Инсон зотида чегараланмаган имконият, катта иқтидор мавжуд. Агар кучли иродага ва олдинга қўйилган аниқ мақсадларга эга бўлсак, ҳаммамиз ҳам бу иқтидордан фойдаланишга қодирмиз!
Ҳақиқий, тўлалигича муваффақиятга эришиш калити – сайъ-ҳаракатни икки карра кўпайтиришингиз, мутахассислигингиз ва ишингизни аниқлаштириб олишингиз ҳамда замон билан ҳамнафас бўлишингиздадир.
Саҳобий Рабийъа ибн Каъб Асламийнинг Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бўлган қиссасида ҳимматни олий қилиш ва шунга яраша ҳаракатни кўпайтириш кераклигига далил бор. У киши айтади:
“Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга тунаб қолдим, уйғонгач у зотга таҳорат суви ва бошқа эҳтиёжларини олиб келдим. Шунда у зот: “Сўра”, дедилар. Мен: “Жаннатда сиз билан бирга бўлишни сўрайман”, дедим. У зот: “Бошқа ҳеч нарсами?” дедилар. Мен “Фақат шу”, дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Унда бу борада кўп сажда қилиш билан менга ёрдамлаш”, дедилар”.
Мулоҳаза қилайлик, у фақат жаннатни хоҳлайман, демади, балки Ҳабибуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қўшни бўлишни сўради. Олий ҳиммат мана шундай бўлади. Кейин Пайғамбаримиз алайҳиссалом қисқа жавоб қайтардилар: “Унда бу борада кўп сажда қилиш билан менга ёрдамлаш”.
Бунда “Ҳаракатингни кўпайтир” деган зўр стратегияни асослаш бор.
Ҳаётда муваффақиятга эришишни истасангиз, ҳаракатингизни икки ҳисса оширинг, ниятингизни холис Аллоҳ учун қилинг, шунда Аллоҳ сизга барака беради.
Жаннатни исстасангиз, суннатларга амал қилишда, истиғфор айтишда, рўза тутиш, тоат-ибодатларда, яхши амалларда ва садақотлар беришда фаоллигингизни оширинг!
Одамларнинг муҳаббатини қозонишни хоҳласангиз, уларга имкон қадар кўпроқ эътибор беринг, уларни ҳурмат қилинг, ишини яхши бажарганларга мақтов сўзларни айтинг!
Ҳаётдаги ҳамроҳингиз, яъни аёлингиз қалбини маҳв этмоқчи бўлсангиз, эътиборингизни доимгидан кўпайтиринг, уни меҳр-муҳаббат булоқларидан оқиб чиққан сувлар билан меҳмон қилинг, камчиликларидан кўз юмиб, меҳрингизни, олийжаноблигингизни намоён этинг!
Агар солиҳ фарзандларингиз бўлишини истасангиз, улар билан тез-тез суҳбат қуриб туринг, уларнинг гапини тингланг. Тарбиянинг энг яхши услубларини уларда қўлланг ва ҳар намоз сўнггида уларнинг ҳаққига дуо қилинг. Нафақат ҳар намоз охирида, ҳар доим дуода бўлинг!
Мен бир ёши катта аёлни танир эдим, унинг олтита ўғли, тўртта қизи бор эди. Ҳамма фарзандлари ота-онасига итоатли солиҳ фарзандлар эди. Бир куни ўша аёлдан сўрадим: “Фарзандларингизни қандай қилиб бундай чиройли тарбиялашга эришдингиз?” Шунда у айтдики: “Вой болажоним, мен оддий иш қилдим холос: ҳаётим давомида битта ҳам намозни қўймай Аллоҳдан уларга ҳидоят ва бахт-саодат сўраб дуо қилдим”.
Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобиданҒиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.
24–29 август кунлари Ўзбекистон пойтахтида “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ, янги кашфиётлар” мавзусида халқаро медиафорум ўтказилади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Тадбирнинг асосий қисми Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ўтказилади. Унда хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари, халқаро экспертлар ва медиа соҳаси мутахассислари жам бўлади.
Форум дастуридан тантанали очилиш маросими, ялпи мажлислар, мавзуга оид медиа-кўргазмалар, матбуот анжуманлари ва икки томонлама учрашувлар ўрин олган. Шўба йиғилишлари доирасида ҳужжатли кино ва тарихий хотира, нашриёт лойиҳалари, замонавий технологиялар, шунингдек, медиа соҳасидаги халқаро лойиҳаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон талабалари учун жаҳон медиа саноатининг етакчи мутахассислари иштирокида маҳорат дарслари ташкил этилади. Иштирокчилар замонавий журналистика, медиа маҳсулотлар яратиш ва халқаро ахборот маконида самарали фаолият юритиш борасида тажриба алмашади.
27 август куни форум қатнашчилари учун Самарқанд шаҳрига саёҳат уюштирилади. Дастур доирасида меҳмонлар Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилади ва шаҳарнинг тарихий-маданий мероси билан танишади. Шунингдек, Тошкент шаҳрида хорижий ОАВ вакиллари учун махсус медиа-тур ўтказилиши режалаштирилган.
Форум 28 август куни якуний ялпи мажлис ва тантанали ёпилиш маросими билан ўз ишини якунлайди. Хорижлик меҳмонлар, Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тадбирларда ҳам иштирок этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати