Аксарият давраларда бўлиб қолсак, шу даврада бўлмаган кимнингдир ҳаётига доир мавзуда гап очилади. Бировнинг кийган кийими борми, минган автомашинасими ёки қилганданғиллама тўйими қизғин муҳокама қилинади. Билиб, билмай кимлардандир эшитган гапларимиз аосида ўзганинг ҳаётини муҳокама қиламиз. Яна ўзимизга таскин бериш мақсадида “Ғийбати эмас, сифати”, - деб, гапирган гапларимизни оқламоқчи бўламиз.
Икки кишининг боши бирикса албатта, гап мавзуси “эшитдингизми?.....” деган сўзлар билан ўзгалар ҳаёти тўғрисида гап кетади. Гуёки, суҳбатлашишга бошқа мавзу йўқдек.Аслида биз гапирган гапларимиз ғийбат эканлигини биламиз, лекин буни тан олгимиз келмайди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ғийбатга шундай таъриф берганлар: “Биродаринг эшитса, хафа бўладиган хислатларни айтишинг ғийбатдир”. Саҳобалар: “Агар биз айтган хислат унда бўлса-чи?”, деб сўрашганда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга: “Бор хислатларни айтсанг, ғийбат, йўқ хислатларни айтсанг, бўҳтондир”, деганлар.
Кишининг жисмидаги нуқсон билан айблаш ёки насл насабини, ҳаракатини, сўзларини, дину-диёнатини, дунёсини, кийимларини, яшаш жойлари, уловини камситиш ғийбат бўлади.
Қўл ҳаракати, кўз қисиш, ишора қилиш каби ҳоллар билан хам кишини масҳара қилишмумкин эмас. Қуръони каримнинг “Ҳумаза” сураси 1-оятида Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:“Ҳар бир обрўтўкувчи ва айбловчига “вайл” бўлсин”.
Абу Барза Асламийдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалам: “Эй тили билан иймон келтириб, дилида иймон келтирмаганлар,мусулмонларни ғийбат қилманг ва уларнинг камчиликларини қидирманг. Кимки, уларнинг камчиликларини қидирса, Аллоҳ таоло ўзинингкамчилигини қидиради. Аллоҳ кимнинг камчилигини қидирса, уни уйида шарманда қилади”, дедилар.
Ҳазрати Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалам айтдилар: “Меърож кечаси баъзи инсонларнинг олдидан ўтдим, улар темир тирноқлари билан юзларини ва кўкракларини юлиб турганларини кўрдим. Жаброил алайҳиссалломдан уларнинг кимлигини сўраганимда, Жаброил: “Булар одамларнинг гўштини ейдиган, уларнинг иффат-номусларини тўкадиган одамлардир(яъни ғийбатчилардир)”,деди”.
Ғийбат қилган ё ғийбатга қулоқ солган киши гуноҳданфориғ бўлиши учун Аллоҳ таолога чин дилдан тавба-истиғфор айтиб пушаймон бўлиши, қайта ғийбат қилмасликка аҳд қилиши зарур. Ғийбат қилган одамидан эса кечирим сўраб, унинг розилигини олиши, агар у оламдан ўтган бўлса, камбағал, етим-есирларга хайр-эҳсон улашиб, савобини унинг руҳониятига ҳадя қилиши керак.
Хулоса ўрнида шоирнинг:
“Мен хеч кимни демайман ёмон,
Ўз кунларига бўлсинлар омон.
Фақат дейман адашиб кетманг,
Жаннат қолиб, жаҳаннам томон”, деган сўзларини келтирмоқчиман.
Б.Қўчқарова- Жомбой туман бош имом-хатибининг
Хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси.
МУАММО
Олимларнинг фикрича адоват ёки кек сақлаб юриш инсон саломатлиги учун зарарли бўлиб, юрак-қон томир ва иммун тизимининг бузилишига, бош ҳамда бўғимлар оғриғига олиб келади. Бундан ташқари инсонда депрессия, хавотир, жиззакилик каби муаммоларни келтириб чиқарар экан.
ТАДҚИҚОТ
Доктор Майкл Берри ўзининг “Саратонни даволаш” номли китобида бундай ёзади: “Дарҳақиқат, кечиримли ва саховатли бўлиш инсон саломатлигига ижобий таъсир қилади. Илмий тадқиқотларда, асабий таранглик, гина-адоват сақлашлик овқат ҳазм қилиш ва қон айланиш тизимига салбий қилиши ва бу – саратон касаллигини келтириб чиқариши аниқланган”.
НИМА ҚИЛИШ КЕРАК?
Психологлар бундай ҳолатдан чиқиб кетишнинг йўли инсон кечиримли бўлишга ҳаракат қилиши кераклигини таъкидлашади. Кечиримли бўлиш инсонлар ўртасидаги яхши муносабатларни таъминлашга ҳамда уни мустаҳкамлашга кўмак беради.
Аммо айримлар кечиримли бўлиш қўлидан келмаслигидан шикоят қилади. Тўғри, кечиримли бўлиш анча қийин иш бўлсада, аммо уни ўзлаштириш мумкин.
Кечиримлик инсонга руҳий енгиллик беради, бандани ич-ичидан кемираётган иллатлар: хафагарчилик, нафрат, адоватга бархам беришга ёрдам беради. Шунинг учун кечиримли бўлишга ҳаракат қилиш инсон саломатлиги учун ниҳоятда фойдалидир.
БИР ОЯТ
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Сен яхшилик бўлган нарса ила дафъ қил. Кўрибсанки, сен билан орасида адовати бор кимса худди содиқ дўстдек бўлур. Унга фақат сабр қилганларгина эришур. Унга фақат улуғ насиба эгаси бўлганларгина эришур” (Фуссилат сураси, 34-35-оятлар).
Демак, ёмонлик қилган инсонга яхшилик билан жавоб қайтариш сабрли ва олийжаноб мўминларнинг хулқи экан.
ҲАДИС
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Қиёмат бўлганида нидо қилувчи: “Инсонларни кечирувчи кишилар қани? Роббингиз ҳузурига келинг ва ажрингизни олинг”, деб нидо қилади.
ХУЛОСА
Демак, бақириб ёки жиззакилик қилиб, асабийлашган инсон бу билан қаршисидаги одамга зулм ўтказаётганини эмас, энг аввало ўз саломатлигига путур етказаётганини унутмасин! Бу гўёки заҳар ичган одам унинг таъсири бошқа инсонга етишини кутишга ўхшайди...
Даврон НУРМУҲАММАД