Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
09 Ноябр, 2026   |   29 Жумадул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:43
Қуёш
07:04
Пешин
12:12
Аср
15:28
Шом
17:12
Хуфтон
18:28
Bismillah
09 Ноябр, 2026, 29 Жумадул аввал, 1448

Соф эътиқод душманлари

03.12.2022   6362   4 min.
Соф эътиқод душманлари

"Тинчлик, миллатлар ва динлараро бағрикенглик, Ватанни ардоқлаш, оилани муқаддас санаш каби ғояларни тарғиб қилувчи динимиз номига доғ тушурган ва бутун жаҳон халқлари нигоҳида ислом динини “терроризм дини”га айлантиришга хизмат қилаётган ва мусулмонларни ислом цивилизацияси ривожига қўшган тарихий хизматини йўққа чиқараёзган сохта салафийлик XXI асрда мусулмонлар бошига келган энг катта мусибат бўлди. Бу оқим кўплаб уламоларнинг жонига қасд қилиш, худкушлик, тинч аҳолини қириб ташлаш, вояга етмаган болаларни қўлига қурол бериш, олимларни қадрсизлантириш каби мусулмончиликка умуман тўғри келмайдиган сифатларга эгалиги билан мусулмонларни жаҳон ҳамжамияти олдида қадрсизланишига хизмат қилди.


Сохта салафийлар “тасаввуф – бу куфр”, “мазҳабга эргашиш — ширк”, “васила – ширк”, “Аллоҳ таоло осмонда” каби кўплаб фитнага сабаб бўлувчи мавзулар орқали ўсиб келаётган ёш авлоднинг ақлини заҳарлашга ҳаракат қилдилар ва озми-кўпми жамиятни пароканда қилиш, олимларни қадрсизлантириш ва ёшларни ўз йўлларига оғдириш каби жирканч мақсадларга эришишга интилдилар. Салафийларнинг “Аллоҳ таоло осмонда” деган ақидавий фитнаси мусулмонлар орасида тафриқаланишни келтириб чиқаришга сабаб бўлган мавзулардан биридир.


Рисолат даврига назар солинса, Расулуллоҳ алайҳис-салом, у кишидан сўнг саҳобаи киромлар мусулмонларга: “Аллоҳ таоло юқорида” деб эътиқод қилинглар” деб буюрмаганликлари кўзга ташланади. Чунки, у пайтда мусулмонлар орасида “Аллоҳ таоло осмондами, ердами?” деган савол ёки қарашга ўрин йўқ эди. Чунки улар Аллоҳ таолони Қуръон ва ҳадис асосида содда ва асосли тарзда танир эдилар ҳамда эътиқоддан чалғитувчи ақидавий масалалардан ўзларини олиб қочар эдилар. Шунинг учун ҳам Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ тавҳид илмида илмий суҳбат қилмочи бўлсалар, салоҳиятсиз инсонларни суҳбатдан четлатар эдилар.


Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Аллоҳ таоло Ўзини ўзи ёки Расулуллоҳ васф этган нарса билан сифатланади. Бунда Қуръон ёки ҳадисга қўшимча қилмаймиз. Аллоҳ у ила васф этилган нарса шаксиз ҳақ деб биламиз. Шу билан бир қаторда ” (Унга ўхшаш бирор нарса йўқ) деб эътиқод қиламиз. Унинг сифатлари ва феълларини ўхшаши йўқ. Нуқсон ва яратилганликни англатувчи барча нарсадан Аллоҳ азза ва жалла покдир.”.
Имом Шофеъий Имом Моликдан нақл қилган ривоятда, “Расулуллоҳ умматга истинжо ўргатиб, тавҳидни таълим бермасликлари мумкин эмас. У зот ҳадисда: “Ла илаҳа иллаллоҳ” дейиш билан киши мусулмон бўлади деб айтганлар. Лекин бирор ҳадисда Аллоҳ таолога юқори томонни, яъни осмонни нисбатини бериш тавҳидга алоқадор, деб айтилмаган” дейдилар.


Имом Шофеъий: “Ақлли кишига Аллоҳ таолони бирор нарсага ўхшатиш ҳаром ва бу мавзуда чуқур кетиш ҳам” деганлар. Саҳоба ва тобеъинларнинг ҳаётига назар солинса, ақида масаласида улар жуда ҳассос бўлганликлари кўзга ташланади, яъни бу мавзуда улар ўзаро баҳс қилмаганлар. Ақида баҳсига оми халқни жалб қилмаганлар ва минбарларда нозик ақидавий масалаларни мавзу сифатида гапирмаганлар. Сохта салафийлар эса, мусулмонлар орасида мазҳабсизликни сингдириш мақсадида ўз издошларига биринчи кунданоқ “Аллоҳ таоло осмонда”, “васила ҳаром”, “Аллоҳ таолонинг қўли, юзи мавжуд” каби ақидавий масалаларни тизимли баён қилиб келадилар. Ҳолбуки, бу чин салафларнинг йўлига зиддир. Сохта салафийларнинг “Аллоҳ таоло осмонда” деган эътиқодий қарашлари ҳақида сўз юритишдан олдин, аҳли сунна вал жамоанинг эътиқодини баён қилиш ва мусулмонлар эътирофига сазовар бўлган салафи солиҳларнинг мавзу бўйича қарашларини келтириб ўтиш ўринлидир. Зеро, биринчи сингдирилган фикр, у қандай бўлишидан қатъий назар ўқувчи онгига албатта у ёки бу жиҳатдан таъсир қилади. Аллох таоло юртимизни энг кучли ва билимли булган эртамиз келажакларини узинг асрагин.

Мингбулоқ тумани “Мулла Абдурахмон” жоме
Масжиди имом хатиби: Шерзодбек Ахмедов.

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ҳомиджон домла Ишматбеков: муштарак маънавий қадриятлар Ўзбекистон ва Озарбайжон халқларини яқинлаштиради

27.10.2026   43695   3 min.
Ҳомиджон домла Ишматбеков: муштарак маънавий қадриятлар Ўзбекистон ва Озарбайжон халқларини яқинлаштиради

Куни кеча Озарбайжон пойтахти Боку шаҳридаги Халқаро Муғом марказида “Ўзбекистон ва Озарбайжон: муштарак тарихий мерос, ислом цивилизацияси ва замонавий илмий ҳамкорлик” мавзусида халқаро анжуман бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков икки мамлакат ўртасидаги диний-маърифий алоқалар, муштарак маънавий қадриятлар ва буюк алломалар меросининг бугунги аҳамияти ҳақида сўз юритди.

Ҳомиджон Ишматбеков ўз нутқида Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатларнинг тарихий асослари, халқларни бирлаштириб турувчи маданий ва маънавий омиллар, шунингдек, Марказий Осиё ва Кавказ минтақаларида ҳамкорликни ривожлантириш имкониятларига эътибор қаратди.

Бугун Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатлар Марказий Осиё ва Кавказ минтақаларида ҳамкорлик учун янги имкониятларни яратмоқда. Тарихий яқинлик, муштарак маданият, маънавий қадриятлар ва ягона маданий маконга мансублик давлатларимиз ва халқларимизни янада яқинлаштирмоқда. Айнан мана шу жиҳатларда Ўзбекистон ва Озарбайжон қардош халқларини бирлаштириб турувчи мустаҳкам маънавий алоқаларни кўрамиз, — деди у.

Нутқда туркий халқлар ўртасидаги диний ва маънавий алоқалар тарихини ўрганишда буюк мутафаккирлар меросининг ўрнига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбанд ва Саййид Яҳё Бокувий каби алломаларнинг илмий-маънавий мероси халқлар ўртасидаги тарихий боғлиқликни англашда муҳим манба сифатида қайд этилди.

Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбанд ва Саййид Яҳё Бокувий каби алломалар мероси туркий халқлар ўртасидаги диний ва маънавий муносабатлар асрлар давомида нақадар мустаҳкам бўлганини яққол намоён этади. Буюк мутафаккирларнинг маънавий камолот, инсонпарварлик ва ахлоқий тамойиллар ҳақидаги ғоялари бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини сақлаб қолмоқда, — деди Ҳомиджон домла Ишматбеков.

Дарҳақиқат, ушбу мутафаккирлар меросини ўрганиш нафақат диний тафаккур тарихини, балки минтақада шаклланган маърифий анъаналар ва халқлар ўртасидаги маданий алоқаларни ҳам чуқурроқ англаш имконини беради. Уларнинг асарлари ва илмий қарашларида акс этган маънавий камолот, ахлоқ ва инсонпарварлик масалалари бугунги тадқиқотлар учун ҳам муҳим йўналишлардан ҳисобланади.

Ҳомиджон домла Ишматбеков, шунингдек, диний муассасалар ва уламолар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масаласига тўхталди. Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Озарбайжоннинг диний муассасалари ва уламолари билан алоқаларни янада мустаҳкамлашга тайёр. Бундай ҳамкорлик муштарак маънавий меросни ўрганиш, ўзаро тажриба алмашиш ва диний-маърифий мулоқотни кенгайтиришга хизмат қилиши мумкин.

Бокудаги халқаро анжуман доирасида тарихий меросни ўрганиш, ислом цивилизациясининг илмий ва маънавий ютуқларини тарғиб қилиш ҳамда Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Ҳомиджон домла Ишматбековнинг нутқи эса ушбу мулоқотда икки халқни бирлаштирувчи диний-маърифий қадриятлар ва уларни ўрганишнинг бугунги аҳамиятини ёритиб берди.

Ўзбекистон янгиликлари