Адашган оқимларнинг шаклланиши узоқ тарихий ўтмишга бориб тақалади. Тарихда ўзаро зиддиятлар туфайли «аҳли сунна»дан ажраб чиққан фирқалар бор. Уларнинг ғаразли ғояларини ўрганишга бағишланган асарлар кўп. Абу Мансур Мотуридий, Абул-Ҳасан Ашъарий, Абу Мансур Бағдодий, Абу Ҳафс Насафий, Муҳаммад Шаҳристоний каби уламолар адашган фирқаларнинг услубларини синчковлик билан ўрганган ҳамда уларга раддиялар берганлар.
Ислом тарихида «хорижий»лар илк адашган оқим сифатида пайдо бўлган. Дин ниқоби остида фаолият кўрсатган ва уламолар томонидан қаттиқ қораланган фирқалар фаолиятини Бағдодий «ал-Фарқ байнал-фирақ» асарида муфассал баён қилган. Дастлабки бўлиниш Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу давридаги «Жамал воқеаси иштирокчилари», саҳоба Муовия, «Сиффийн иштирокчилари» ҳамда икки ҳакам Абу Мусо Ашъарий ва Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумнинг чиқарган ҳукмлари сабабли юз берган. «Сиффийн» жангида Ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг тарафдорлари ўртасида норозилик пайдо бўлиб, икки гуруҳга бўлинди. Биринчи гуруҳ Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу тарафдори бўлиб, иккинчи гуруҳ эса «хорижий» (ажралиб чиққанлар) номини олган.
Ислом олимлари хорижийлар энг биринчи ихтилофни келтириб чиқарганини таъкидлашган. Бу ихтилоф катта бўлинишларга олиб келган.
Хорижийлар дастлаб Ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг тарафдорлари эдилар. Сиффин жангидан сўнг Ҳазрати Алини Муовия розияллоҳу анҳу билан келишувга рози бўлганликда айблаб, ўз тарафдорларидан иборат қўшин билан ажралиб чиқишган. Улар ақидада жиддий адашиш ва хатти-ҳаракатларида кўп қабиҳликларга йўл қўйишган.
Шаҳристоний ёзишича, хорижийлар ўз мақсадларига эришишда қуролдан фойдаланиб, ўзларига хайрхоҳ бўлмаганларни оила аъзолари билан ўлдириб, кўп мусулмонлар ҳаётига зомин бўлганлар.
Хорижийлар ўзларича амални иймоннинг учинчи таркиби ҳисоблаб, киши калима келтирса, бироқ ибодатларни тарк этса ёки катта гуноҳ ишларга қўл урса иймондан ажрайди, дейишган. Уларнинг иддаосича: «катта гуноҳ қилганлар диндан қайтган иймонсиздир». Улар бундай инсонларнинг оила аъзолари, ҳатто гўдакларига ҳам шафқат қилмасликни таъкидлашган.
Али ибн Муҳаммад Фахрий китобида хорижийлар ўз ғояларига эришишда кўплаб қабиҳ ишларни қилганларига гувоҳлик берган. Шунингдек, бузғунчи фирқа етакчиларидан бири Нажда ибн Омир Азрақийга мактуб ёзилган. Ушбу мактубга жавобан, адашган фирқа етакчиси ўз ғояси ва хатти-ҳаракатларини оқлаш мақсадида ҳатто Қуръони карим оятларини бузиб талқин қилишга ҳам уринган.
Адашган фирқа раҳбари Нофеъ ибн Азрақ мисоли орқали барча фирқа йўлбошчилари фирқа ғояси ва фаолиятини қувватлантириш мақсадида Ислом манбаларидан ўзбошимчалик билан иқтибослар олиб, етарли илм ва тажрибага эга бўлмаган издошларини мутаассибона тарбиялаш ва хатти-ҳаракат содир этишда фойдалангани шубҳасиздир.
Бу фирқа ўзининг шафқатсизлиги билан бошқалардан фарқ қилади. Уларнинг эътиқодида, мухолифларига қарашли бўлган ёш гўдаклар, кексалар, ногиронлар, кўзи ожизлар, касаллар ва зиммийларни ўлдириш мубоҳ саналади. Ҳатто улар бировларнинг омонатларини ҳам ҳалол деб биладилар.
Хорижийлар Ислом тарихида Ҳазрати Али билан Муовия розияллоҳу анҳумнинг ҳар икковига ҳам итоат этмасдан ажралиб чиққани учун «исёнчи тоифа» деган ном олди. Хорижийлар томонидан амалга оширилган бир неча йиллик қўзғалонлар халқ нотинчлиги ва талафотларига сабаб бўлди.
Ислом уламолари хорижийларнинг адашган қуйидаги жиҳатларини алоҳида қайд этишган:
- улар ўз йўлларига юрмаган, катта гуноҳ қилганларни иймондан чиққан дейишади;
- бегуноҳ мўмин одамнинг қонини тўкишни ҳалол санашади;
- суннатга амал қилишни инкор этишади;
- доимо гуноҳи кабира қилиб вафот этган киши абадий дўзахда қолади, дейишади;
- охиратдаги шафоатни инкор этишади;
- жаннатда Аллоҳни кўришни инкор қилишади;
- Қуръони каримни махлуқ дейишади.
Хорижийлар давлат раҳбарига итоат этишдан бош тортиб исён кўтаргани учун «боғий»га ҳукм қилинган. Ибн Умар розияллоҳу анҳу хорижийларни одамларнинг энг ёмони деб ҳисоблаган. Аҳли сунна уламолари: «Қайси замон ва маконда бўлмасин, мусулмон мамлакат раҳбарига итоат қилишдан бош тортган киши хорижийлар тоифасидан саналади», дейишган.
Замонлар ўтиши билан хорижийлар нафақат уламоларнинг, балки оддий халқнинг ҳам қаршилигига учради.
Шермуҳаммад домла Болтаев,
Хоразм вилояти, Шовот тумани
Юсуф Ҳамадоний жоме масжиди имом-хатиби
Падари бузрукворим шундай дедилар: "Биродар! Дарҳақиқат, илм ато қилиш ва фойда етказиш на устознинг, на воизнинг ва на насиҳат қилувчининг иши. У нарса бошқа бир Зотнинг ато этганидир. Илмни Аллоҳ беради. Бирор восита орқали беради, кимнидир сабаб ҳам қилади. Агар бирор одам илм толиби бўлиб ҳақиқий талаб ила келса, у ҳолда Аллоҳ таоло устознинг қалбида унинг учун фойдали бўладиган нарсани солиб қўяди. Йўқса, бирор кимсада ўзгага бирор фойда етказиш қудрати йўқдир. Токи, Аллоҳ таолонинг тавфиқи бўлмаса ва У Зот ирода қилмаса, бирор шахс ўзгага фойда етказа олмайди. Аллоҳ хоҳласа, бир жумла ила фойда етказиши мумкин. Агар хоҳламаса, узун ва мазмундор ваъзлар ҳаммаси бекор кетади".
Улуғларимизнинг бир гапи бор: "Толибнинг (илм) талаби баракотидан (илм) айтувчининг қалби ва тилига Аллоҳ таоло эшитувчилар учун фойдали нарсани жорий қилиб қўяди".
Дин илмининг баракалари
Шайхул ислом, Аллома Шамсул Ҳақ Афғоний раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: «Девбандаги "Дорул улум" мадрасасида ҳадис илмининг бир талабаси вафот этди. Жаноза ўқилиб, дафн қилинди. Кейин ворисларига хат юборилди. Масофа узоқлиги учун хат олти ой деганда етиб борди. Марҳумнинг қариндошлари келишди... Ректор Қори Муҳаммад Тоййиб ҳазратлари билан учрашишди ва: "Биз маййитни қабрдан қазиб олиб, юртимизга олиб кетишни хоҳлаймиз", дейишди. Қори Муҳаммад Тоййиб ҳазратлари уларга узоқ тушунтирдилар. Лекин улар жуда қайсар эди, гапга кирай дейишмасди. Шунда Қори Муҳаммад Тоййиб ҳазратлари уларни менинг ҳузуримга юбордилар. Мен ҳам уларга узоқ тушунтирдим. Улар эса: "Биз маййитни ё олиб кетамиз, ёки бутун қариндошларимиз билан бу ерга кўчиб келиб оламиз", дейишди...
Хуллас, қабр қазилди, не холки, олти ойдан кейин маййит кафанида бус-бутун ётган эди. Ундан ажиб хушбўй тараларди. Маййитнинг жасади қутига солинди ва ҳурмат юзасидан бир талаба улар билан бирга юборилди. Унинг юртига темир йўл орқали борилар эди. Темир йўл вокзалида божхона ва назоратчи ходимлар тўхтатиб: "Бу қутида маййит эмас, ноқонуний йўл ила олиб кетилаётган мушки анбар бор", деб, тобутни очишга мажбурлашди. Очиб қарасалар, не кўз билан кўрсинларки, унда ўлик жасад, аммо ҳадис илмини ўрганаётган талабанинг жасади бор эди, ундан жудаям хуш ҳид таралаётган эди.
"Насиҳатлар гулдастаси" китобидан