"Тинчлик, миллатлар ва динлараро бағрикенглик, Ватанни ардоқлаш, оилани муқаддас санаш каби ғояларни тарғиб қилувчи динимиз номига доғ тушурган ва бутун жаҳон халқлари нигоҳида ислом динини “терроризм дини”га айлантиришга хизмат қилаётган ва мусулмонларни ислом цивилизацияси ривожига қўшган тарихий хизматини йўққа чиқараёзган сохта салафийлик XXI асрда мусулмонлар бошига келган энг катта мусибат бўлди. Бу оқим кўплаб уламоларнинг жонига қасд қилиш, худкушлик, тинч аҳолини қириб ташлаш, вояга етмаган болаларни қўлига қурол бериш, олимларни қадрсизлантириш каби мусулмончиликка умуман тўғри келмайдиган сифатларга эгалиги билан мусулмонларни жаҳон ҳамжамияти олдида қадрсизланишига хизмат қилди.
Сохта салафийлар “тасаввуф – бу куфр”, “мазҳабга эргашиш — ширк”, “васила – ширк”, “Аллоҳ таоло осмонда” каби кўплаб фитнага сабаб бўлувчи мавзулар орқали ўсиб келаётган ёш авлоднинг ақлини заҳарлашга ҳаракат қилдилар ва озми-кўпми жамиятни пароканда қилиш, олимларни қадрсизлантириш ва ёшларни ўз йўлларига оғдириш каби жирканч мақсадларга эришишга интилдилар. Салафийларнинг “Аллоҳ таоло осмонда” деган ақидавий фитнаси мусулмонлар орасида тафриқаланишни келтириб чиқаришга сабаб бўлган мавзулардан биридир.
Рисолат даврига назар солинса, Расулуллоҳ алайҳис-салом, у кишидан сўнг саҳобаи киромлар мусулмонларга: “Аллоҳ таоло юқорида” деб эътиқод қилинглар” деб буюрмаганликлари кўзга ташланади. Чунки, у пайтда мусулмонлар орасида “Аллоҳ таоло осмондами, ердами?” деган савол ёки қарашга ўрин йўқ эди. Чунки улар Аллоҳ таолони Қуръон ва ҳадис асосида содда ва асосли тарзда танир эдилар ҳамда эътиқоддан чалғитувчи ақидавий масалалардан ўзларини олиб қочар эдилар. Шунинг учун ҳам Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ тавҳид илмида илмий суҳбат қилмочи бўлсалар, салоҳиятсиз инсонларни суҳбатдан четлатар эдилар.
Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Аллоҳ таоло Ўзини ўзи ёки Расулуллоҳ васф этган нарса билан сифатланади. Бунда Қуръон ёки ҳадисга қўшимча қилмаймиз. Аллоҳ у ила васф этилган нарса шаксиз ҳақ деб биламиз. Шу билан бир қаторда ” (Унга ўхшаш бирор нарса йўқ) деб эътиқод қиламиз. Унинг сифатлари ва феълларини ўхшаши йўқ. Нуқсон ва яратилганликни англатувчи барча нарсадан Аллоҳ азза ва жалла покдир.”.
Имом Шофеъий Имом Моликдан нақл қилган ривоятда, “Расулуллоҳ умматга истинжо ўргатиб, тавҳидни таълим бермасликлари мумкин эмас. У зот ҳадисда: “Ла илаҳа иллаллоҳ” дейиш билан киши мусулмон бўлади деб айтганлар. Лекин бирор ҳадисда Аллоҳ таолога юқори томонни, яъни осмонни нисбатини бериш тавҳидга алоқадор, деб айтилмаган” дейдилар.
Имом Шофеъий: “Ақлли кишига Аллоҳ таолони бирор нарсага ўхшатиш ҳаром ва бу мавзуда чуқур кетиш ҳам” деганлар. Саҳоба ва тобеъинларнинг ҳаётига назар солинса, ақида масаласида улар жуда ҳассос бўлганликлари кўзга ташланади, яъни бу мавзуда улар ўзаро баҳс қилмаганлар. Ақида баҳсига оми халқни жалб қилмаганлар ва минбарларда нозик ақидавий масалаларни мавзу сифатида гапирмаганлар. Сохта салафийлар эса, мусулмонлар орасида мазҳабсизликни сингдириш мақсадида ўз издошларига биринчи кунданоқ “Аллоҳ таоло осмонда”, “васила ҳаром”, “Аллоҳ таолонинг қўли, юзи мавжуд” каби ақидавий масалаларни тизимли баён қилиб келадилар. Ҳолбуки, бу чин салафларнинг йўлига зиддир. Сохта салафийларнинг “Аллоҳ таоло осмонда” деган эътиқодий қарашлари ҳақида сўз юритишдан олдин, аҳли сунна вал жамоанинг эътиқодини баён қилиш ва мусулмонлар эътирофига сазовар бўлган салафи солиҳларнинг мавзу бўйича қарашларини келтириб ўтиш ўринлидир. Зеро, биринчи сингдирилган фикр, у қандай бўлишидан қатъий назар ўқувчи онгига албатта у ёки бу жиҳатдан таъсир қилади. Аллох таоло юртимизни энг кучли ва билимли булган эртамиз келажакларини узинг асрагин.
Мингбулоқ тумани “Мулла Абдурахмон” жоме
Масжиди имом хатиби: Шерзодбек Ахмедов.
(“Ал-Эътимод фил эътиқод” асари асосида)
Қазо ва қадар – Аллоҳнинг азалий сифатлари бўлиб, уларнинг моҳияти бандасига маълум эмас. Аллоҳ барча нарсаларнинг қазо ва қадарини белгилаб қўйган. Дунё ва охиратдаги ҳар бир нарса фақат унинг хоҳиши, илми, қазоси, қадари, Лавҳул маҳфузга ёзиб қўйилишига кўра бўлади. Лекин ёзиб қўйиши тавсиф йўли биландир, ҳукм йўли билан эмас, яъни мажбурий эмас. Қазо ва қадар Аллоҳ таолонинг олдиндан билиб, билганига кўра Лавҳул маҳфузда битиб қўйишидир.
Қазодан турли маънолар ирода қилинади. Қурони карим оятларида кўп ўринларда қазо калимаси турли маъноларда қўлланган. Масалан, Аллоҳ таоло: ﴿وَقَضَى رَبُّكَ أَلَّا تَعْبُدُوا إِلَّا إِيَّاهُ﴾ “Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингни амр этди”[1], деб марҳамат қилади. Бу ўринда “қазо” сўзи “амр қилиш” маъносида келган. Баъзида қазодан “ҳукм” ирода қилинади. Аллоҳ таоло: ﴿فَاقْضِ مَا أَنْتَ قَاضٍ﴾ “Бас, нима ҳукм қилсанг, қилавер”[2], дейди. Баъзан эса “мукаммал барпо қилиш” маъносида келади. Бунга Аллоҳ таолонинг ﴿فَقَضَاهُنَّ سَبْعَ سَمَوَاتٍ﴾ “Бас, етти осмонни барпо қилди”[3], деган сўзи мисол бўлади. Яъни бекаму-кўст, мукаммаллик билан яратди.
Қадарга келсак, у – ҳар бир нарсани қандай бўлиши лозим бўлса, шундай қилиб белгилашдир: у яхшилик ёки ёмонлик, гўзаллик ёки хунуклик, ҳикмат ёки бемаънилик бўлишидан қатъи назар. Шунингдек, ҳар бир нарсанинг қайси замон ва маконда воқе бўлишини, унга қандай савоб ёки жазо бўлишини баён қилиш ҳам қадарга киради.
Қадар деганда Аллоҳ таолонинг ҳар бир нарсани ўз ўрни, вақти, макони ва ҳолатига мос равишда белгилаб қўйиши назарда тутилади. Яъни, дунёда содир бўладиган ҳар бир нарса – яхшилик ёки ёмонлик, гўзаллик ёки хунуклик, ҳикматли иш ёки инсон назарида бемаънидек кўринган иш – Аллоҳнинг илми ва белгилаши доирасидадир. Шунингдек, нарсанинг қачон, қаерда ва қандай тарзда содир бўлиши ҳам қадарга тааллуқли.
Бандаларнинг барча феъл (иш-ҳаракат)ларини Аллоҳ таоло яратади. Демак, уларнинг гуноҳу маъсиятлари ҳам Аллоҳнинг қазо ва қадари, яъни яратиши билан бўлади.
Шунинг учун уламоларимиз: “Куфрни яратиш нодонлик эмас”, дейди. Аллоҳ таоло: ﴿إِنَّا كُلَّ شَيْءٍ خَلَقْنَاهُ بِقَدَرٍ﴾ “Албатта, Биз ҳар бир нарсани ўлчов билан яратдик”[4], деган. Демак, буларнинг барчаси Аллоҳдан экани собит бўлгач, бизнинг барча феълларимиз ҳам Аллоҳ таолонинг қазоси ва қадари билан бўлиши собит бўлади. Банда эса ўз феълида, гарчи бу Аллоҳнинг қазоси ва қадари билан бўлса ҳам, ихтиёрли бўлади, мажбурланган эмас.
Мўътазилалар: “Маъсиятлар Аллоҳнинг қазоси ва қадари эмас. Чунки Аллоҳ таоло қазосига розиликни вожиб қилган. Агар куфр ҳам У Зотнинг қазоси билан бўлганда, албатта, куфрга рози бўлиш бизга вожиб бўларди”, деган.
Аҳли сунна олимлари эса бунга қуйидагича жавоб беради: “Куфр бизнинг наздимизда Аллоҳ таолонинг қазоси эмас, мақзийсидир[5]. Яъни, куфр – Аллоҳ томонидан қазо қилинган (яъни тақдир этилган) нарсадир, лекин унинг ўзи Аллоҳнинг қазоси (амри, ҳукми) эмас. Биз Аллоҳнинг қазосига ва куфрни ботил қилганига рози бўламиз. Аммо мақзий, яъни куфр инсонга сифат бўлишига рози бўлмаймиз. Шуни билиш керакки, ҳақиқий мажбурланиш касалликлар ва мусибатларда бўлади. Чунки инсон бошига қазо қилинган касаллик ва мусибатларни ёқтирмайди. Аммо куфрга дучор бўлган киши ундан батамом рози бўлади”.
Янада кенгроқ баён қиладиган бўлсак, касаллик ва мусибат инсонга мажбуран келади. Инсон уларни хоҳламайди. Аммо куфрда инсон уни ўз ихтиёри билан қабул қилади ва ундан рози бўлади. Куфр – инсоннинг ихтиёрий феъли бўлиб, у куфрни танлагани учун масъул бўлади.
Масалан, Аллоҳ таоло бир инсоннинг куфрни ўз ихтиёри билан танлашини азалдан билган ва унинг воқе бўлишини тақдир қилган. Шунда куфр Аллоҳнинг мақзийси бўлади. Лекин бу “Аллоҳ куфрга буюрди” ёки “Аллоҳ куфрдан рози” дегани эмас.
Мўмин банда Аллоҳ таолонинг қазо ва тақдирига эътироз қилмайди. Биз Аллоҳ таоло бир нарсанинг воқе бўлишини тақдир қилган бўлса, унинг Аллоҳ томонидан тақдир қилинганига рози бўламиз. Аммо бу ерда жуда муҳим фарқ бор. Қазонинг Аллоҳдан эканлигига рози бўлиш – қазо қилинган ҳар бир нарсанинг ўзидан рози бўлиш дегани эмас. Масалан, зулм ҳам Аллоҳнинг илми ва тақдиридан ташқарида содир бўлмайди. Лекин Аллоҳ зулмни буюрмаган ва ундан рози ҳам эмас.
Аллоҳ таоло куфрни ботил деб ҳукм қилган. Қуръонда ҳам куфр, ширк ва зулм каби нарсалар мақталган эмас, аксинча рад этилган. Шунинг учун: “Куфр Аллоҳнинг қазоси билан содир бўлган” деган гап “Аллоҳ куфрни маъқуллаган” дегани эмас.
Биз қазо қилинган нарса, яъни куфр бизнинг сифатимиз бўлишига рози бўлмаймиз. Яъни инсон: “Аллоҳ менинг кофир бўлишимни тақдир қилган экан, демак, мен куфрга рози бўлишим керак”, деб айта олмайди. Аллоҳнинг тақдири бир масала, банданинг куфрни танлаши ва унга муносабати бошқа масала. Шунинг учун мўмин: “Аллоҳнинг тақдирига розиман, лекин куфрга рози эмасман”, дейди.
Юқорида айтилганидек, ҳақиқий жабр касаллик ва мусибатларда бўлади. Нима учун? Чунки инсон касал бўлишни ўзи танламайди. Масалан, инсонга иситма келиши, оғриб қолиши, мусибатга учраши, табиий офатдан зарар кўриши инсоннинг ихтиёрига боғлиқ эмас. Шунинг учун бу ерда ҳақиқий маънода мажбурлик бор. Чунки бошига шундай нарса қазо қилинган киши ундан рози бўлмайди. Масалан, одам касал бўлса: “Мен касал бўлишни хоҳлайман”, деб касалликни танламаган. У шифо топишга ҳаракат қилади. Демак, касаллик инсонга мажбуран келган. Бу ҳолатда мўмин инсон унга сабр қилиб, Аллоҳдан савоб умидида бўлади.
Аммо куфрга келсак, унга қазо қилинган кишининг ўзи ундан жуда қаттиқ рози бўлади. Яъни, инсон уни қабул қилади, сўнг унга эътиқод қилади ва уни маъқул деб билади.
Демак, инсон мажбурми ёки ихтиёрлими? Инсонда ихтиёр ва касб бор. Масалан, инсон олдида икки йўл бор: имон ёки куфр. У қайси йўлни танлашни ўз ихтиёри билан қилади. Лекин унинг ихтиёри, қудрати ва феълининг воқе бўлиши ҳам Аллоҳнинг яратиши ва тақдири доирасида. Шунинг учун икки ҳақиқат бир вақтда тўғри бўлади: “Аллоҳ тақдир қилди” ва “Банда ўз ихтиёри билан қилди”. Бу иккаласи бир-бирига зид эмас.
Яна ҳам соддароқ мисол келтирадиган бўлсак, масалан, бир киши қўли билан бировни урди. Бу иш – Аллоҳнинг илмида бор, Аллоҳнинг қудратидан ташқарида эмас ва Аллоҳ унинг воқе бўлишини тақдир қилган. Лекин киши: “Мени Аллоҳ мажбур қилди, шунинг учун мен айбдор эмасман”, деб баҳона қила олмайди. Чунки у қўлини ўз ихтиёри билан кўтарди. Агар қўли касаллик сабабли беихтиёр ҳаракатланиб, бировга тегиб кетса, бу бошқа масала. Бу ерда қасд ва ихтиёр йўқ. Шу фарқ жабр ва касб масаласининг моҳиятини тушунишга ёрдам беради.
Мўътазилаларнинг ёмон ишлар Аллоҳнинг қазо ва қадари эмас, деган қарашлари машҳур ҳадисга зиддир. Машҳур хабарда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қадарнинг яхши-ю, ёмони Аллоҳ таолодандир”, деганлар. Бу ҳадис биз учун далилдир.
Яна бир далил қуйидаги ҳадис: “Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимда тўрт нарса бўлса, у мўминдир, ким улардан учтасини келтириб, биттасини беркитса, у кофирдир: Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига, мени Аллоҳнинг расули эканимга, ўлгандан кейин қайта тирилишига гувоҳлик бериш ва қадарнинг яхши-ю, ёмонига имон келтириш. Ким улардан учтасини келтириб, биттасини беркитса, у кофирдир”, дедилар”.
Хулоса қилганда, қазою қадар масаласи ўта нозик масалалардан саналади. Башарнинг ақли илоҳий ҳикматлар моҳиятини қамраб олишдан нуқсонли ва кўзлар раббоний сирларни идрок этишдан йироқдадир.
Имом Абу Абдуллоҳ ибн Абу Ҳафс Кабир “Ар-Радду ала аҳлил аҳво” асарида келтиради: “Бир киши Али ибн Абу Толибга: “Менга тақдир ҳақида хабар бер”, деди. Али: “Тақдир чуқур денгиздир, унга шўнғима”, деди. У яна: “Менга тақдир ҳақида хабар бер”, деди. Али: “Тақдир қоронғу йўлдир, унга қадам босма”, деди. У яна: “Менга тақдир ҳақида хабар бер”, деди. Али: “Тақдир Аллоҳнинг сиридир, уни билишга уринма”, деди”. Баъзи ривоятларда “уни тафтиш қилма” дейилган. Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг қазо ва қадар масаласида ҳақни қандай очиқлаб берганига эътибор берадиган бўлсак, у киши: “Тақдир Аллоҳнинг сиридир. Уни билишга уринма”, деб чуқур кетишдан қайтарди. Энг асосий нарса – бизга қазо-ю қадрнинг яхши-ю, ёмонига имон келтириш буюрилгандир.
Равшан ЭЛМУРОДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими