Ҳанафий мазҳабининг буюк мужтаҳиди, мазҳаб тарқалишида беқиёс хизмат қилган Яъкуб ибн Иброҳим Ансорий (Абу Юсуф) роҳимаҳуллоҳ шундай ривоят қиладилар:
“Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳдан ўн олти йил илм ўргандим. Ҳадис ва фикҳга астойдил эдим. Оиламиз камбағал, отам илм халқасида кун ўтказишимга у қадар рўйхушлик бермасди. Бир куни у менга: “Абу Ҳанифанинг илм билан машғул бўлишига имкони етарли, мол-дунёси кўп. Аммо бизда имкониятлар тор, сен дарсга бормай менга қараш!”,- деди. Мен отамнинг айтганини қилиб, кўп дарсларга боролмай қолдим. Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ мени халқада камнамо бўлиб колганимни сезиб, сўраб-суриштирибди.
Имкон топиб бир дарсга борганимда: “Нега бизнинг халқага келмай қўйдинг?!”,- деди. Мен отам шуни истаганини, оилавий қийинчилик туфайли отамга қарашаётганимни айтдим. Дарс тугаб, ҳамма кетаётганда Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ мени қолишимни айтди. Ёлғиз ўзим қолгач менга бир ҳамён берди ва: “Буни оилангга ишлат, қачон тугаса менга билдириб қўй, аммо дарсни қолдирма!”, - деди. Қарасам, ҳамёнда юз дирҳам бор экан. Кейин дарсларга қатнашиб турдим, орада яна сўрамасам ҳам юз дирҳам берди. Шу тарзда мендан хабар олиб турди, мен бирор марта пул сўрамадим, аммо у зот гўё сезгандек пулимиз тугаш арафасида ўзи пул берарди. Бу ҳолат мен бой бўлиб кетгунимча давом этди...”
Ибрат: илм ва унинг аҳлига яхшилик қилиш улуғларнинг одатларидандир. Бир боланинг эҳтиёжини қондириб, унинг бутун умматга хизмат қилишига сабабчи бўлиш ҳақиқий раббоний уламоларнинг иши хисобланади. Биз ҳам Абу Ҳанифа роҳимаҳуллохдан ибрат олиб, у зот каби илм ҳомийлари бўлсак, жамият ривожланади, олимлар кўпаяди, ин шаа Аллоҳ.
“Тақво аҳлининг гўзал қиссалари” китобидан.
Инсонга меҳр кўрсатиш, муҳтожнинг ҳолидан хабар олиш, беморга тасалли бериш ва эҳтиёжмандларга кўмак қўлини чўзиш халқимиз маънавиятининг азалий фазилатларидандир. Ислом таълимотида ҳам саховат, меҳр-оқибат ва инсон қадрини улуғлаш энг улуғ амаллардан бири сифатида эътироф этилган. Чунки бир инсоннинг кўнглини кўтариш, унинг қалбига умид ва ишонч бағишлаш жамиятда меҳр-муҳаббат, ҳамжиҳатлик ва тотувликни мустаҳкамлайди.
Шу эзгу қадриятларни ҳаётга татбиқ этиш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш ва юртдошларимиз қалбида меҳр-шафқат туйғуларини янада кучайтириш мақсадида 2026 йил 13 август куни Самарқанд вилояти Ургут туманида кенг кўламли маънавий-маърифий ҳамда хайр-саховат тадбирлари ўтказилди.
Мазкур хайрли тадбирларда Самарқанд вилояти бош имом-хатиби вазифасини вақтинча бажарувчи Нурсултонхон домла Абдуманнонов, вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Хайрулло домла Саттаров, ВАҚФ хайрия жамоат фонди Самарқанд вилояти филиали раҳбари Ёқубжон домла Мансуров, унинг ўринбосари А.Султонов, шаҳар ва туман бош имом-хатиблари, «Ҳаж–2026» зиёратчилари, маҳалла фаоллари ва нуронийлар иштирок этдилар.
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ўтказилган ушбу хайрли акция доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган ва боқувчисидан айрилган 300 та оила ҳолидан хабар олинди. Уларнинг хонадонларига ташриф буюрилиб, турмуш шароитлари ўрганилди, оилаларга зарур озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.
Ташрифлар давомида бемор ва кексаларнинг ҳолидан хабар олиниб, улар билан самимий суҳбатлар ўтказилди. Уларнинг ҳаққига шифо, хонадонларига файзу барака, юртимизга тинчлик-хотиржамлик тилаб дуолар қилинди. Зеро, муҳтожнинг кўнглини кўтариш ва уни ёлғиз эмаслигини ҳис эттириш ҳам инсонпарварликнинг юксак кўринишидир.
Шу билан бирга, ҳаётида турли ижтимоий қийинчиликларга дуч келган ҳамда ёт ғоялар таъсирига тушиб қолиш хавфи мавжуд бўлган айрим фуқаролар билан якка тартибда мулоқотлар ташкил этилди. Суҳбатларда соф эътиқод, оила муқаддаслиги, фарзанд тарбияси, ҳалол меҳнат, Ватанга садоқат, миллий ва диний қадриятларга ҳурмат, шунингдек, турли бузғунчи ғояларга нисбатан маънавий иммунитетни мустаҳкамлаш масалалари ҳаётий мисоллар асосида тушунтирилди.
Тадбирлар доирасида Ургут туманидаги жоме масжидларда пешин намозидан сўнг маънавий-маърифий учрашувлар ҳам ўтказилди. Уларда меҳр-оқибат, қўни-қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, ёшларни миллий ва диний қадриятларга содиқлик руҳида тарбиялаш, оила тинчлигини асраш, жамиятда ўзаро ҳурмат ва аҳиллик муҳитини қарор топтириш каби долзарб мавзулар атрофлича ёритилди.
Учрашувлар якунида мамлакатимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, Ватанимиз равнақи ва ёш авлоднинг илмли, одобли ҳамда ватанпарвар инсонлар бўлиб вояга етиши ҳақида хайрли дуолар қилинди.
Бугун юртимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жамиятда меҳр-саховат ва ўзаро ғамхўрлик муҳитини қарор топтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ургут туманида ўтказилган мазкур хайрли тадбирлар ҳам ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилиб, аҳоли ўртасида ҳамжиҳатлик, бағрикенглик ва инсонпарварлик туйғуларини янада мустаҳкамлади.
Меҳр бор жойда ишонч, саховат бор жойда барака, инсон қадри улуғланган жамиятда эса тинчлик ва фаровонлик қарор топади. Ана шундай эзгу амаллар халқимиз ўртасидаги бирдамлик ришталарини мустаҳкамлаб, юртимизнинг янада обод ва файзли бўлишига хизмат қилади.
Самарқанд вилояти вакиллиги матбуот хизмати