Ўзбекистон тарихини мамлакатнинг замонавий маданий қиёфаси шаклланиши нуқтаи назаридан намойиш этувчи илк халқаро экспозиция бўлади.

Экспозицияда Қатар ва Ўзбекистондаги етакчи музей ҳамда маданий муассасалар коллекцияларидан намуналар намойиш этилади. Улар орасида Афросиёбнинг машҳур деворий тасвири, «Катта Лангар» Қуръони, Шарқшунослик институти қўлёзмалари, Бухоро кулолчилик намуналари, ХИХ–XX асрларга оид миллий либослар, заргарлик буюмлари, ипак матолар ва анъанавий ҳунармандчилик асарлари бор.

Кўргазма қадимги минтақа тарихи, меъморий мерос, ислом цивилизациясининг интеллектуал ютуқлари ҳамда анъанавий ҳунармандчилик ривожига бағишланган тўртта тематик бўлимдан иборат. Унда Ўзбекистоннинг ислом оламида фан, маданият ва санъат ривожининг тарихий марказларидан бири сифатидаги ўрнига, шунингдек, Сомонийлар ва Темурийлар даври меросига алоҳида эътибор қаратилади.

Тарихий мерос мамлакатнинг замонавий маданий ривожи билан узвий боғлиқ ҳолда намойиш этилади. Декоратив-амалий санъат, тўқимачилик ва заргарлик анъаналарига алоҳида ўрин берилади.

Кўргазма доирасидаги оммавий дастур маърузалар, маҳорат дарслари, анъанавий ҳунармандчилик намойишлари, шунингдек, икат санъати ва ипак ишлаб чиқаришга бағишланган тақдимотларни ўз ичига олади. 3–16-сентябрь кунлари рассом Давлат Тошев резидентлик дастури доирасида маҳаллий рассомлар ва кўргазма ташриф буюрувчилари учун Шарқ миниатюраси ҳамда «Абрū-Баҳор» техникасига бағишланган маҳорат дарсларини ўтказади. Иштирок этиш учун олдиндан рўйхатдан ўтиш талаб этилади.

2017 йилда ташкил этилган Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси мамлакатнинг маданий меросини асраш ва халқаро миқёсда тарғиб қилиш билан шуғулланади. Жамғарма 17 дан ортиқ мамлакатда халқаро лойиҳаларни амалга оширган ва 40 дан ортиқ хорижий маданият муассасалари билан ҳамкорлик қилган.

Доҳадаги Ислом санъати музейи 2008 йилда ташкил этилган. Музей коллекцияси қарийб 1 300 йиллик тарихни қамраб олади ва унда қўлёзмалар, кулолчилик буюмлари, металл ва шиша маҳсулотлари, тўқимачилик намуналари, гиламлар ҳамда заргарлик буюмлари мавжуд.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

Дунё янгиликлари