Глобаллашиб бораётган бугунги кунда ахборот техналогиялари ,айниқса интернет ёшлар ҳаётининг ажралмас қисмига айланди. Жаҳон ахборот тармоғи шиддат билан ривожланиб,имкониятлари кун сайин кенгайиб бормоқда.
Кўпчилик ёшлар интернетни маълумот олишнинг асосий манбаи деб қарайди. Интернетга янгиликлардан хабардор бўлиш, дўстлар билан мулоқот қилиш, мусиқа ва кино ёзиб олиш учун кираётган ёшлар, манашу ахборот алмашинуви орқали кўринмас тахдидлар хужуми остида қолаётганларини сезмаяпдилар. Натижада эса базилари бундай хатарларнинг қурбонига айланмоқдалар.
Инсон онгига зимдан хавф солувчи тахдид бу ғаразли ниятда ёлғон хабарлар ёки бузғунчи ғояларни тарғиб этиш орқали ёшлар онгини захарлашга қаратилган харакатлардир. Бу тахдидлар домига тушган кишида келажакка ишонч сусаяди ёки буткул йўқолади.
Глобал тармоқ орқали келаётган ахборот ёки маълумотларнинг кўпчилиги инсониятни тахликали йўлларга бошлашини, бу маълумотлар ҳаммаси ҳам тўғри маълумотлар эмаслигини, ҳали онги шуури ва эътиқоди тўлиқ шаклланиб улгурмаган ёшлар тушуниб етмаяптилар. Шунинг учун ёшларда хабар ва маълумотларни таҳлил эта олиш малакасини хосил қилиш зарур. Зеро, ҳар қандай хабар хам тўғри ва холис бўлавермайди. Ҳар бир маълумотни текшириш ҳақида Аллоҳ таоло шундай дейди: “Эй мўминлар! Агар сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса,сизлар (ҳақийқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қовмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун (у хабарни) аниқлаб (текшириб) кўрингиз” (Ҳужурот,6).
Интернет тармоғида ақидапарастлик, беҳаёлик ва масъулятсизликка тарғиб этувчи сайтлар сони кўпайиб бормоқда. Тўғри ва соф эканлиги текширилган маълумотлар олиш учун ёшлар фақат “UZ” доменидаги сайтлардан фойдаланишса айни муддао бўлар эди. Эхтиётсизлик ва бепарволик кишини маънавий бузулиш ва ўзи билмаган ҳолда эътиқодий қулликка олиб боради.
Донолар айтадиларки: Фазилатлилик шундаки, ярамас нопок ниятлардан воз кечиш эмас, балки улардан мутлақо холи бўлиш керак.
Шундай экан жамиятнинг барқарорлигига тахдид соладиган, хунрезлик, беҳаёлик, қаллоблик, бузғунчилик кайфиятидаги глобал тармоқдаги сайт ва гуруҳлардан холи бўлиш даркор.
Наманган вилояти
“Мулла Тожи Ахмад” масжиди
имом ноиби С Камолов.
Инсонга меҳр кўрсатиш, муҳтожнинг ҳолидан хабар олиш, беморга тасалли бериш ва эҳтиёжмандларга кўмак қўлини чўзиш халқимиз маънавиятининг азалий фазилатларидандир. Ислом таълимотида ҳам саховат, меҳр-оқибат ва инсон қадрини улуғлаш энг улуғ амаллардан бири сифатида эътироф этилган. Чунки бир инсоннинг кўнглини кўтариш, унинг қалбига умид ва ишонч бағишлаш жамиятда меҳр-муҳаббат, ҳамжиҳатлик ва тотувликни мустаҳкамлайди.
Шу эзгу қадриятларни ҳаётга татбиқ этиш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш ва юртдошларимиз қалбида меҳр-шафқат туйғуларини янада кучайтириш мақсадида 2026 йил 13 август куни Самарқанд вилояти Ургут туманида кенг кўламли маънавий-маърифий ҳамда хайр-саховат тадбирлари ўтказилди.
Мазкур хайрли тадбирларда Самарқанд вилояти бош имом-хатиби вазифасини вақтинча бажарувчи Нурсултонхон домла Абдуманнонов, вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Хайрулло домла Саттаров, ВАҚФ хайрия жамоат фонди Самарқанд вилояти филиали раҳбари Ёқубжон домла Мансуров, унинг ўринбосари А.Султонов, шаҳар ва туман бош имом-хатиблари, «Ҳаж–2026» зиёратчилари, маҳалла фаоллари ва нуронийлар иштирок этдилар.
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ўтказилган ушбу хайрли акция доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган ва боқувчисидан айрилган 300 та оила ҳолидан хабар олинди. Уларнинг хонадонларига ташриф буюрилиб, турмуш шароитлари ўрганилди, оилаларга зарур озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.
Ташрифлар давомида бемор ва кексаларнинг ҳолидан хабар олиниб, улар билан самимий суҳбатлар ўтказилди. Уларнинг ҳаққига шифо, хонадонларига файзу барака, юртимизга тинчлик-хотиржамлик тилаб дуолар қилинди. Зеро, муҳтожнинг кўнглини кўтариш ва уни ёлғиз эмаслигини ҳис эттириш ҳам инсонпарварликнинг юксак кўринишидир.
Шу билан бирга, ҳаётида турли ижтимоий қийинчиликларга дуч келган ҳамда ёт ғоялар таъсирига тушиб қолиш хавфи мавжуд бўлган айрим фуқаролар билан якка тартибда мулоқотлар ташкил этилди. Суҳбатларда соф эътиқод, оила муқаддаслиги, фарзанд тарбияси, ҳалол меҳнат, Ватанга садоқат, миллий ва диний қадриятларга ҳурмат, шунингдек, турли бузғунчи ғояларга нисбатан маънавий иммунитетни мустаҳкамлаш масалалари ҳаётий мисоллар асосида тушунтирилди.
Тадбирлар доирасида Ургут туманидаги жоме масжидларда пешин намозидан сўнг маънавий-маърифий учрашувлар ҳам ўтказилди. Уларда меҳр-оқибат, қўни-қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, ёшларни миллий ва диний қадриятларга содиқлик руҳида тарбиялаш, оила тинчлигини асраш, жамиятда ўзаро ҳурмат ва аҳиллик муҳитини қарор топтириш каби долзарб мавзулар атрофлича ёритилди.
Учрашувлар якунида мамлакатимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, Ватанимиз равнақи ва ёш авлоднинг илмли, одобли ҳамда ватанпарвар инсонлар бўлиб вояга етиши ҳақида хайрли дуолар қилинди.
Бугун юртимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жамиятда меҳр-саховат ва ўзаро ғамхўрлик муҳитини қарор топтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ургут туманида ўтказилган мазкур хайрли тадбирлар ҳам ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилиб, аҳоли ўртасида ҳамжиҳатлик, бағрикенглик ва инсонпарварлик туйғуларини янада мустаҳкамлади.
Меҳр бор жойда ишонч, саховат бор жойда барака, инсон қадри улуғланган жамиятда эса тинчлик ва фаровонлик қарор топади. Ана шундай эзгу амаллар халқимиз ўртасидаги бирдамлик ришталарини мустаҳкамлаб, юртимизнинг янада обод ва файзли бўлишига хизмат қилади.
Самарқанд вилояти вакиллиги матбуот хизмати