Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
23 Август, 2026   |   10 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:15
Қуёш
05:40
Пешин
12:26
Аср
17:12
Шом
19:15
Хуфтон
20:36
Bismillah
23 Август, 2026, 10 Рабиъул аввал, 1448

Зарарли иллат

07.11.2022   2741   3 min.
Зарарли иллат

Юртимиз тинч-осойишта ва халқимиз фаровон ҳаёт кечираётган бир даврда, баъзи қўштирноқ ичидаги кимсалар ўз жонига қасд қилиш билан бирга юртимиз келажаги бўлган ёшларни, иродаси суст кишиларни ҳатто аёл-қизларни ҳам йўлдан уриб, хавфли касаллик ОИТС (СПИД)ни тарқатувчи асосий омил бўлган гиёҳвандликни юқтирмоқдалар, тарқатмоқдалар.

Гиёвандлик илмий тилда наркомания дейилиб, юнонча “нарке” – карахтлик, ҳаракатсизлик, “мания” – ақлдан озиш маъносини англатади. Соҳа мутахассислари: “Гиёҳни бир марта истеъмол қилган кимса, руҳий ҳолатини, яъни кайфиятини кўтариб, бош мияни ишдан чиқаради. Тез-тез истеъмол қилса, унга ўрганиб қолади ва гиёҳларсиз яшолмайдиган бўлиб қолади”, деб таъкидлайдилар.

Гиёҳларни доимий истеъмол қилиб, касалликка чалинган беморларга гиёҳванд дейилади. Улар ҳаётнинг барча лаззатидан айрилади, инсоний қиёфасини йўқотади, эслаш қобилияти, руҳий ҳолати, фикрлаш системаси ва ақл-идроки пасайиб бутунлай издан чиқади. Уларда меҳр-оқибат, каттага ҳурмат, кичикка иззат, ҳаё-уят ва хулқ-одоб каби инсоний хислатларнинг зарраси ҳам қолмайди. Улар ота-онаси, оиласи, маҳалла-кўйи, эл-юрти, халқи ҳамда Она Ватани олдидаги вазифаси, бурч ва мажбуриятларини унутадилар. Қисқа қилиб айтганда, маънавий ҳаётдан узилиб, инсон суратида қоладилар, холос.

Муқаддас динимиз инсонни ўз-ўзини ҳалок қилиш, жонига қасд қилиш, саломатлигига зарарли нарсаларни истеъмол қилиш каби ишлардан қайтаради. Аллоҳ таоло бу ҳақида шундай марҳамат қилади:

“…ўз қўлларингиз (бахиллигингиз)  билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!..”(Бақара, 195).

Гиёҳвандлик нафақат инсоннинг жонига балки моли, оиласи, қариндошлари, яқинлари ва жамиятнинг барча аъзоларига зарар келтиради. Жамият тараққиётини маълум миқдорда орқага тортади. Жамият тинчлигига раҳна солади. Статистик маълумотларга қараганда қотилликларнинг, безориликларнинг катта қисми гиёҳвандлар томонидан амалга оширилар экан. Бир гиёҳванд бир йил мобайнида беш нафар соғлом ўсмир-ёшларни йўлдан уриб, гиёҳвандлик домига тортаркан.

Бу ҳақида Абу Саид Худрий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Исломда зарар келтириш йўқ. Ким мусулмонга (моли, жони, матосига ноҳақдан) зарар келтирса, Аллоҳ таоло унинг ўзига зарар етказиб қўяди. Ким мусулмон билан зулм қилиб тортишса, Аллоҳ таоло уни машаққатга солиб қўяди” (Имом Ҳоким ривояти).

Мутахассислар гиёҳвандликка сабаб қилиб, қуйидаги баъзи омилларни айтишади:

– оилавий келишмовчиликлар, зиддиятлар, етишмовчиликлар;

– барча нарсанинг таъмини билиш, синаб кўриш учун интилиш;

– зўриқишнинг олдини олиш ва бўшашиш мақсадида;

– ҳаёт қийинчиликлари ва зерикиш;

– жоҳиллик, ақлсизлик оқибати;

– кайфичоғлик қилиш истаги;

– атрофдагиларга тақлид қилиш ва ҳоказо.

Гиёҳвандликнинг сабаблари жуда кўп. Тегишли муассасалар, ташкилотларнинг ўзи билангина уларнинг олдини олиш мушкул иш. Шунинг учун бу иллатга қарши жамиятнинг ҳар бир аъзоси бирдек курашса, натижага эришиш мумкин. Жамиятдаги ҳар бир шахс аввал ўзини, сўнгра қўл остидагиларни, оиласини, фарзандларини бу жирканч балодан сақлашга уринса, халқ бу иллатдан халос бўлади. Фарзандларга таълим-тарбия берилса, ҳунар ўргатилса, уларни меҳр-оқибатли, ҳурмат-иззатли, одобли қилиб тарбия қилинса, уларнинг бўш вақтларини фойдали ишлар билан банд қилинса, лўнда қилиб айтганда, юксак маънавият соҳиби қилиб етиштирилганда бу иллатдан қутулиш, фориғ бўлиш мумкин. Эл-юрт тинчлиги, осойишталиги буюк неъматлигини ҳис этиб, ушбу зарарли иллат айни кўрнамаклик эканлигини англаб етсак, бу касалликдан халос бўламиз.

Тошкент Ислом институти

талабаси Соатов Мансур

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

“Network News Pakistan”: 2025 йилда Ўзбекистон Марказий Осиё аҳолиси учун энг оммабоп саёҳат йўналиши бўлди

13.08.2026   56069   2 min.
“Network News Pakistan”: 2025 йилда Ўзбекистон Марказий Осиё аҳолиси учун энг оммабоп саёҳат йўналиши бўлди

Покистоннинг “Network News Pakistan” электрон нашри “Ўзбекистон туризми ўсиш бўйича Марказий Осиёда биринчи ўринни эгаллади” сарлавҳали ахборот мақолани эълон қилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА.

 Унда Бутунжаҳон саёҳат ва туризм кенгашининг (World Travel & Tourism Council – WTTC) “Саёҳат ва туризмнинг 2026 йилга қадар иқтисодий таъсирини ўрганиш” ҳисоботига кўра, 2025 йилда Марказий Осиё дунёнинг энг тез ривожланаётган сайёҳлик минтақасига айлангани таъкидланган.

“WTTC ўз тадқиқотларини дунёни 13 та йирик минтақага бўлган ҳолда олиб боради. 2025 йил якунларига кўра, Марказий Осиё туризм соҳасини ривожлантиришнинг бир нечта асосий кўрсаткичлари бўйича дунёда биринчи ўринни эгаллади. Шу билан бирга, Ўзбекистон бу кўрсаткичларнинг барчаси бўйича Марказий Осиё мамлакатлари орасида етакчига айланди”, – дейилган манбада.

 Нашрда қайд этилишича, 2025 йилда туризмнинг Марказий Осиё ялпи ички маҳсулотига қўшган умумий ҳиссаси 17,7 фоизга, соҳанинг бевосита ҳиссаси эса 19,6 фоизга ошган. Минтақада туристик хизматлар экспорти (visitor exports) йил давомида 26,4 фоизга ўсиб, 9,9 миллиард АҚШ долларини ташкил этди.

Минтақадаги туристик хизматлар экспорти умумий ҳажмининг деярли ярми Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келади. Жумладан, 2025 йилда Ўзбекистонга 4,8 миллиард АҚШ доллари миқдорида туристик хизматларни экспорт қилган. WTTC маълумотларига кўра, 2025 йилда Ўзбекистон Марказий Осиё аҳолиси учун энг оммабоп саёҳат йўналиши бўлди.

 “Умуман олганда, бу кўрсаткичлар туризмнинг минтақавий характерга эга эканини англатади. Марказий Осиё аҳолиси кўпинча ўз минтақаси ичида саёҳат қилади”, – дейилади мақолада.

“Network News Pakistan” WТТC прогнозига таяниб ёзишича, 2036 йилга бориб туризм соҳасининг Марказий Осиё иқтисодиётига қўшадиган умумий ҳиссаси 29,7 миллиард АҚШ долларига етади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари