Cавол: Мен маҳзунликдан чиқишга чора топа олмаяпман, қандай дуо ўқисам бўлади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
"Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ" калимасини кўп айтиб юринг. Чунки Имом Табароний ва Имом Ҳоким Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилишган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким "Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳи"ни айтса, тўқсон тўққиз дардга даво бўлади. Энг енгили ғамдир", деганлар. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.
Жорий йилнинг 17 апрель куни Тошкент ислом институти талабасининг “Мусҳаф ҳарфлари жилоси” деб номланган шахсий хаттотлик кўргазмаси бўлиб ўтди. Унда Диний идора масъул ходимлари, институт раҳбарияти ва устозлари, соҳа мутахассислари, талаба-ёшлар иштирок этди.
Мазкур кўргазма ислом маданияти ва маънавий меросимизнинг ажралмас қисми бўлган хаттотлик санъатини кенг жамоатчиликка тақдим этиш, унинг нафосати ва чуқур маъно-мазмунини намоён қилишга қаратилган муҳим маърифий тадбир бўлди.
Кўргазма доирасида муаллиф истеъдодли ёш хаттот Азизбек Ҳамдамовнинг алоҳида маҳорат билан битилган Қуръони карим оятлари, ҳадислар ва ҳикматли иборалардан иборат ноёб асарлар тўплами намойиш этилди.
Мазкур асарларда хаттотликнинг классик насх, настаълиқ, сулс, риқъа ва бошқа услублари юқори дид ҳамда замонавий бадиий ечимлар билан маҳоратли тарзда ифода этилган. Айниқса, нафис хат турлари орқали битилган муқаддас калом – Қуръони карим оятлари акс этган намуналар ўзининг эстетик ва маънавий мазмуни билан кўргазма иштирокчилари қалбида чуқур из қолдирди.
Тадбир давомида хаттотнинг ижодий фаолияти тақдимоти билан бир қаторда, иштирокчилар билан очиқ мулоқотлар, қизиқарли савол-жавоблар ва хаттотлик санъати бўйича маҳоратли устозларнинг тавсиялари берилди. Бу жараён ёш ижодкорлар учун ўзаро илҳом ва тажриба алмашиш майдонига айланди.
Тошкент ислом институти мезбонлик қилган ушбу кўргазма юртимизда ислом санъати ва маданиятига бўлган қизиқишни янада ошириб, ёш авлодни миллий қадриятларимиз руҳида тарбиялашга ҳамда хаттотлик санъатининг нозик қирраларини кенг оммага етказишга хизмат қилиши, шубҳасиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати