Мактаб даврларидаги имтиҳонларимиз онам олиб берадиган совғалар билан эсда қолган. Ҳар гал имтиҳон топширадиган кунимиздан олдин ёки топширганимиздан кейин натижалар қандай бўлишидан қатъи назар онам барчамизни бозорга олиб чиқар ва кўнглимизга ёқадиган ҳадялар олиб берар эдилар. Кимдирга кийим, кимдирга пояфзал, яна қайси биримизгадир анчадан бери орзу қилиб юрган ўйинчоғи... ҳаммамиз ўзимизда йўқ севинардик.
Бозордан келганимиздан кейин онам бизга “Бу совғаларни сизларнинг қилган меҳнатларингиз, илм олиш йўлидан қилган ҳатти-ҳаракатларингиз учун олиб бердим” дердилар. Шу гаплари онгимизда муҳрланиб қолган. Бундан ташқари унча-мунча оналар айтмайдиган яна бир ажойиб гаплари бор эди: “Эркак киши бир ишга киришдими, албатта уни охирига етказмай қўймаслиги керак. Натижа қандай бўлиши муҳим эмас, муҳими кишининг ҳаракати ва жидду-жаҳд билан меҳнат қилишидир”.
Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг
“Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ” китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Сирдарё вилоятида фаолият юритаётган имом-хатиб ва имом-ноиблар ўртасида “Қуръон тинчликка буюради” шиори остида “Заковат” интеллектуал мусобақаси ўтказилди.
Беллашувдан кўзланган асосий мақсад — диний соҳа ходимларининг илмий-маърифий ва ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаш, улар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатликни янада оширишдан иборат.
Мусобақада шаҳар ва туманлардан жамланган жамоалар Қуръони карим, ҳадиси шарифлар, ислом тарихи, миллий қадриятлар ва мамлакатимиз қонунчилигига оид саволлар бўйича ўз билим ва тезкор фикрлаш қобилиятларини намоён этдилар.
Якуний натижаларга кўра:
1-ўрин — “Тафаккур” жамоаси
2-ўрин — “Иттифоқ” жамоаси
3-ўрин — “Ҳикмат” жамоаси
Ғолиблар Ўзбекистон мусулмонлари идораси Сирдарё вилояти вакиллигининг махсус диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Сирдарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати