"Тинчлик, миллатлар ва динлараро бағрикенглик, Ватанни ардоқлаш, оилани муқаддас санаш каби ғояларни тарғиб қилувчи динимиз номига доғ тушурган ва бутун жаҳон халқлари нигоҳида ислом динини “терроризм дини”га айлантиришга хизмат қилаётган ва мусулмонларни ислом цивилизацияси ривожига қўшган тарихий хизматини йўққа чиқараёзган сохта салафийлик XXI асрда мусулмонлар бошига келган энг катта мусибат бўлди. Бу оқим кўплаб уламоларнинг жонига қасд қилиш, худкушлик, тинч аҳолини қириб ташлаш, вояга етмаган болаларни қўлига қурол бериш, олимларни қадрсизлантириш каби мусулмончиликка умуман тўғри келмайдиган сифатларга эгалиги билан мусулмонларни жаҳон ҳамжамияти олдида қадрсизланишига хизмат қилди.
Сохта салафийлар “тасаввуф – бу куфр”, “мазҳабга эргашиш — ширк”, “васила – ширк”, “Аллоҳ таоло осмонда” каби кўплаб фитнага сабаб бўлувчи мавзулар орқали ўсиб келаётган ёш авлоднинг ақлини заҳарлашга ҳаракат қилдилар ва озми-кўпми жамиятни пароканда қилиш, олимларни қадрсизлантириш ва ёшларни ўз йўлларига оғдириш каби жирканч мақсадларга эришишга интилдилар. Салафийларнинг “Аллоҳ таоло осмонда” деган ақидавий фитнаси мусулмонлар орасида тафриқаланишни келтириб чиқаришга сабаб бўлган мавзулардан биридир.
Рисолат даврига назар солинса, Расулуллоҳ алайҳис-салом, у кишидан сўнг саҳобаи киромлар мусулмонларга: “Аллоҳ таоло юқорида” деб эътиқод қилинглар” деб буюрмаганликлари кўзга ташланади. Чунки, у пайтда мусулмонлар орасида “Аллоҳ таоло осмондами, ердами?” деган савол ёки қарашга ўрин йўқ эди. Чунки улар Аллоҳ таолони Қуръон ва ҳадис асосида содда ва асосли тарзда танир эдилар ҳамда эътиқоддан чалғитувчи ақидавий масалалардан ўзларини олиб қочар эдилар. Шунинг учун ҳам Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ тавҳид илмида илмий суҳбат қилмочи бўлсалар, салоҳиятсиз инсонларни суҳбатдан четлатар эдилар.
Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Аллоҳ таоло Ўзини ўзи ёки Расулуллоҳ васф этган нарса билан сифатланади. Бунда Қуръон ёки ҳадисга қўшимча қилмаймиз. Аллоҳ у ила васф этилган нарса шаксиз ҳақ деб биламиз. Шу билан бир қаторда ” (Унга ўхшаш бирор нарса йўқ) деб эътиқод қиламиз. Унинг сифатлари ва феълларини ўхшаши йўқ. Нуқсон ва яратилганликни англатувчи барча нарсадан Аллоҳ азза ва жалла покдир.”.
Имом Шофеъий Имом Моликдан нақл қилган ривоятда, “Расулуллоҳ умматга истинжо ўргатиб, тавҳидни таълим бермасликлари мумкин эмас. У зот ҳадисда: “Ла илаҳа иллаллоҳ” дейиш билан киши мусулмон бўлади деб айтганлар. Лекин бирор ҳадисда Аллоҳ таолога юқори томонни, яъни осмонни нисбатини бериш тавҳидга алоқадор, деб айтилмаган” дейдилар.
Имом Шофеъий: “Ақлли кишига Аллоҳ таолони бирор нарсага ўхшатиш ҳаром ва бу мавзуда чуқур кетиш ҳам” деганлар. Саҳоба ва тобеъинларнинг ҳаётига назар солинса, ақида масаласида улар жуда ҳассос бўлганликлари кўзга ташланади, яъни бу мавзуда улар ўзаро баҳс қилмаганлар. Ақида баҳсига оми халқни жалб қилмаганлар ва минбарларда нозик ақидавий масалаларни мавзу сифатида гапирмаганлар. Сохта салафийлар эса, мусулмонлар орасида мазҳабсизликни сингдириш мақсадида ўз издошларига биринчи кунданоқ “Аллоҳ таоло осмонда”, “васила ҳаром”, “Аллоҳ таолонинг қўли, юзи мавжуд” каби ақидавий масалаларни тизимли баён қилиб келадилар. Ҳолбуки, бу чин салафларнинг йўлига зиддир. Сохта салафийларнинг “Аллоҳ таоло осмонда” деган эътиқодий қарашлари ҳақида сўз юритишдан олдин, аҳли сунна вал жамоанинг эътиқодини баён қилиш ва мусулмонлар эътирофига сазовар бўлган салафи солиҳларнинг мавзу бўйича қарашларини келтириб ўтиш ўринлидир. Зеро, биринчи сингдирилган фикр, у қандай бўлишидан қатъий назар ўқувчи онгига албатта у ёки бу жиҳатдан таъсир қилади. Аллох таоло юртимизни энг кучли ва билимли булган эртамиз келажакларини узинг асрагин.
Мингбулоқ тумани “Мулла Абдурахмон” жоме
Масжиди имом хатиби: Шерзодбек Ахмедов.
2026 йил 4 ноябрь куни Қорақалпоғистон Республикасидаги имом-хатиблар, имом-ноиблар ҳамда отинойилар иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.
Мажлисни Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Баҳрамаддин домла Разов олиб борди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг ўринбосари Алишер Алланиязов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Кадрлар бўлими бошлиғи Салоҳиддин Шерхонов, Ички назорат бўлими бошлиғи Акбар Дўсматов, Кадрлар бўлими бош мутахассиси Абдулносир Бобамирзаев ва Таълим ва илмий-тадқиқот маркази етакчи мутахассиси Муҳаммадяҳё Ходжаевлар иштирок этди.
Йиғилиш давомида диний соҳа вакиллари фаолиятида ижро интизомига қатъий риоя қилиш, белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажариш, амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини янада ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, ҳар бир мурожаатга масъулият ва эътибор билан ёндашиш, халқ билан мулоқотни кучайтириш муҳим вазифалардан экани таъкидланди.
Шу билан бирга, йиғилиш иштирокчиларига Хоразм вилоятида тўпланган иш тажрибаси ҳақида маълумот берилиб, унинг мазмун-моҳияти, амалий аҳамияти ва Қорақалпоғистон Республикаси шароитида қўллаш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди. Бу тажрибадан самарали фойдаланиш, илғор иш услубларини амалиётга жорий этиш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Шунингдек, имом-хатиблар фаолиятини янада такомиллаштириш, масжидлардаги ишларни самарали ташкил этиш ва аҳоли ўртасида маънавий-маърифий тарғибот ишларини кучайтириш масалаларига эътибор қаратилди.
Йиғилишда имом-хатиблар, имом-ноиблар ва отинойилар ўз фаолияти давомида халққа янада яқин бўлиши, маҳаллаларда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириши, оилаларда соғлом маънавий муҳитни мустаҳкамлашга ҳисса қўшиши, ёшлар тарбиясига алоҳида эътибор қаратиши ва жамоатчилик билан ҳамкорликни кучайтириши зарурлиги таъкидланди.
Йиғилиш якунида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, ижро интизомини мустаҳкамлаш, мурожаатлар билан ишлашда масъулиятни ошириш, Хоразм вилоятининг илғор иш тажрибасини ўрганиш ва амалиётга татбиқ этиш ҳамда диний соҳа вакиллари фаолияти самарадорлигини янада ошириш бўйича тегишли вазифа ва таклифлар белгилаб олинди.
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти