Ҳар бир даврида адашган, бузғунчи тоифалар чиқиб туриши тарихдан маълум. Уларнинг умумий белгилари, ўзаро ўхшашликлари мавжуд. Келинг, улар билан бирма-бир танишиб чиқсак:
1. Ўз замонасининг олим ва етакчи кишларини тан олмайди, ўзларинг хато фикрларига ёпишиб олади, хоҳишларига қарши фикр билдирган ҳар бир одамни ҳақорат қилади, туҳмат уюштиради, илимсизликда айблайди.
2. Кўринишда адолат ҳақида куюнчаклик қилади, Ислом ҳимоясига, мусулмонларга меҳрибон бўлишга, жаннат боғларига киришга чақиради, аммо ўзлари зулм ва фасод ишларни қилишда ҳаддан ошади.
3. Мавжуд мусулмон бошлиқларга итоат этмайди, сулҳ аҳдларга риоя қилмайди.
4. Улар Аллоҳ таолонинг: "Ҳукм фақат Аллоҳдандир", оятини, гўёки шахсан ўзлари учун ваҳий бўлиб тушгандек, суиистеъмол қилади, Хоҳлаган кишини "кофир" деб эълон қилишдан қўрқмайди.
5. Ўзлари ўзбошимчалик билан "халифа" сайлаб олишади, аммо ҳақиқий "ҳалифа" лари кибр ва қайсарлик тимсоли бўлган, қалбларига ўрнашиб олган, васваса қилвчи шайтон эканлигини идрок эта олмайди.
6. Мусулмонларнинг қонини тўкиш ва мол-мулкига тажовуз қилишни ўзига халол санайди.
7. Шаръий ҳукумларни адо этишда ўз ҳавойи нафсларига эргашиб иш юритади. Гўёки раҳбарлик ва қозилик уларга юклангандек чегарадан чиқади. Жиҳод маъносини скистемол қилади.
8. Қайсарликлари ва илмсизликлари сабаб дўстни душмандан ажрата олмайди, шунинг учун шайтон ва уларнинг малайлари қўлларида қўғирчоққа айланди.
Тарихий манбалардан бу каби адашган тоифалар кўп учрагани, уларнинг касофатидан Ислом оламида зиддиятлар пайдо бўлгани, ҳозирда ҳам "ИШИД" каби адашган тоифаларнинг ёвуликларини кўрган жаҳон афкор оммасида Ислом дини ҳақида нотўғри тасаввурлар ҳосил бўлиши мумкинлиги ачинарли ҳолдир. Албатта, Аллоҳ таоло, Пайғамбарлари ва Ислом дини улар қилаётган тажовуз ва зулмлардан покдир.
Аллоҳ таоло юртимизни бундай бузғунчи оқимлардан омонда қилсин!
Наманган тумани Умарбой хожи масжид имом хатиби Қўчқаров Назиржон
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
#Мустақилликнинг 35 йиллиги
Мустақиллигимизнинг 35 йиллик тўйи яқинлашиб, жойларда байрам шукуҳи кеза бошлади. Бундан дилда шукроналик ҳисси ортмоқда.
Тарихга назар ташланса, ҳамма даврда ҳам давлатнинг ривожланиши, тараққий топиши жамиятнинг фаровон ва осойишта ҳаёт кечиришига боғлиқлиги аён бўлади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам тинчлик-хотиржамлик энг катта неъмат эканлигини таъкидлаб, бундай деганлар: “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайди. Улар хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик” (Имом Бухорий ривояти).
Демак, тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таъолонинг беҳисоб бўлган буюк илоҳий неъматларидан. Шундай экан, тинчликнинг қадрига етиб, унинг шукрини адо этиш инсоннинг бурчларидандир. Зеро, ҳаётнинг бир маромда давом этиши, Ҳақ таоло буюрган ишлар хотиржам адо этилиши учун ҳам осойишталик лозим бўлади. Аллоҳ таоло ҳам: “Эй, имон келтирганлар! Ёппасига тинчлик ишига киришингиз!” дея буюради (Бақара сураси, 208-оят). Тинчлик, салимлик мавзуси ўта муҳим бўлгани боис Қуръони карим оятларидан ўрин олган. Зотан, араб тилидаги “салм”, “силм”, “салом”, ва “ислом” сўзлари бир ўзакдан чиққан, турли маънодаги сўзлар бўлсада, айнан бир мақсадга йўналтирилгандир.
Бандага берилган неъматларнинг қадрига етишда ва уни асрашда, бизга пайғамларларнинг отаси бўлган, Иброҳим алайҳиссалом ўрнак бўлиб келган. У зот ўз даврида Маккага тинчлик, унинг аҳлига ризқ сўрагани сўзимизнинг ёрқин мисолидир: “Ибрoҳим: “Эй, Рaббим, бу (Мaккa)ни тинчлик шaҳри қилгин вa унинг aҳoлисидaн Aллoҳгa вa oxирaт кунигa ишoнувчилaргa (турли) мeвaлaрдaн ризқ қилиб бeргин” деди” (Бақара сураси,126-оят).
Аллоҳ таоло бу орқали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўтган пайғамбарлар ҳаётидан хабардор қилиш баробарида, улар сўраган нарсаларни ҳам билдириб, шунга чақирган.
Бу неъатлар бардавом бўлиши учун ҳам инсондан шукр ва қадрлаш талаб этилади. Тинчлик ҳукм суриб турган жойга яна тинчлик сўраб дуо қилиш эса, муқаддас динимиз буюрадиган ишлардан. Шундай экан, инсон ким бўлишидан қатъий назар, ўзи яшаб турган, Аллоҳ неъмат қилиб берган Ватани, унинг зилол сувлари, ҳавоси, нози неъматлари ва бошқа барча шароитларига шукр қилиб, уни зиёда бўлишини сўраб дуо қилиши лозим.
Бугун дунёда тинчлиги, хотиржамлигини йўқотганлар қанча. Буларни кўриб, эшитиб турганлар ибрат олиб, хулосалар чиқариб, ўзлари учун инъом қилинган тинчлик ва хотиржамликни қадрлаб, асраб авайлаши лозим.
Юртимизда ҳукм сураётган тинчлик, хотиржамликни сақлаш, уни турли хил ғаразли хуруж, ҳамлалардан, фитна ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, ғарзли ва манфур кимсаларнинг макрларига учмасдан, ёш авлодни ҳам улардан хабардор қилиб, ислом таълимотининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этиш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Бу хусусида Аллоҳ таоло бундай деган: “Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир” (Моида сураси, 2-оят).
Хулоса қиладиган бўлсак, динимизнинг тинчлик ва хотиржамликка бўлган эътибори нечоғлик катта, ҳамда бағрикенглик унинг негизи экани яққол намоён бўлади. Инсон ўзидаги неъматнинг қадрини унинг устида мулоҳаза юритиш, шу неъматдан ўзгалар ҳам баҳраманд ёки бебаҳра эканини ўйлаб кўриш билан билади. Бу эса Аллоҳга янада кўпроқ шукр қилишга ундайди.
Неъматнинг бардавом бўлиши, унинг шукри адо этилишига ҳам боғлиқ. Ёши улуғ нуроний отахон ва онахонларимиз ушбу икки улуғ неъматнинг мустаҳкамлигини сўраб дуо қилишлари шундан. Аллоҳ таоло юртимиз тинчлиги ва хотиржамлигини барқарор, бардавом, халқимиз ҳаётини бундан-да фаровон қилсин.
Исомиддин АҲРОРОВ