Сўнгги йилларда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасида муҳим ислоҳотлар амалга оширилди. Aҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш, жамиятда коррупсияга муросасиз муносабатни шакллантиришга йўналтирилган тизимли чоралар кўрилмоқда.
Ўзбекистон халқаро ислом академиясида “Жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, коррупсияга қарши курашиш” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов, Ички ишлар вазирлиги жамоат хавфсизлиги департаменти Пробация хизмати етакчи мутахассис психологи, катта лейтенант Aҳрор Серкабоев, Шайхонтоҳур тумани Ички ишлар бўлими ёшлар масалалари бўйича катта инспектори, капитан Aзизбек Юсуфжонов, Aкадемия проректорлари – Зоҳиджон Исломов, Илёс Мирзиётов, Зокиржон Рўзиев, Коррупцияга қарши курашиш “Комплаенс-назорат” тизимини бошқариш бўлими бош мутахассиси Шуҳрат Эшматовлар иштирок этди.
Шунингдек, давра суҳбатида академия факультетлари деканлари, кафедра мудирлари, профессор-ўқитувчилар, бўлим бошлиқлари, ходимлар қатнашди.
Давра суҳбатида юртимизда коррупцияга қарши кураш борасида амалга оширилаётган ишлар, порахўрлик, тамагирлик каби ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва уларга чек қўйиш, бундай жиноятларга қарши жазо муқаррарлигини ҳар бир шахс билиши зарурлиги ҳақида сўз юритилди.
Тадбирда сўзга чиққан Иброҳимжон домла Иномов коррупция, порахўрлик динимиз таълимотига кўра харом экани ва уни олувчи ҳам берувчи ҳам дўзахий бўлиши ҳақида ояту ҳадислардан мисоллар келтириб, бу иллатга қарши курашиш барчанинг бурчи эканини таъкидлади.
Дарҳақиқат, коррупция мамлакат тараққиётини ортга суриб, келажакни хавф остида қолдиради. Aйниқса, таълим соҳасидаги коррупсион ҳолатлар ривожланиш ва тараққиёт йўлини танлаган мамлакат юксалишига рахна солади. Бундай жирканч иллатларнинг томир отишига йўл берилса, ўша жойда тараққиёт ва ривожланиш бой берилади.
Тадбир давомида соҳа мутахассислари тингловчиларга мавзу бўйича батафсил керакли маълумот ва тавсияларини беришди.








Ўзбекистон халқаро ислом академияси
Матбуот хизмати
Иорданиянинг нуфузли “Jordan News Agency” (Petra) ахборот агентлиги ҳамда “Hala Ahbar” нашрида 24–29 август кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ ва кашфиётлар” мавзусидаги халқаро медиафорумга бағишланган мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Агентликда ёзилишича, мазкур йирик халқаро тадбир Ўзбекистоннинг жаҳон медиа ҳамжамияти билан алоқаларини янада кенгайтириш, журналистлар ва соҳа мутахассислари ўртасида тажриба алмашишни ривожлантириши билан аҳамиятлидир.
Шу билан бирга, форум давомида ислом цивилизациясининг бой илмий-маърифий ва маданий меросини замонавий медиа воситалари орқали кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилади.
Форумнинг асосий тадбирлари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ўтказилади. Унда хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари, халқаро экспертлар ҳамда медиа соҳаси мутахассислари иштирок этади.
Нашрлар форум дастурининг мазмун-моҳиятига алоҳида эътибор қаратган. Хусусан, тадбир доирасида ялпи мажлислар, ихтисослаштирилган медиа-кўргазмалар, матбуот брифинглари ва икки томонлама учрашувлар ташкил этилади.
Мунозараларда ҳужжатли фильмлар яратиш, тарихий хотирани асраш ва ёритиш, нашриёт лойиҳаларини ривожлантириш, замонавий технологиялардан медиа соҳасида самарали фойдаланиш ҳамда халқаро медиа лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинади.
Нашрнинг қайд этишича, тадбирнинг муҳим жиҳатларидан бири – Ўзбекистонлик талабалар учун халқаро медиа соҳасининг тажрибали мутахассислари иштирокида амалий мастер-класслар ўтказилишидир. Бу машғулотлар замонавий журналистика, медиамаҳсулотлар яратиш ва халқаро ахборот маконида самарали фаолият юритиш бўйича билим ва кўникмаларни оширишга хизмат қилади.
Иордания ОАВда форум доирасида иштирокчилар учун Самарқанд шаҳрига сафар ҳам режалаштирилгани қайд этилган. Хорижий журналистлар Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилиб, Самарқанднинг бой тарихий-маданий мероси билан танишадилар. Тошкент шаҳрида эса халқаро ОАВ вакиллари учун махсус медиатур ташкил этилади.
Бундай сафарлар форум иштирокчиларига Ўзбекистоннинг нафақат замонавий тараққиёти, балки унинг жаҳон цивилизацияси тарихидаги ўрни, илмий-маърифий анъаналари ва бой маданий мероси ҳақида бевосита тасаввур ҳосил қилиш имконини беради.
Мақолаларда халқаро медиафорумнинг 28 август куни якуний ялпи мажлис ва расмий ёпилиш маросими билан якунланиши ҳам маълум қилинган. Хорижий меҳмонлар Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тадбирларда ҳам иштирок этади.
Ўзбекистон мусулмонлар идораси Матбуот хизмати