Cавол: Қасамнинг каффоратини тушунтириб берсангиз?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Аслида қасам ичган одам қасамига содиқ қолиши лозим. Агар қасамида турмаса, қасамхўр бўлади ва гуноҳ содир этган ҳисобланиб, каффорат бериши вожиб бўлади.
Қасамни бузган киши хоҳласа ўн кишини таомлантиради, хоҳласа уларни кийим билан таъминлайди. Бунда камида шим ва кўйлак каби кийимлар бўлиши керак. Агар бу икки ишдан бирортасига қодир бўлмаса, уч кун кетма-кет рўза тутади. Қасамни бузмасдан туриб каффорат тўланмайди. Қасамнинг каффорати ҳақида Қуръони каримда бундай дейилади: “...Бунинг каффорати (жаримаси) – оилангизни озиқлантириш учун лозим таомларнинг ўртача миқдорида ўнта мискинга таом бериш ёки уларнинг кийимлари ёхуд бир қулни озод қилишдир. Кимки (буларни) топа олмаса, уч кун рўза тутиши (мумкин). Ана шу ичган (ва бузган) қасамларингизнинг каффоратидир. Қасамларингизни асрангиз! Аллоҳ сизларга Ўз оятларини шундай баён қилади, токи шукр қилгайсиз” (Моида сураси, 89-оят).
Агар киши ўз ота-онасига гапирмаслиги каби гуноҳ ишни қилишга қасам ичган бўлса, қасамини бузиб, каффорат тўлаши лозим бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир ишга қасам ичсаю, кейин ундан бошқаси яхшироқ эканини билса ичган қасамига каффорат тўласин-да ўша яхшироқ ишни қилсин”, деганлар (Имом Аҳмад, Имом Муслим ва Имом Термизий ривояти).
Бу ҳукмларда қасамни билиб туриб бузган ҳам, мажбурланиб бузган ҳам, унутиб бузган ҳам баробардир (“Ал-Мухтор”, “Фатҳу бабил иная”). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
إذا أقيمت الصلاة فلا صلاة إلا المكتوبة
“Қачон намозга такбир (иқомат) айтилса, фарз намозидан бошқа намоз йўқдир”, деган сўзлари бомдод намозининг суннатидан бошқа намозларга тегишли деб ҳисобланади.
Бу икки ракат (суннат)ни уйда ўқиш афзалдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
من صلى ركعتي الفجر في بيته يوسع له في رزقه ويقل المنازع بينه وبين أهل بيته ويختم له بالإيمان
“Ким бомдоднинг икки ракат суннатини уйида ўқиса, унинг ризқи кенгайтирилади, у билан аҳли аёли (оиласи) ўртасидаги келишмовчиликлар камаяди ва умри иймон билан хотималанади”.
Бу икки ракатни тонг отиши билан биланоқ (вақти кириши заҳоти) ўқиш маҳбубдир (яхшироқдир). Баъзилар эса фарз намозига яқин вақтда ўқиш афзал, дейишган.
Манба: “Мароқил-фалаҳ”.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ