Дастурхон ёзиб одамларга таом улашиш эҳсон ҳисобланади. Эҳсонннинг эса савоби улкан.
Халқ орасида турли сабаблар билан эҳсон дастурхони ёзилади. Тўйлар, ифторлик, аза маросимлари ва бошқа муносабатлар билан элга таом улашиш шулар жумласидан. Аввало, бирор эҳсон қилмоқчи бўлган киши ўша маросими шариатга мувофиқми ёки зид эканлигини яхши англаб олиши зарур. Маййитлар учун қилинадиган биздаги маросимларни ҳеч бири шариат кўрсатмаларида зикр қилинмаганини эслатиб ўтиш жоиз. Тўғри, маййит ҳаққига хайр-эҳсон қилинса бунинг манфаати ўтган кишига етиб бориши Ҳадиси шарифларда таъкидланган.
Аммо уч кунлик, йигирма, қирқ, йил оши каби маросимларни ўтказиш урф тарзида оммалашган. Гўёки ушбу маъракалар ўтказилмаса, бўлмайди, деган тушунча, одамлар гап сўз қилишади деган ҳадик билан қилиниши ойдек равшан бўлиб қолган. Ваҳоланки, маййит ҳақига хайр-эҳсон, аввало, таом бўлиши шарт эмаслиги, бу каби маросимларни одамларнинг гапи учун эмас, холис Аллоҳ йўлида эҳсон сифатида қилиниши, кун санаб эмас, балки ихтиёрий равишда қанақа бўлмасин хайр қилиш мақсадга мувофиқлигини, афсуски, кўпчилик тушуниб етмаяпти.
Бошқа вилоятга танишлариникига таъзия билдиришга борган бир ҳожи акамиз, уларда маййит учун алоҳида маърака қилинмаслигига, балки имконият бўлганда бирор жонлиқ сўйиб, гўштини муҳтожларга ва етимларга тарқатиб беришларини гувоҳи бўлган экан. Ҳа, марҳумлар ҳақига эҳсон қилишнинг намунаси мана шундай бўлиши керак. Йўлларни таъмирлаш, кўприк қуриш, сув, электр тармоқларини таъминлашда муҳтож кишиларга кўмаклашиш, талабаларнинг ўқув шартнома пулларини тўлаб бериш каби ишлар айни савоби буюк амаллар эканини таъкидлаб ўтмоқчимиз.
Никоҳ ва бошқа муносабатлар билан бўлиб ўтаётган тўйларимиз ҳам ачинарли ҳолатда, десак муболаға бўлмайди. Тўйларга жуда кўп сарф-харажат қилинадиган бўлиб қолди. Бу эса айни исрофдир. Аслида тўй яқинларни чақириб, икки ёш учун дуо олиш мақсадида қилиниши керак. Бу ўринда ҳам исроф қилиш нотўғри. Чунки Аллоҳ таоло “Аъроф” сурасининг 31-оятида: “Аллоҳ исрофгарларни суймас”, деб огоҳлантиради.
Бизнинг тўйлар саодат асридаги тўйлардан жуда катта фарқ қилади. Ҳадисларда баён қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг катта тўйлари Зайнаб онамизга уйланганларида бўлган. Ўшанда битта қўй сўйган эканлар. Энди буни бизнинг тўйлар билан солиштириб кўраверинг.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилган: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳуда сариқ (ранг) асарини кўриб:
“Бу нима?» дедилар.
“Эй Аллоҳнинг Расули, бир аёлга данак вазнидаги тилло (маҳр бериб) уйландим», деди у.
“Аллоҳ сенга барака берсин! Бир қўй билан бўлса ҳам валийма қилгин”, дедилар”.
Бешовлари ривоят қилганлар.
Эътибор берайлик, бу воқеада ҳам Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳу уйланганларида Набий алайҳиссалом бир қўй сўйиб тўй қилишини таклиф қилганлар. Афсуски, бугунги тўйларимизнинг тури ҳам кўпайиб бормоқда. Таклиф этилганлар сони, дастурхонга тортилаётган ноз-неъматларнинг хилма-хиллиги, уй жиҳозлари, келин-куёвга ҳозирланаётган сарполарнинг ўта қиммат ва ҳаддан зиёдлиги инсоф кўзи билан қараган кишини ажаблантиради. Буларнинг бариси исроф, дабдабабозлик, кимўзарга иш қилиш, фахраланишдан ўзга нарса эмас.
Биз бу иллатлардан ўз вақтида ўзимизни қайтармасак, оқибати яхшилик бўлмаслиги, охиратда ҳам иқоб борлигини халқимизга тушунтириб боришимиз лозим.
Тўй ва маросимларни ихчам ва ортиқча исрофгарликсиз тарзда ўтказиш борасида аҳли илмлар, имом-хатиблар ва отинойилар томонидан масжид қавмлари ва маҳалла-кўйдаги тадбир ва маросимларда аҳолига тушунтириш ишлари олиб борилаяпти. Матбуот ва ижтимоий тармоқлар орқали чиқишлар қилиб, ояти карима, Ҳадиси шариф ва салафи солиҳлар ҳаётидан намуналар асосида жамоатчиликка тўғри йўлни англатишга ҳаракат қиляпмиз. Бу борада маҳалла, ёшлар уюшмаси ва бошқа мутасаддилар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Аҳолига бирор маърака ўтказишдан олдин албатта маҳалла оқсоқоллари ва фаоллари ҳамда масжид ходимлари билан бамаслаҳат иш кўришларини тавсия қилмоқдамиз. Имом хатиб ва отинойилар жойлардаги никоҳ уйларида бўлиб, никоҳдан ўтиш учун ариза билан мурожаат қилган ёшларга тўйларни рисоладагидек ўтказиш, ортиқча орзу ҳавасларга берилмаслик, никоҳ ва оила мавзуларида суҳбат қилмоқда.
Дабдабали тўйлар учун қиладиган сарф-харажатларимизни ихчамлаштириб, барпо этилаётган ёш оиланинг келажаги учун сарфлаб, ушбу ёш оилага кейинги ҳаётига ёрдам берсак нур устига аъло нур бўлади, иншааллоҳ.
Зайниддин Эшонқулов,
Ўзбекистон мусулмонлар идораси вилоят вакили, вилоят бош имом-хатиби.
Раддия: Исломда пешволикни даъво қиладиган гуруҳ ва оқимлар диндаги айрим тушунча ва сўзларни ғаразли мақсадлари йўлида бузиб, нотўғри талқин қилиши ҳаммага маълум. Улар шу орқали мусулмонлар ҳиссиётига тегиниш, ўзларига тобеларни кўпайтириш, диндор ва илмли бўлиб кўринишга ҳаракат қилади. “Тоғут” сўзи улар кўп ишлатадиган, инсонларни, айниқса ҳукмдорларни айблашда қўллайдиган тушунчалардан бири. Аслида у нима? Қандай маъноларда ишлатилади? Кимлар тоғут бўлиши мумкин?
“Тоғут” лафзи “туғён” сўзи билан ўзакдош бўлиб, Аллоҳ белгилаб қўйган чегарадан чиқишга, куфрда ҳаддан ошишга, исён қилишга нисбатан ишлатилади. Исломда Аллоҳнинг йўлидан бошқа йўл “тоғут” дейилади. Тоғутнинг каттаси Шайтондир.
“Тоғут” калимаси Қуръони каримнинг саккиз жойида зикр қилинган бўлиб, уламоларимиз уни турлича тафсир қилган. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу, Имом Шаъбий, Имом Заҳҳок “Тоғутдан мурод – Шайтон” деган. Имом Абу Олия ва Муҳаммад ибн Сирин тоғут сеҳргар ва фолбин эканини айтган.
“Тафсири Жалолайн”да тоғут сўзи тафсирига мурожаат қилайлик: “Ким тоғутга куфр келтириб, Аллоҳга иймон келтирса, батаҳқиқ узилмайдиган мустаҳкам тутқични ушлаган бўлади” (Бақара сураси, 256) ва “Куфр келтирганларнинг дўстлари тоғутлардир. Уларни нурдан зулматларга чиқарурлар” (Бақара сураси, 257) оятларида тоғутлар – бут-санамлар ва Шайтон, “Китоб (Таврот)дан насибадор бўлганларнинг “Жибт” ва “Тоғут”га сиғинишларини ва кофирларга “Шулар мўминлардан кўра тўғрироқ йўлдадир” дейишларини кўрмадингизми?!” (Нисо сураси, 51) оятида – Жибт ва Тоғут Қурайш қабиласидагиларнинг икки санами, “Ўзларини, Сизга нозил қилинган (Қуръон) ва Сиздан олдин нозил қилинган (илоҳий китоблар)га иймон келтирган, деб ҳисоблайдиганларнинг ҳукм сўраб, Тоғут ҳузурига боришни хоҳлаётганларини кўрмадингизми?” (Нисо сураси, 60) оятидаги тоғут куфрда ҳаддан ошган, туғёнга кетган Каъб ибн Ашраф, “Кофирлар (эса) Тоғут йўлида жанг қиладилар” (Нисо сураси, 76-оят) ва “Ким Аллоҳнинг лаънатига учраган, ғазабига дучор бўлган, маймун ва чўчқага айлантирилган ва тоғутга ибодат қилган бўлса, ана ўшалар ёмон мартабадаги ва тўғри йўлдан бутунлай адашган кимсалардир” (Моида сураси, 60) оятларида улар Шайтон, “Батаҳқиқ, Биз ҳар бир умматга: “Аллоҳга ибодат қилинг ва тоғутдан четланинг” деб пайғамбар юборганмиз” (Наҳл сураси, 36-оят) ва “Тоғутдан, унга ибодат қилишдан четда бўлганларга ва Аллоҳга қайтганларга хушхабар бор” (Зумар сураси, 17-оят) оятларида ҳам улар Шайтон деб назарда тутилган.
Аллома Ибн Атийя айтади: “Баъзи олимлар: “Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса тоғутдир”, деган”. Фиръавн, Намруд ва ўзини илоҳ деб эълон қилганлар ва ибодат қилинадиган бут-санамлар тоғут дейилади.
Муқотил розияллоҳу анҳу “Куфр келтирганларнинг дўстлари тоғутлардир” оятидаги тоғутни Каъб ибн Ашраф ва Ҳуяй ибн Ахтаб деб тафсир қилган. У иккиси ислом ва мусулмонларга адовати чексиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп азият берган, мусулмонларга қарши урушга жуда кўп даъват қилган яҳудийлардан эди.
Имом Нававий айтади: “Лайс, Абу Убайда, Кисоий ва кўпчилик тилшунослар: “Тоғут – Аллоҳ таолодан бошқа ибодат қилинадиган нарса”, деган”.
Шайх Муҳаммад Амин Шинқитий: “Ҳақиқат шуки, Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса тоғут, энг катта тоғут эса Шайтондир”, дейди.
Тоғут сўзининг маъноси ҳақида буюк муфассир Имом Табарий “Жомиъул баён” тафсирида: “Фикримча, тоғут ҳақида тўғри гап шуки, тоғут Аллоҳга туғён қилиб, Уни тарк этиб, Ундан ўзгага ибодат қилинган нарсадир. Ўша маъбуд инсон, шайтон, бут ва бошқа нарсалар бўлиши мумкин”, дейди.
Муфассир олим Ҳасан Таҳсин Файзли “тоғут” сўзини “Аллоҳдан узоқлаштирадиган, унинг амрларини бажаришни ман этадиган кимсалар”, деб изоҳлаган.
Демак, саҳобаи киромлар, тобеинлар ва уламоларимизнинг сўзларидан тоғут калимаси шайтон, сеҳргар, фолбин ва Аллоҳдан бошқа ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса экани маълум бўлмоқда.
Афсуски, ҳозирги кунда баъзи тоифалар мусулмон раҳбарларни тоғут деб атаб, уларни осонгина кофирга чиқармоқда. Уларнинг услуби хаворижларникига ўхшайди. Улар арзимас нарсалар туфайли иймонли одамни кофирга чиқариб, қонини ҳалол ҳисоблаб, қанчадан-қанча беайб мусулмонлар умрига зомин бўлмоқда, исломнинг пок номига доғ тушириб, асл моҳият ва тамойилларини ёт ва бузғунчи ғоялардан иборат фитналар соясига тушириб қўймоқда.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи,
Тошкент ислом институти ўқитувчиси