"Тинчлик, миллатлар ва динлараро бағрикенглик, Ватанни ардоқлаш, оилани муқаддас санаш каби ғояларни тарғиб қилувчи динимиз номига доғ тушурган ва бутун жаҳон халқлари нигоҳида ислом динини “терроризм дини”га айлантиришга хизмат қилаётган ва мусулмонларни ислом цивилизацияси ривожига қўшган тарихий хизматини йўққа чиқараёзган сохта салафийлик XXI асрда мусулмонлар бошига келган энг катта мусибат бўлди. Бу оқим кўплаб уламоларнинг жонига қасд қилиш, худкушлик, тинч аҳолини қириб ташлаш, вояга етмаган болаларни қўлига қурол бериш, олимларни қадрсизлантириш каби мусулмончиликка умуман тўғри келмайдиган сифатларга эгалиги билан мусулмонларни жаҳон ҳамжамияти олдида қадрсизланишига хизмат қилди.
Сохта салафийлар “тасаввуф – бу куфр”, “мазҳабга эргашиш — ширк”, “васила – ширк”, “Аллоҳ таоло осмонда” каби кўплаб фитнага сабаб бўлувчи мавзулар орқали ўсиб келаётган ёш авлоднинг ақлини заҳарлашга ҳаракат қилдилар ва озми-кўпми жамиятни пароканда қилиш, олимларни қадрсизлантириш ва ёшларни ўз йўлларига оғдириш каби жирканч мақсадларга эришишга интилдилар. Салафийларнинг “Аллоҳ таоло осмонда” деган ақидавий фитнаси мусулмонлар орасида тафриқаланишни келтириб чиқаришга сабаб бўлган мавзулардан биридир.
Рисолат даврига назар солинса, Расулуллоҳ алайҳис-салом, у кишидан сўнг саҳобаи киромлар мусулмонларга: “Аллоҳ таоло юқорида” деб эътиқод қилинглар” деб буюрмаганликлари кўзга ташланади. Чунки, у пайтда мусулмонлар орасида “Аллоҳ таоло осмондами, ердами?” деган савол ёки қарашга ўрин йўқ эди. Чунки улар Аллоҳ таолони Қуръон ва ҳадис асосида содда ва асосли тарзда танир эдилар ҳамда эътиқоддан чалғитувчи ақидавий масалалардан ўзларини олиб қочар эдилар. Шунинг учун ҳам Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ тавҳид илмида илмий суҳбат қилмочи бўлсалар, салоҳиятсиз инсонларни суҳбатдан четлатар эдилар.
Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Аллоҳ таоло Ўзини ўзи ёки Расулуллоҳ васф этган нарса билан сифатланади. Бунда Қуръон ёки ҳадисга қўшимча қилмаймиз. Аллоҳ у ила васф этилган нарса шаксиз ҳақ деб биламиз. Шу билан бир қаторда ” (Унга ўхшаш бирор нарса йўқ) деб эътиқод қиламиз. Унинг сифатлари ва феълларини ўхшаши йўқ. Нуқсон ва яратилганликни англатувчи барча нарсадан Аллоҳ азза ва жалла покдир.”.
Имом Шофеъий Имом Моликдан нақл қилган ривоятда, “Расулуллоҳ умматга истинжо ўргатиб, тавҳидни таълим бермасликлари мумкин эмас. У зот ҳадисда: “Ла илаҳа иллаллоҳ” дейиш билан киши мусулмон бўлади деб айтганлар. Лекин бирор ҳадисда Аллоҳ таолога юқори томонни, яъни осмонни нисбатини бериш тавҳидга алоқадор, деб айтилмаган” дейдилар.
Имом Шофеъий: “Ақлли кишига Аллоҳ таолони бирор нарсага ўхшатиш ҳаром ва бу мавзуда чуқур кетиш ҳам” деганлар. Саҳоба ва тобеъинларнинг ҳаётига назар солинса, ақида масаласида улар жуда ҳассос бўлганликлари кўзга ташланади, яъни бу мавзуда улар ўзаро баҳс қилмаганлар. Ақида баҳсига оми халқни жалб қилмаганлар ва минбарларда нозик ақидавий масалаларни мавзу сифатида гапирмаганлар. Сохта салафийлар эса, мусулмонлар орасида мазҳабсизликни сингдириш мақсадида ўз издошларига биринчи кунданоқ “Аллоҳ таоло осмонда”, “васила ҳаром”, “Аллоҳ таолонинг қўли, юзи мавжуд” каби ақидавий масалаларни тизимли баён қилиб келадилар. Ҳолбуки, бу чин салафларнинг йўлига зиддир. Сохта салафийларнинг “Аллоҳ таоло осмонда” деган эътиқодий қарашлари ҳақида сўз юритишдан олдин, аҳли сунна вал жамоанинг эътиқодини баён қилиш ва мусулмонлар эътирофига сазовар бўлган салафи солиҳларнинг мавзу бўйича қарашларини келтириб ўтиш ўринлидир. Зеро, биринчи сингдирилган фикр, у қандай бўлишидан қатъий назар ўқувчи онгига албатта у ёки бу жиҳатдан таъсир қилади. Аллох таоло юртимизни энг кучли ва билимли булган эртамиз келажакларини узинг асрагин.
Мингбулоқ тумани “Мулла Абдурахмон” жоме
Масжиди имом хатиби: Шерзодбек Ахмедов.
Афвни (қабул қилиб) олинг
Афв этиш бирор кишининг айб, ёмон ишларини кечириш, айбдорга нисбатан жазо беришга лойиқ бўлса ҳам лутф кўрсатиб жазолашни тарк этишдир. Кечиримли ва сабр-тоқатли бўлиш динимизнинг асосий тамойилларидан биридир. Айниқса, ўч олишга қодир бўла туриб кечириб юбориш гўзал фазилат, олий хулқ намунасидир.
Оятдаги “афв” сўзининг тафсири манбаларда турлича келган. Баъзи муфассирлар у – бағрикенглик билан ўзгаларнинг узрини қабул қилиш, оғирликни ўзига олиб, бошқаларга енгиллик бахш этиш десалар, бошқалари закот вожиб қилинмасдан олдин бойлардан олинадиган садақалар деб изоҳлаганлар.
Имом Табарий раҳматуллоҳи алайҳ бундай дейди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброил алайҳиссаломдан ушбу оятни шарҳлаб беришни сўраганларида У зот: “Аллоҳ таоло Сизга буюриб айтмоқда-ки, Сизга зулм қилган кишини Сиз афв этинг, Сизга бермаган кишига Сиз беринг, Сиздан узилиб кетган кишига Сиз яқинлашинг!” деб шарҳлаганлар”.
Саҳобалар Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан: “Гўзал хулқ нима?” деб сўрадилар. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Афвни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллардан эса юз ўгиринг!” оятини тиловат қилдилар.
Афв гўзал ва мақталган ахлоқларнинг асосидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки унинг учун жаннатда бинолар қурилишини ва даражалари кўтарилишини хоҳласа, зулм қилганни авф этсин, бермаганга берсин ва орани узганга силаи раҳм қилсин”, дедилар (Имом Ҳоким ривояти).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламда бу фазилатларнинг барчаси мужассам, сўзлари ва феълларида ҳам бу хулқ ила зийнатланган эди, бошқаларни ҳам кечиримли бўлишга ундардилар.
Убода ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларга Аллоҳ бандаларининг даражасини нима туфайли баландга кўтаришини айтайми?” дедилар. Саҳобалар: “Айтинг, ё Расулуллоҳ”, дейишди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сенга жаҳл қилганга мулойим бўлсанг, зулм қилганни авф қилсанг, сени маҳрум қилганга инъом қилсанг, сендан алоқани узган билан алоқани боғласанг”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Набий алайҳиссалом кечиримли, шафқатли ва раҳмдил бўлишда пешқадам эдилар. Макка аҳли у зот алайҳиссаломнинг йўлларига тиконлар сочишар, сажда қилиб турганларида туянинг ичакларини ташлаб кетишар ва доимо мазаҳ қилишар эди. Бу ҳол бир ёки икки йил давом этгани йўқ, балки ўн уч йил муттасил давом этди. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни авф этдилар, ҳақига дуо қилдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари билан тарбияланган саҳобалар розияллоҳу анҳум ҳам ўзларига зулм қилганларни кечиришда барчага намуна бўлдилар. Бу ҳақда Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Уяйна ибн Ҳиср деган киши Ҳазрат Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ҳузурига кириб: “Эй, Хаттобнинг ўғли! Аллоҳ номи ила қасам ичиб айтаманки, сен бизнинг ўртамизда адолат билан ҳукм чиқармаяпсан”, деди. Бундан Умар розияллоҳу анҳунинг ғазаби чиқди, ҳатто энди бир кор-хол бўлади, деб атрофдагилар қайғуга тушиб қолишди. Шунда саҳобалардан бири: Эй, амирал мўминин! Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Афвни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллардан эса юз ўгиринг!” деб буюрмаганмиди, у одам жоҳиллардан”, деди.
Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу Қуръон тиловатини эшитиши биланоқ, ғазабини ютди ҳамда Аллоҳнинг хитобига мувофиқ иш тутди (Имом Бухорий ривояти).
Расулллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хатокорнинг айбини кечиб юборувчиларни Аллоҳ таоло кечириши ҳақида бундай деганлар: “Авф бандага иззатдан бошқани зиёда қилмас. Бас, афв қилинг! Аллоҳ сизни азиз қилади. Садақа молга кўпайишдан бошқани зиёда қилмас. Бас, садақа қилинг! Аллоҳ азза ва жалла сизга раҳм қилади” (Имом Ибн Абу Дунё ривояти).
Бошқа ривоятда эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўч олишга ҳақли бўлатуриб, кечириб юборган киши учун, Мен жаннатнинг ўртасидан бир қаср берилишига кафилман”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).
Яхшиликка буюр
Яхшиликка буюриш, ёмонликдан қайтариш ҳар бир мўмин-мусулмоннинг вазифасидир. Бу ҳақда Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан ким ёмон, мункар ишни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин, агар унга ҳам қодир бўлмаса, тили билан қайтарсин, тили билан ҳам монелик қила олмаса, унда қалби билан қайтарсин, ана ўша имоннинг заифлигидир”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтарувчи умматлари энг яхши уммат бўлди. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Одамларга чиқарилган (маълум бўлган) умматнинг энг яхшиси бўлдингиз, (эй, мусулмонлар!) зеро, сиз амри маъруф, наҳйи мункар қиласиз ва Аллоҳга имон келтирасиз” (Оли Имрон сураси, 110-оят).
Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий раҳимаҳуллоҳ яхшиликка чақирувчида қуйидаги хислат ва фазилатлар жам бўлиши лозим дейди:
Аллоҳ таоло яхшиликка тарғиб этувчи бандаларини мадҳ этади, уларга Ўз раҳмати ва марҳамати нозил бўлиши башоратини беради: “Мўминлар ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар: (одамларни) яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан қайтарадилар, намоз(лар)ни баркамол адо этадилар, закотни берадилар ҳамда Аллоҳ ва (Унинг) Расулига итоат этадилар. Айнан ўшаларга Аллоҳ марҳамат кўрсатур. Албатта, Аллоҳ қудратли ва ҳикматлидир” (Тавба сураси, 71-оят).
Жоҳиллардан юз ўгир
Жоҳиллик нодонлик, илмсизликдир. Динимиз илмсизликдан юз ўгиришга, илм, уламоларга эргашишга даъват этади. Қолаверса, жоҳиллардан узоқ бўлиш кишини ёмонликлардан сақлайди, унинг ахлоқини гўзал қилади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўзи учун беҳуда нарсаларни тарк қилиши киши Исломининг ҳуснидандир”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Мусулмон киши жоҳилларга эътибор бермайди, уларнинг гап-сўзларидан таъсирланмайди, балки ёмонликка қарши яхшилик билан жавоб қайтаради. Албатта, бундай фазилатга фақатгина сабр-тоқатли, икки дунёда ҳам улуғ насибага эга бўладиган Аллоҳ таолонинг энг сюкли бандалари мушарраф бўлади: «Раҳмоннинг (суюкли) бандалари ерда камтарона юрадиган, жоҳил кимсалар (бемаъни) сўз қотганда “Саломатлик бўлсин!” деб жавоб қиладиган кишилардир» (Фурқон сураси, 64-оят).
Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ ушбу оят ҳақида: “Бундай зотлар ҳалим, беозор бўлиб, агар уларга жаҳл билан ғазаб қилинса, улар асло жоҳиллик қилмайдилар, ҳалимлик билан жавоб қайтарадилар”, деган.
Аллоҳ таоло барчамизни ушбу гўзал хулқлар билан хулқланиб, Ўзининг розилигини топишимизга тавфиқ ато этсин.
Даврон НУРМУҲАММАД