Сохта салафийларнинг яна бир даъвоси: «Битта мазҳабга эргашиб ибодат қилишдан кўра, ҳар бир мазҳабдаги тўғри фикрларни олиб, ибодат қиламиз».
Уларнинг бу даъвоси кишини фосиқликка олиб боради. Тасаввур қилиб кўринг, аёл кишига қўли теккан кишининг таҳорати бузилиш ёки бузулмаслиги борасида, имом Шофеий раҳматуллоҳи алайҳнинг «Таҳорати бузилади», деган сўзини олмасдан, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг: «Таҳорати бузилмайди», деган сўзини олса, шунингдек, бадандан қон чиқиш масаласида имом Аъзамнинг: «Таҳорати бузилади», деган сўзини олмасдан, Шофеийнинг: «Таҳорати бузилмайди», деган сўзини олса, бунда инсон ўзига қулай йўлларни қидириб, динда фосиқ бўлиб қолмайдими?!
Ҳар бир мазҳабдан териб, териб амал қилиш талфиқ яъни беқарорлик дейилади. Бундай йўлни тутган инсон ҳаромни ҳалолга, ҳаромни ҳалолга, макруҳни, мубоҳга, мубоҳни макруҳга чиқарадиган дини суст инсонга айланади.
Салафийларга хос бўлган ғояларнинг бири пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ва бошқа буюк зотларнинг қабрларини зиёрат қилишликни ширк деб эътиқод қиладилар. Ваҳолонки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам “Ким мени вафотимда зиёрат қилса ҳаётимда зиёрат қилган билан тенг” деганлар. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса:
“Қабрларни зиёрат қилинглар, чунки у ўлимни эслатади” деганлар. (Муслим ривояти)
Аллоҳим ҳаммаларимизни ҳидоятда барқарор қилсин. Ихтилоф ва залолатдан ҳамиша сақласин. Вассалому алайкум.
Хонақоҳ жоме масжиди имом хатиби. Н. Имамов.
26 август куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ, янги кашфиётлар” халқаро медиафорумнинг “Асрларни бирлаштирувчи мерос. Ислом цивилизациясининг маънавий мазмун-моҳияти” мавзусидаги учинчи ялпи сессияси бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА.
Сессия доирасида Қуръони карим мероси, қадимий қўлёзмалар, ислом хаттотлиги, ҳужжатли кино ҳамда тарихий манбаларни ўрганишда сунъий интеллектдан фойдаланишга бағишланган халқаро лойиҳалар тақдим этилди.
Хусусан, “114 Қуръон: ислом олами хаттотлигининг 114 дурдонаси”, “Катта Лангар Қуръони: ҳақиқат ва афсоналар”, “Аллоҳнинг 99 исми: Унинг гўзал исмлари орқали Яратганни англаш”, “Сунъий интеллект – қадимий қўлёзмаларни ўқишнинг рақамли калити” лойиҳалари ҳамда “Ягона тарихий мерос саҳифалари” лойиҳаси доирасида яратилган “Масжид” ҳужжатли фильми намойиш этилди.
Халқаро муҳокамаларда Ислом ҳамкорлик ташкилоти, шунингдек, Жазоир, Ўмон, Покистон, Саудия Арабистони, Ироқ, Мали ва Ўзбекистоннинг етакчи оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этиб, исломофобия ва мавжуд стереотипларни бартараф этишда медианинг ўрни ҳақида фикр алмашди.
Сессия якунида турли мамлакатлар ва хаттотлик мактабларининг анъаналарини бирлаштирувчи ноёб Қуръони карим нусхасини яратиш бўйича Хаттотлар умумжаҳон танлови эълон қилинди.
Эслатиб ўтамиз, мазкур халқаро медиафорумнинг асосий тадбирлари Ўзбекистон Ислом цивилизацияси марказида ўтказилиб, унда қарийб 50 мамлакатдан медиа ва эксперт ҳамжамиятининг 300 нафарга яқин вакили — медиа компаниялар, ахборот агентликлари ва телеканаллар раҳбарлари, журналистлар, продюсерлар, олимлар ҳамда креатив индустрия мутахассислари иштирок этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати