"Тинчлик, миллатлар ва динлараро бағрикенглик, Ватанни ардоқлаш, оилани муқаддас санаш каби ғояларни тарғиб қилувчи динимиз номига доғ тушурган ва бутун жаҳон халқлари нигоҳида ислом динини “терроризм дини”га айлантиришга хизмат қилаётган ва мусулмонларни ислом цивилизацияси ривожига қўшган тарихий хизматини йўққа чиқараёзган сохта салафийлик XXI асрда мусулмонлар бошига келган энг катта мусибат бўлди. Бу оқим кўплаб уламоларнинг жонига қасд қилиш, худкушлик, тинч аҳолини қириб ташлаш, вояга етмаган болаларни қўлига қурол бериш, олимларни қадрсизлантириш каби мусулмончиликка умуман тўғри келмайдиган сифатларга эгалиги билан мусулмонларни жаҳон ҳамжамияти олдида қадрсизланишига хизмат қилди.
Сохта салафийлар “тасаввуф – бу куфр”, “мазҳабга эргашиш — ширк”, “васила – ширк”, “Аллоҳ таоло осмонда” каби кўплаб фитнага сабаб бўлувчи мавзулар орқали ўсиб келаётган ёш авлоднинг ақлини заҳарлашга ҳаракат қилдилар ва озми-кўпми жамиятни пароканда қилиш, олимларни қадрсизлантириш ва ёшларни ўз йўлларига оғдириш каби жирканч мақсадларга эришишга интилдилар. Салафийларнинг “Аллоҳ таоло осмонда” деган ақидавий фитнаси мусулмонлар орасида тафриқаланишни келтириб чиқаришга сабаб бўлган мавзулардан биридир.
Рисолат даврига назар солинса, Расулуллоҳ алайҳис-салом, у кишидан сўнг саҳобаи киромлар мусулмонларга: “Аллоҳ таоло юқорида” деб эътиқод қилинглар” деб буюрмаганликлари кўзга ташланади. Чунки, у пайтда мусулмонлар орасида “Аллоҳ таоло осмондами, ердами?” деган савол ёки қарашга ўрин йўқ эди. Чунки улар Аллоҳ таолони Қуръон ва ҳадис асосида содда ва асосли тарзда танир эдилар ҳамда эътиқоддан чалғитувчи ақидавий масалалардан ўзларини олиб қочар эдилар. Шунинг учун ҳам Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ тавҳид илмида илмий суҳбат қилмочи бўлсалар, салоҳиятсиз инсонларни суҳбатдан четлатар эдилар.
Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Аллоҳ таоло Ўзини ўзи ёки Расулуллоҳ васф этган нарса билан сифатланади. Бунда Қуръон ёки ҳадисга қўшимча қилмаймиз. Аллоҳ у ила васф этилган нарса шаксиз ҳақ деб биламиз. Шу билан бир қаторда ” (Унга ўхшаш бирор нарса йўқ) деб эътиқод қиламиз. Унинг сифатлари ва феълларини ўхшаши йўқ. Нуқсон ва яратилганликни англатувчи барча нарсадан Аллоҳ азза ва жалла покдир.”.
Имом Шофеъий Имом Моликдан нақл қилган ривоятда, “Расулуллоҳ умматга истинжо ўргатиб, тавҳидни таълим бермасликлари мумкин эмас. У зот ҳадисда: “Ла илаҳа иллаллоҳ” дейиш билан киши мусулмон бўлади деб айтганлар. Лекин бирор ҳадисда Аллоҳ таолога юқори томонни, яъни осмонни нисбатини бериш тавҳидга алоқадор, деб айтилмаган” дейдилар.
Имом Шофеъий: “Ақлли кишига Аллоҳ таолони бирор нарсага ўхшатиш ҳаром ва бу мавзуда чуқур кетиш ҳам” деганлар. Саҳоба ва тобеъинларнинг ҳаётига назар солинса, ақида масаласида улар жуда ҳассос бўлганликлари кўзга ташланади, яъни бу мавзуда улар ўзаро баҳс қилмаганлар. Ақида баҳсига оми халқни жалб қилмаганлар ва минбарларда нозик ақидавий масалаларни мавзу сифатида гапирмаганлар. Сохта салафийлар эса, мусулмонлар орасида мазҳабсизликни сингдириш мақсадида ўз издошларига биринчи кунданоқ “Аллоҳ таоло осмонда”, “васила ҳаром”, “Аллоҳ таолонинг қўли, юзи мавжуд” каби ақидавий масалаларни тизимли баён қилиб келадилар. Ҳолбуки, бу чин салафларнинг йўлига зиддир. Сохта салафийларнинг “Аллоҳ таоло осмонда” деган эътиқодий қарашлари ҳақида сўз юритишдан олдин, аҳли сунна вал жамоанинг эътиқодини баён қилиш ва мусулмонлар эътирофига сазовар бўлган салафи солиҳларнинг мавзу бўйича қарашларини келтириб ўтиш ўринлидир. Зеро, биринчи сингдирилган фикр, у қандай бўлишидан қатъий назар ўқувчи онгига албатта у ёки бу жиҳатдан таъсир қилади. Аллох таоло юртимизни энг кучли ва билимли булган эртамиз келажакларини узинг асрагин.
Мингбулоқ тумани “Мулла Абдурахмон” жоме
Масжиди имом хатиби: Шерзодбек Ахмедов.
Савол: Бугунги кунда баъзилар сунъий интеллектдан фойдаланиб турли тадбирларда, ҳатто тўйларда вафот этган одамларни гапиртириб видео ясашмоқда. Бу қанчалик тўғри?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Бундай нарсалардан четда бўлиш керак бўлади. Чунки бу каби ишлар кўп жиҳатдан хато саналади.
Биринчидан, инсоннинг, айниқса, ота-онанинг ҳурмати уларнинг вафотидан кейин ҳам давом этади. Унинг суратидан видео ясаб, гапиртириш уларнинг ҳурматига маълум маънода зид ҳисобланади. Чунки улар видеодаги гапларни ҳақиқатда гапиргани йўқ. Демак, ҳақиқатга зид нарса эса ёлғон бўлади.
Иккинчидан, бундай ишнинг хатарли жойи бандалар учун ғайб ишларидан бири бўлган қабрдаги ҳаётга оид ҳолатларга журъат билан аралашиш бўлади. Бу инсон эътиқоди ва иймони учун хавфли саналади. Чунки айрим видеоларда ота-оналарнинг “биз яхшимиз, сизларни кўриб турибмиз, кузатиб турибмиз, сизлардан розимиз”, деган жойлари бор. Уларнинг қабрдаги аҳволи қандай эканини СИ ёки шу видеони ясаётганлар қаердан билмоқдалар?! Балки улар фарзандидан жуда рози эмасдир?!
Учинчидан, мазкур технология баъзи компаниялар томонидан амалга оширилаётган бир турдаги ўйин-кулгидир, аммо келажакда кўз ва бош ҳаракатидан ҳам ўтиб кетиши, киноя ва масхара қилиш, ҳақиқатларни сохталаштириш ва бузишда ишлатилиши мумкин. Янги технология "Deepfakes" (чуқур сохталар) деб номланувчи туркумга мансуб бўлиб, мутахассислар томонидан "номақбул технологиялар" қаторига киритилган.
Қолаверса, асли ғоянинг зарарларидан бири: суратларга ва ўтганларга боғланиб қолиш ҳамда ғам-қайғуларни янгилашдир.
Шунингдек, динимиз ота онани дунё ҳаётида розилигини олиш, вафотидан кейин солиҳ амаллар қилиб, уларнинг руҳларини шод этишга тарғиб қилади. Вафот этганларнинг расм ёки видеосини СИ ёрдамида ўзи хоҳлаганидек гапиртиргани билан улар тириклардан рози бўлиб қолмайди, балки уларнинг қилаётган гуноҳлари туфайли вафот этганлар маҳзун бўладилар.
Зеро Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда шундай дейилган:
“Албатта сизларнинг амалларингиз вафот қилган қариндош-уруғларингизга кўрсатилади. У(амал)лар яхши бўлса, хурсанд бўладилар. Агар ундай бўлмаса: «Аллоҳ, уларни бизни ҳидоят қилганингдек ҳидоят қилмагунингча вафот эттирмагин», дейишади» (Имом Аҳмад ривояти). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази