Cавол: Мен маҳзунликдан чиқишга чора топа олмаяпман, қандай дуо ўқисам бўлади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
"Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ" калимасини кўп айтиб юринг. Чунки Имом Табароний ва Имом Ҳоким Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилишган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким "Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳи"ни айтса, тўқсон тўққиз дардга даво бўлади. Энг енгили ғамдир", деганлар. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.
Покистоннинг “Associated Press of Pakistan” ахборот агентлигида I Халқаро ислом цивилизацияси форуми якунларига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Мақолада шу йилнинг 7–11 июль кунлари Ўзбекистонда Ислом цивилизацияси бўйича биринчи халқаро форум бўлиб ўтгани, анжуман якунида форум иштирокчилари Президент Шавкат Мирзиёев номига мурожаат йўллагани таъкидланган.
Қайд этилганидек, мурожаатда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва бевосита қўллаб-қувватлови билан ташкил этилган ушбу форум нафақат нуфузли илмий анжуман, балки инсониятнинг умумий маънавий ва интеллектуал меросини асрашга қаратилган глобал ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб берган тарихий воқеа сифатида баҳоланган.
Мурожаатда форумнинг Тошкент, Самарқанд ва Термиз каби буюк цивилизация марказларида ўтказилгани чуқур рамзий аҳамиятга эга экани қайд этилиб, айнан шу заминда жаҳон илм-фани тараққиётига улкан ҳисса қўшган алломалар етишиб чиққанлиги алоҳида таъкидланган.
“Форум иштирокчилари БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини ташкил этиш ташаббусини сўнгги ўн йилликдаги энг муҳим халқаро гуманитар ташаббуслардан бири сифатида эътироф этди. Улар мазкур марказ келгусида жаҳоннинг етакчи олимларини бирлаштирувчи йирик халқаро илмий-маърифий масканга айланишига ишонч билдирди”, — дея фикр юритилган материалда.
Мақолада ёзилганидек, Ўзбекистонда тарихий меросни асраш, фундаментал илм-фанни ривожлантириш ва цивилизациялар мулоқотини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар юксак баҳоланган.
Хусусан, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси, Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ҳамда Халқаро ислом академияси фаолияти ушбу сиёсатнинг ёрқин намунаси сифатида қайд этилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати