Бугунги ахборот техноогиялари асрида турмушимиз қанча фаровонлашган бўлса, шунча хавф-хатар ҳам кўпайиб боряпти. Олдингидай душманни четдан ахтаришга ҳожат қолмади. Ғанимлар ёнимизда, ҳатто карманларимизда изғиб юрибди. Баъзан кафтдеккина мобил қурилма бизнинг ағёримизга айланиб қолиши ҳеч гап эмас. Бу матоҳ фарзандларимизни ҳам чалғитиб, уларни турли бузуқ ақидаларга бошламоқда.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ота-она ўз боласига гўзал одобдан афзал нарса бера олмайди», деганлар (Имом Термизий ривояти).
Бошқа бир ҳадисда: «Ҳеч бир ота ўз фарзандига яхши тарбия бериш ва одоб ўргатишдан ортиқ ҳадя қилолмайди», деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Набий алайҳиссалом фарзандларига, набираларига, умуман, ёш болаларга жуда эътиборли бўлганлар. У зотнинг тарбияларини олган издошлари, саҳобалар ҳам фарзанд тарбиясида ўша услубни қўллашган.
Биз – болажон миллатмиз. Фарзандларимиз учун ўзимизни ўтга-чўққа урамиз. Тиним билмаймиз. Ўзимиз емасак ҳам уларнинг оғзига тутамиз. Лекин тарбиядаги жуда нозик жиҳатларга боламизнинг қалбига киришга, у билан чинакам дўстлашишга, тиллашишга, диллашишга ҳар доим ҳам интилмаймиз.
Ота фарзанди учун ҳамма нарсани муҳайё қилиб қўяди. Бироқ энг муҳим нарсани унутади. Ҳа, одам боласи учун қорин тўқлигию устбутликнинг ўзи кифоя қилмайди. Унда кўнгил бор. Кўнгил эса доимий эътиборни, меҳрни тусайди. Ҳар бир фарзанд отадан меҳр кўришни хоҳлайди, эътибор хоҳлайди.
Агар биз ўша меҳри бера олмасак, бошқалардан олса, тўғри бўладими? Эртага ўзларини ғаразли мақсадларига йўғрилган, Ватанига, динига ва ота-онасига қарши борадиган миссионер ва турли оқимлардан ота-онасидан ололмаган меҳр-тарбияни олса, бу ҳаммамиз учун фожиа бўлади.
Имом Ғаззолий бундай дейди: “Болалар ота-оналарига берилган бир омонатдир. Боланинг қалби ҳар қандай нақшу тасвирдан холи бир қимматбаҳо гавҳардир. У қандай нақш солинса, қабул қилади, қаёққа букилса, эгилади. Агар яхшиликка ўргатилса, шу билан ўсади ва дунёю охиратда саодатга эришади. Унинг савобига ота-онаси ҳам, ҳар бир муаллиму устозлари ҳам шерик бўладилар. Агар ёмонликка одатлантирилса, ҳайвонлардек ўз ҳолига ташлаб қўйилса, охир-оқибат ҳалок бўлади. Гуноҳи эса унинг тарбияси учун жавобгар бўлганларнинг гарданига тушади”.
Ҳозирги кунда баъзи тоифа ва гуруҳлар манфур мақсадлари йўлида Қуръони карим оятлари, ҳадиси шарифларнинг маъноларини бузиб, ўз ғояларига мослаштиришмоқда. Шунингдек, улар солиҳ аждодларимиз ва ўтган азиз уламоларимиз айтган сўзларни ҳам бутунлай нотўғри талқин қилиб, ўз манфаатлари йўлида фойдаланишмоқда. Масалан, “ҳижрат”, “жиҳод” ва “шаҳид” сўзларини нотўғри талқин қилиб, ёшларимизни чалғитмоқдалар.
Биз ёшларимизга, мўмин-мусулмонларга, Ислом динимиз борасида оз билимга эга бўлган кишиларга юқоридаги сўзларнинг асл маъносини тушунтириб беришимиз лозим. Шунда ёшлар xавф-хатар юқоридаги сўзларда эмас, балки бу сўзларни ниқоб, қурол қилиб олган тоифа, гуруҳ ва адашган жамоаларда эканини англаб олади.
Ўша тоифалар ҳақида Аллоҳ таоло Аъроф сурасининг 179-оятида бундай марҳамат қилади: «…Уларда қалблар бор, (лекин) улар билан англамайдилар. Уларда кўзлар бор, (лекин) улар билан кўрмайдилар. Уларда қулоқлар бор, (лекин) улар билан эшитмайдилар. Ана ўшалар ҳайвонлар кабидирлар. Балки улар (янада) адашганроқдирлар. Айнан ўшалар ғофиллардир».
Биз фазандларимизни баъзи тоифа ва гуруҳларнинг манфур ғояларига учиб, юртини ташлаб ватангадо бўлиб, юртдошларига қарши бориб, ватан хоини бўлишининг олдини олишимиз шарт.
Хуллас, барча мусулмонлар учун муқаддас тушунчалар ва атамаларни ғаразли мақсад йўлида суиистеъмол қилаётган бузғунчи тоифаларга қарши курашиш, уларнинг сохта даъволарига ўз вақтида асосли раддиялар бериш ҳар биримизнинг энг муҳим вазифамиздир. Агар биз ҳушёрликни бир дам йўқотсак, пайт пойлаб юрган бузғунчилар кирдикорларини бошлашади. Шу боис огоҳ бўлишимиз шарт.
Мансур ЎРОЛОВ
Тошкент шаҳри “Нўғайқўрғон” жоме масжиди имом-хатиби
Инсонга меҳр кўрсатиш, муҳтожнинг ҳолидан хабар олиш, беморга тасалли бериш ва эҳтиёжмандларга кўмак қўлини чўзиш халқимиз маънавиятининг азалий фазилатларидандир. Ислом таълимотида ҳам саховат, меҳр-оқибат ва инсон қадрини улуғлаш энг улуғ амаллардан бири сифатида эътироф этилган. Чунки бир инсоннинг кўнглини кўтариш, унинг қалбига умид ва ишонч бағишлаш жамиятда меҳр-муҳаббат, ҳамжиҳатлик ва тотувликни мустаҳкамлайди.
Шу эзгу қадриятларни ҳаётга татбиқ этиш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш ва юртдошларимиз қалбида меҳр-шафқат туйғуларини янада кучайтириш мақсадида 2026 йил 13 август куни Самарқанд вилояти Ургут туманида кенг кўламли маънавий-маърифий ҳамда хайр-саховат тадбирлари ўтказилди.
Мазкур хайрли тадбирларда Самарқанд вилояти бош имом-хатиби вазифасини вақтинча бажарувчи Нурсултонхон домла Абдуманнонов, вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Хайрулло домла Саттаров, ВАҚФ хайрия жамоат фонди Самарқанд вилояти филиали раҳбари Ёқубжон домла Мансуров, унинг ўринбосари А.Султонов, шаҳар ва туман бош имом-хатиблари, «Ҳаж–2026» зиёратчилари, маҳалла фаоллари ва нуронийлар иштирок этдилар.
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ўтказилган ушбу хайрли акция доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган ва боқувчисидан айрилган 300 та оила ҳолидан хабар олинди. Уларнинг хонадонларига ташриф буюрилиб, турмуш шароитлари ўрганилди, оилаларга зарур озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.
Ташрифлар давомида бемор ва кексаларнинг ҳолидан хабар олиниб, улар билан самимий суҳбатлар ўтказилди. Уларнинг ҳаққига шифо, хонадонларига файзу барака, юртимизга тинчлик-хотиржамлик тилаб дуолар қилинди. Зеро, муҳтожнинг кўнглини кўтариш ва уни ёлғиз эмаслигини ҳис эттириш ҳам инсонпарварликнинг юксак кўринишидир.
Шу билан бирга, ҳаётида турли ижтимоий қийинчиликларга дуч келган ҳамда ёт ғоялар таъсирига тушиб қолиш хавфи мавжуд бўлган айрим фуқаролар билан якка тартибда мулоқотлар ташкил этилди. Суҳбатларда соф эътиқод, оила муқаддаслиги, фарзанд тарбияси, ҳалол меҳнат, Ватанга садоқат, миллий ва диний қадриятларга ҳурмат, шунингдек, турли бузғунчи ғояларга нисбатан маънавий иммунитетни мустаҳкамлаш масалалари ҳаётий мисоллар асосида тушунтирилди.
Тадбирлар доирасида Ургут туманидаги жоме масжидларда пешин намозидан сўнг маънавий-маърифий учрашувлар ҳам ўтказилди. Уларда меҳр-оқибат, қўни-қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, ёшларни миллий ва диний қадриятларга содиқлик руҳида тарбиялаш, оила тинчлигини асраш, жамиятда ўзаро ҳурмат ва аҳиллик муҳитини қарор топтириш каби долзарб мавзулар атрофлича ёритилди.
Учрашувлар якунида мамлакатимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, Ватанимиз равнақи ва ёш авлоднинг илмли, одобли ҳамда ватанпарвар инсонлар бўлиб вояга етиши ҳақида хайрли дуолар қилинди.
Бугун юртимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жамиятда меҳр-саховат ва ўзаро ғамхўрлик муҳитини қарор топтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ургут туманида ўтказилган мазкур хайрли тадбирлар ҳам ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилиб, аҳоли ўртасида ҳамжиҳатлик, бағрикенглик ва инсонпарварлик туйғуларини янада мустаҳкамлади.
Меҳр бор жойда ишонч, саховат бор жойда барака, инсон қадри улуғланган жамиятда эса тинчлик ва фаровонлик қарор топади. Ана шундай эзгу амаллар халқимиз ўртасидаги бирдамлик ришталарини мустаҳкамлаб, юртимизнинг янада обод ва файзли бўлишига хизмат қилади.
Самарқанд вилояти вакиллиги матбуот хизмати