"Тинчлик, миллатлар ва динлараро бағрикенглик, Ватанни ардоқлаш, оилани муқаддас санаш каби ғояларни тарғиб қилувчи динимиз номига доғ тушурган ва бутун жаҳон халқлари нигоҳида ислом динини “терроризм дини”га айлантиришга хизмат қилаётган ва мусулмонларни ислом цивилизацияси ривожига қўшган тарихий хизматини йўққа чиқараёзган сохта салафийлик XXI асрда мусулмонлар бошига келган энг катта мусибат бўлди. Бу оқим кўплаб уламоларнинг жонига қасд қилиш, худкушлик, тинч аҳолини қириб ташлаш, вояга етмаган болаларни қўлига қурол бериш, олимларни қадрсизлантириш каби мусулмончиликка умуман тўғри келмайдиган сифатларга эгалиги билан мусулмонларни жаҳон ҳамжамияти олдида қадрсизланишига хизмат қилди.
Сохта салафийлар “тасаввуф – бу куфр”, “мазҳабга эргашиш — ширк”, “васила – ширк”, “Аллоҳ таоло осмонда” каби кўплаб фитнага сабаб бўлувчи мавзулар орқали ўсиб келаётган ёш авлоднинг ақлини заҳарлашга ҳаракат қилдилар ва озми-кўпми жамиятни пароканда қилиш, олимларни қадрсизлантириш ва ёшларни ўз йўлларига оғдириш каби жирканч мақсадларга эришишга интилдилар. Салафийларнинг “Аллоҳ таоло осмонда” деган ақидавий фитнаси мусулмонлар орасида тафриқаланишни келтириб чиқаришга сабаб бўлган мавзулардан биридир.
Рисолат даврига назар солинса, Расулуллоҳ алайҳис-салом, у кишидан сўнг саҳобаи киромлар мусулмонларга: “Аллоҳ таоло юқорида” деб эътиқод қилинглар” деб буюрмаганликлари кўзга ташланади. Чунки, у пайтда мусулмонлар орасида “Аллоҳ таоло осмондами, ердами?” деган савол ёки қарашга ўрин йўқ эди. Чунки улар Аллоҳ таолони Қуръон ва ҳадис асосида содда ва асосли тарзда танир эдилар ҳамда эътиқоддан чалғитувчи ақидавий масалалардан ўзларини олиб қочар эдилар. Шунинг учун ҳам Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ тавҳид илмида илмий суҳбат қилмочи бўлсалар, салоҳиятсиз инсонларни суҳбатдан четлатар эдилар.
Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Аллоҳ таоло Ўзини ўзи ёки Расулуллоҳ васф этган нарса билан сифатланади. Бунда Қуръон ёки ҳадисга қўшимча қилмаймиз. Аллоҳ у ила васф этилган нарса шаксиз ҳақ деб биламиз. Шу билан бир қаторда ” (Унга ўхшаш бирор нарса йўқ) деб эътиқод қиламиз. Унинг сифатлари ва феълларини ўхшаши йўқ. Нуқсон ва яратилганликни англатувчи барча нарсадан Аллоҳ азза ва жалла покдир.”.
Имом Шофеъий Имом Моликдан нақл қилган ривоятда, “Расулуллоҳ умматга истинжо ўргатиб, тавҳидни таълим бермасликлари мумкин эмас. У зот ҳадисда: “Ла илаҳа иллаллоҳ” дейиш билан киши мусулмон бўлади деб айтганлар. Лекин бирор ҳадисда Аллоҳ таолога юқори томонни, яъни осмонни нисбатини бериш тавҳидга алоқадор, деб айтилмаган” дейдилар.
Имом Шофеъий: “Ақлли кишига Аллоҳ таолони бирор нарсага ўхшатиш ҳаром ва бу мавзуда чуқур кетиш ҳам” деганлар. Саҳоба ва тобеъинларнинг ҳаётига назар солинса, ақида масаласида улар жуда ҳассос бўлганликлари кўзга ташланади, яъни бу мавзуда улар ўзаро баҳс қилмаганлар. Ақида баҳсига оми халқни жалб қилмаганлар ва минбарларда нозик ақидавий масалаларни мавзу сифатида гапирмаганлар. Сохта салафийлар эса, мусулмонлар орасида мазҳабсизликни сингдириш мақсадида ўз издошларига биринчи кунданоқ “Аллоҳ таоло осмонда”, “васила ҳаром”, “Аллоҳ таолонинг қўли, юзи мавжуд” каби ақидавий масалаларни тизимли баён қилиб келадилар. Ҳолбуки, бу чин салафларнинг йўлига зиддир. Сохта салафийларнинг “Аллоҳ таоло осмонда” деган эътиқодий қарашлари ҳақида сўз юритишдан олдин, аҳли сунна вал жамоанинг эътиқодини баён қилиш ва мусулмонлар эътирофига сазовар бўлган салафи солиҳларнинг мавзу бўйича қарашларини келтириб ўтиш ўринлидир. Зеро, биринчи сингдирилган фикр, у қандай бўлишидан қатъий назар ўқувчи онгига албатта у ёки бу жиҳатдан таъсир қилади. Аллох таоло юртимизни энг кучли ва билимли булган эртамиз келажакларини узинг асрагин.
Мингбулоқ тумани “Мулла Абдурахмон” жоме
Масжиди имом хатиби: Шерзодбек Ахмедов.
Иордания фатво ташкилоти (Доиратул-ифто ал-урдунийя) томонидан савдо-сотиқда маҳсулот қадоғига нотўғри маълумотларни ёзиш ва аслида йўқ бўлган хусусиятларни даъво қилишнинг ҳукмига оид саволга ойдинлик киритилди. Унда таъкидланишича, мазкур фатво ташкилотига қуйидагича савол келиб тушган:
Савол: Биз бир маҳсулот ишлаб чиқариб сотамиз. Унинг қадоғига калория миқдорини “200 ккал атрофида” деб ёзиб қўйган эдик. Аслида эса унинг калорияси бундан кўпроқ. Биз шу ҳолатида ундан жуда кўп миқдорда сотиб юбордик. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, агар қадоққа калория миқдорини асл ҳолича кўпроқ қилиб ёзганимизда ҳам маҳсулотнинг нархи ўзгармасди. Шу қилган ишимизнинг ҳукми қандай бўлади ва энди нима қилишимиз керак?
Ушбу саволга Иордания фатво ҳайъати уламолари шундай жавоб беришган:
“Жавоб: Aллоҳга ҳамдлар бўлсин, Пайғамбаримизга саловат ва саломлар бўлсин!
Ислом динида савдо-сотиқ ва ўзаро муомалаларда ёлғон гапириш ва алдаш қатъиян ҳаром қилинган. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
وَالَّذِينَ هُمْ لِأَمَانَاتِهِمْ وَعَهْدِهِمْ رَاعُونَ
«Улар (яъни, мўминлар) ўзларига ишонилган омонатларга ва (ўзгаларга) берган аҳду паймонларига риоя қилгувчи кишилардир» (Мўминун сураси, 8-оят).
Бошқа оятда эса:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اتَّقُوا اللَّهَ وَكُونُوا مَعَ الصَّادِقِينَ
«Эй, иймон келтирганлар, Аллоҳга тақво қилинглар ва содиқлар ила бирга бўлинглар», дейилган (Тавба сураси, 119-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
مَنْ غَشَّنَا فَلَيْسَ مِنَّا (رواه مسلم)
«Ким бизни алдаса, биздан эмас» (Имом Муслим ривояти).
Товарга унда аслида йўқ бўлган сифатларни нисбат бериш (масалан, қадоққа нотўғри маълумот ёзиш) ёлғон ва фирибгарлик ҳисобланади. Арзимас дунёвий манфаатларни деб ёлғон гапириш ва алдашнинг ҳаромлиги ҳеч кимга сир эмас. Иордания Фатво кенгашининг 101-сонли қарорида шундай дейилади:
“Мусулмон киши хоҳ тожир бўлсин, хоҳ савдо вакили ёки бошқа вазифада бўлсин, барча сўзларида ростгўй бўлиши, ўзи реклама қилаётган ва сотаётган ҳар қандай маҳсулот ҳақидаги ҳақиқатни доим очиқ баён қилиши шарт. Қандай ҳолат бўлмасин, ёлғон гапириш ва одамларни чалғитиш ҳаромдир. Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтганларидек: «Ростгўйликни лозим тутинглар, чунки ростгўйлик яхшиликка бошлайди. Яхшилик эса жаннатга бошлайди. Киши рост гапираверса ва ростгўйликни исташда бардавом бўлаверса, Аллоҳнинг ҳузурида «сиддиқлардан» деб ёзилади. Сизлар ёлғондан ҳазир бўлинглар, чунки ёлғон фужурга бошлайди. Фужур эса дўзахга бошлайди. Киши ёлғон гапираверса ва ёлғончиликни исташда бардавом бўлаверса, Аллоҳнинг ҳузурида «каззоблардан» деб ёзилади» (Муттафақун алайҳ). Ва яна шундай деганлар: «Ким бизни алдаса, биздан эмас» (Имом Муслим ривояти). Ва яна: «Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Мусулмон киши ўз биродарига бирор айбли нарсани сотса, албатта, уни баён қилиши шартдир» (Имом Ибн Можа ривояти)”.
Савдо-сотиқда билиб-билмай ёлғон ва фирибгарликка йўл қўйган киши зудлик билан Аллоҳ таолога чин дилдан тавба қилиши вожибдир. Бунинг учун дарҳол мазкур нотўғри ишни тўхтатиб, маҳсулот қадоғидаги нотўғри маълумотларни тўғрилаш, харидорларни бу ҳолатдан хабардор қилиш, бундай ишга қайтмасликка қатъий қарор қилиш ва қилган ишига пушаймон бўлиб, Аллоҳдан кўп мағфират сўраш ҳамда яхши амалларни кўпайтириш лозим бўлади.
Шуни ҳам таъкидлаш керакки, модомики маҳсулотнинг нархи ундаги нотўғри маълумот сабабли ошмаган экан (яъни калорияси бошқача ёзилганда ҳам нарх бир хил бўлса), фойданинг қайсидир қисмини ажратиб ташлаш талаб этилмайди. Чунки ўртада қайтарилиши керак бўлган фарқ йўқ. Бироқ, топилган даромадни поклаш ва кўнгилни хотиржам қилиш мақсадида яхшилик йўлларига садақа қилиб юбориш мақсадга мувофиқдир.
Хулоса қилиб айтганда, сотилаётган маҳсулотда аслида йўқ бўлган сифатларни бор деб даъво қилиш ҳаромдир. Бу Исломда тақиқланган ёлғон ва алдов саналади. Бундай ишга қўл урган кимса дарҳол чин тавбага шошилиши лозим, даромадни поклаш учун эса садақа қилиши мақсадга мувофи бўлади. Валлоҳу аълам”.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази