Аллоҳ таоло дунё ҳаётида инсониятни беҳисоб неъмат лар билан ризқлантирганки, унинг саноғига етиб бўлмаслиги хақида Қуръони каримда шундай баён қилинган:
«Сизларга барча сўраган нарсаларингиздан ато этди. Агар Аллоҳнинг неъматини санасангизлар, саноғига етолмайсиз. Ҳақиқатан, инсон ўта золим ва жуда ношукрдир» (Иброҳим, 34). Баъзи кишилар неъмат сўзининг маъносини жуда тор доирада тушунадилар. Бирор орзу умидлари амалга ошишини, ҳар ким ҳам етиша олмайдиган нарсаларни қўлга киритишни, жумладан, катта мол-дунё, фарзанд, бирор мансаб-мартаба ва шунга ўхшаш орзу ҳавасларга эришишнигина неъмат деб биладилар. Сув, ҳаво, тан соғлик, эл-юрт тинчлиги каби, инсон ҳаётининг асоси бўлган бу нарсаларга бепарво қараб, гўё булар ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолган табиий ҳолат деб ўйлайдилар.
Ҳолбуки, кишининг дунё ва охирати учун манфаат етказадиган нарсалар борки, уларнинг барчаси неъмат ҳисобланиб, динимиз бизларни унинг қадрига етиб яшашга буюради, зеро неъматнинг қадрини билиш, уни эъзозлаш неъмат берувчи «Мунъим» (Аллоҳ)нинг қадрига етиш ва шукрини адо этиш демакдир.
Пайғамбар алайҳиссалом ҳадисларининг бирида: «Қайси бирингиз тонгда уйқудан уйюнганда оиласи тинч, тани coғ ва уйида бир кунлик егулиги бўлса, билсинки, унда дунёдаги барча неъматлар мужассам экан», деб неъматни кенг маънода тушуниш лозимлигига ишора килганлар.Неъмат моддий ва маънавий бўлиб, юқорида санаб ўтганларимиз моддий неъматлар жумласига киради. Маънавий неъматлар эса имон, ислом, акд, ҳуррият, тинчлик каби кўзга кўринмайдиган, бироқ моддий неъматларга қараганда қадрлироқ нарсалардан иборатдир.
Неъмат нинг бардавом бўлиши, унинг шукри адо этилишига боғлиқдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда таъкидлаб шундай мархамат қилган:»Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсан-гиз, албатта (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттикдир» (Иброҳим, 7).Неъматнинг салмоғига яраша шукр лозимдир. Баъзи неъматларнинг шукри тилда «алҳамду лиллоҳ» дейиш билан адо бўлса, бошка хил неъматлар ҳам борки, улар нинг шукрини адо этишда тил билан айтилган ҳамднинг ўзи кифоя қилмайди, балки буларга амалий шукр даркор. Масалан, намоз, рўза каби ибодатларни адо қилиш тан соғлиқнинг шукри бўлса, имон ва ислом неъматининг шукри фарзандларимизни имон-эътиқодли, ҳало, пок қилиб вояга етказишдир.
Неъматларнинг энг сараси бўлмиш мустақилликни тинчлик амалий шукри эса ёшларимизни ватанга муҳаббатли қилиб тарбиялаш, десак муболаға бўлмайди. Тинчликнинг қадрини турли ўлкаларда бўлиб турган қўпорувчилик ҳаракатларини, одамларнинг нотинч ҳолатларини кўз ўнгига келтирган одамгина чуқур ҳис кила олади. У ердаги одамлар нинг кўнглига ибодат қилиш у ёқда турсин ҳатто еб-ичиш ҳам сиғмайди. Бас шундай экан, маънавий неъмат нинг шукрини доим адо этиб турмоғимиз лозим. Инсон берилган бу неъматларга қай даражада шукр қилган ёки қилмагани ҳақида қиёмат кунида албатта сўралади. Расулуллоҳ (с.а.в.) бир ҳадисда: «Аллоҳ таоло қиёмат кунида бандасидан: «Танингни соғ қилиб қўймаганми-дим? Сени муздак сув билан қондирмаганмидим…?», деб сўрайди», деганлар (Имом Термизий ривояти). Бошқа бир ҳадисда: «Одам боласи қиёмат кунида то беш нарсадан сўралмагунча жойидан жилмайди: умрида нима ишлар қилгани, ёшлик даврини қандай ўтказгани, молини қайси йўл билан топиб, қаерга сарф қилгани ва ниҳоят билганларига қай даражада амал қилгани»,деб марҳамат қилганлар. Неъматни Аллоҳдан деб билиш кишини Аллоҳга яна ҳам яқинлашишга, унга тақарруб ҳосил қилишга ундайди. Аксинча, тинчлик шукри адо этилмаган неъмат эса инсонга офат келтиради.
Динимиз кишиларини тинчликни асраш ва барқарорликни таъминлаш йўлида хамжихатлик ва бирдамлик билан харакат қилишимиз керак.
Соҳибжон Камалов,
Мингбулоқ тумани "Мулла тожи Аҳмад" жоме масжиди имом ноиби
Раддия: Исломда пешволикни даъво қиладиган гуруҳ ва оқимлар диндаги айрим тушунча ва сўзларни ғаразли мақсадлари йўлида бузиб, нотўғри талқин қилиши ҳаммага маълум. Улар шу орқали мусулмонлар ҳиссиётига тегиниш, ўзларига тобеларни кўпайтириш, диндор ва илмли бўлиб кўринишга ҳаракат қилади. “Тоғут” сўзи улар кўп ишлатадиган, инсонларни, айниқса ҳукмдорларни айблашда қўллайдиган тушунчалардан бири. Аслида у нима? Қандай маъноларда ишлатилади? Кимлар тоғут бўлиши мумкин?
“Тоғут” лафзи “туғён” сўзи билан ўзакдош бўлиб, Аллоҳ белгилаб қўйган чегарадан чиқишга, куфрда ҳаддан ошишга, исён қилишга нисбатан ишлатилади. Исломда Аллоҳнинг йўлидан бошқа йўл “тоғут” дейилади. Тоғутнинг каттаси Шайтондир.
“Тоғут” калимаси Қуръони каримнинг саккиз жойида зикр қилинган бўлиб, уламоларимиз уни турлича тафсир қилган. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу, Имом Шаъбий, Имом Заҳҳок “Тоғутдан мурод – Шайтон” деган. Имом Абу Олия ва Муҳаммад ибн Сирин тоғут сеҳргар ва фолбин эканини айтган.
“Тафсири Жалолайн”да тоғут сўзи тафсирига мурожаат қилайлик: “Ким тоғутга куфр келтириб, Аллоҳга иймон келтирса, батаҳқиқ узилмайдиган мустаҳкам тутқични ушлаган бўлади” (Бақара сураси, 256) ва “Куфр келтирганларнинг дўстлари тоғутлардир. Уларни нурдан зулматларга чиқарурлар” (Бақара сураси, 257) оятларида тоғутлар – бут-санамлар ва Шайтон, “Китоб (Таврот)дан насибадор бўлганларнинг “Жибт” ва “Тоғут”га сиғинишларини ва кофирларга “Шулар мўминлардан кўра тўғрироқ йўлдадир” дейишларини кўрмадингизми?!” (Нисо сураси, 51) оятида – Жибт ва Тоғут Қурайш қабиласидагиларнинг икки санами, “Ўзларини, Сизга нозил қилинган (Қуръон) ва Сиздан олдин нозил қилинган (илоҳий китоблар)га иймон келтирган, деб ҳисоблайдиганларнинг ҳукм сўраб, Тоғут ҳузурига боришни хоҳлаётганларини кўрмадингизми?” (Нисо сураси, 60) оятидаги тоғут куфрда ҳаддан ошган, туғёнга кетган Каъб ибн Ашраф, “Кофирлар (эса) Тоғут йўлида жанг қиладилар” (Нисо сураси, 76-оят) ва “Ким Аллоҳнинг лаънатига учраган, ғазабига дучор бўлган, маймун ва чўчқага айлантирилган ва тоғутга ибодат қилган бўлса, ана ўшалар ёмон мартабадаги ва тўғри йўлдан бутунлай адашган кимсалардир” (Моида сураси, 60) оятларида улар Шайтон, “Батаҳқиқ, Биз ҳар бир умматга: “Аллоҳга ибодат қилинг ва тоғутдан четланинг” деб пайғамбар юборганмиз” (Наҳл сураси, 36-оят) ва “Тоғутдан, унга ибодат қилишдан четда бўлганларга ва Аллоҳга қайтганларга хушхабар бор” (Зумар сураси, 17-оят) оятларида ҳам улар Шайтон деб назарда тутилган.
Аллома Ибн Атийя айтади: “Баъзи олимлар: “Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса тоғутдир”, деган”. Фиръавн, Намруд ва ўзини илоҳ деб эълон қилганлар ва ибодат қилинадиган бут-санамлар тоғут дейилади.
Муқотил розияллоҳу анҳу “Куфр келтирганларнинг дўстлари тоғутлардир” оятидаги тоғутни Каъб ибн Ашраф ва Ҳуяй ибн Ахтаб деб тафсир қилган. У иккиси ислом ва мусулмонларга адовати чексиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп азият берган, мусулмонларга қарши урушга жуда кўп даъват қилган яҳудийлардан эди.
Имом Нававий айтади: “Лайс, Абу Убайда, Кисоий ва кўпчилик тилшунослар: “Тоғут – Аллоҳ таолодан бошқа ибодат қилинадиган нарса”, деган”.
Шайх Муҳаммад Амин Шинқитий: “Ҳақиқат шуки, Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса тоғут, энг катта тоғут эса Шайтондир”, дейди.
Тоғут сўзининг маъноси ҳақида буюк муфассир Имом Табарий “Жомиъул баён” тафсирида: “Фикримча, тоғут ҳақида тўғри гап шуки, тоғут Аллоҳга туғён қилиб, Уни тарк этиб, Ундан ўзгага ибодат қилинган нарсадир. Ўша маъбуд инсон, шайтон, бут ва бошқа нарсалар бўлиши мумкин”, дейди.
Муфассир олим Ҳасан Таҳсин Файзли “тоғут” сўзини “Аллоҳдан узоқлаштирадиган, унинг амрларини бажаришни ман этадиган кимсалар”, деб изоҳлаган.
Демак, саҳобаи киромлар, тобеинлар ва уламоларимизнинг сўзларидан тоғут калимаси шайтон, сеҳргар, фолбин ва Аллоҳдан бошқа ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса экани маълум бўлмоқда.
Афсуски, ҳозирги кунда баъзи тоифалар мусулмон раҳбарларни тоғут деб атаб, уларни осонгина кофирга чиқармоқда. Уларнинг услуби хаворижларникига ўхшайди. Улар арзимас нарсалар туфайли иймонли одамни кофирга чиқариб, қонини ҳалол ҳисоблаб, қанчадан-қанча беайб мусулмонлар умрига зомин бўлмоқда, исломнинг пок номига доғ тушириб, асл моҳият ва тамойилларини ёт ва бузғунчи ғоялардан иборат фитналар соясига тушириб қўймоқда.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи,
Тошкент ислом институти ўқитувчиси