Муқаддас динимизда мусулмонлар аввалига Ҳабашистонга , кейинчалик Муҳаммад алайҳиссалом бошчилигида Макка шаҳридан Мадина шаҳрига ҳижрат қилганлари маълум. Ва мана шу кейингиси динимиздаги улуғ ходиса сифатида қамарий йил ҳисобининг бошланиш санаси сифатида танланган. Агар биз мазкур ҳижратларда мусулмонлар ўз яшаб турган ерларидан бошқа юртларга кетишга жонлари, эътиқодлари ва мол-мулкларига нисбатан хатарнинг ўта кучайганлиги оқибатида ҳижрат содир бўлган.
Ҳижрат икки турга бўлинади. Биринчиси юртни тарк этиш ва иккинчиси гуноҳларни тарк этишдир.
Ибн Масъуд ривоят қилган хадисда айтилади: “....Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Макка фатхидан сўнг ҳижрат йўқ......” дедилар” (Имом Бухорий ривояти.)
Мазкур хадисни ўзидан олдин келган барча хижрат тўғрисидаги хадисларни бекор яъни насх қилувчи эканлигини уламоларимиз таъкидлаганлар. Бундан маълум бўлишича юртни тарк этиш бекор қилинди. Яна бир хадисда: “Расулуллоҳ алайҳиссалом айтганлар: “Қўли ва тили билан ўзгаларга озор бермаган киши мусулмондир. Аллоҳ таоло ман этган нарсалардан қайтган киши Худо йўлида хижрат қилган кишидир” деганлар” (Имом Бухорий ривояти.) Уламолар хадисни шарғлаб ундаги “хижрат” дан мурод “тарк қилишдир” деганлар. Мана шу турдаги ҳижрат бугун ҳам мавжудлиги хадисдан маълум бўлмоқда.
Бугунги кунда ақийдапарастлар ҳижрат масаласида Қуръонннинг “Нисо” сураси 97- оятини далил қилади: “Ўзига зулм қилувчи холда жони олинаётганларга фаришталар: “Нима қилаётган эдинглар?” -дерлар. Улар: “Ер юзида бечора эдик”, дерлар. “Аллоҳнинг ери кенг эди-ку, хижрат қилсангиз бўлмасмиди?” дерлар. Ана ўшаларнинг жойи жаҳаннамдир у қандай ҳам ёмон жой!”.
Вахоланки, уламолар мазкур оят аввал исломни қабул қилиб, Маккада яшаб келган бўлсада, Бадр жангида Маккаликлар сафида туриб, мусулмонларга қарши жангда иштирок этганлар хақида нозил бўлганлигини таъкидлайдилар.
Шунингдек уламоларнинг фикрига кўра, юқоридаги оят зажр, яъни қўрқитиш маъносидаги матн бўлиб, бундай матнлардан хулоса қилиш учун асл хукмларга қайтилади. Яъни асл хукм бўйича мусулмонлар хеч қачон дўзахда абадий қоладиган кофир бўлмайди.
Ибн Умар розияллоҳу анҳдан ривоят қилинган хадисда айтилади: “Расулуллоҳ алайҳиссалом хузурларига бир киши келиб: “Эй Аллоҳнинг Расули, мен ота-онамни йиғлаган холда ташлаб, хижрат қилиш учун сизнинг хузурингизга келдим,- деди. У зот алайҳиссалом эса “Ота-онанг олдига қайтиб, уларни қандай йиғлатган бўлсанг, шундай кулдиргин, -деб жавоб бердилар.”
Юқоридаги далиллардан мусулмонлар учун барча шароитлар яратилган. Ислом динининг бешта аркони эмин-эркин бажариб келинмоқда. Жаннатмакон юртимизга кўз тегмасин. Халқимизни бирдамликда хаёт кечиришини бардавом айласин.
Наманган тумани Умарбой хожи жомеъ масжиди имом хатиби Қўчқаров Назиржон
Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятини Жанубий Кореяда кенг тарғиб этиш мақсадида нуфузли “EBS” телеканали томонидан мамлакатимиз туризм имкониятларига бағишланган махсус теледастур эфирга узатилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Сайёҳлар орасида катта аудиторияга эга бўлган “Буюк Ипак йўли бўйлаб саёҳат” теледастури орқали жанубий кореялик томошабинларга Ўзбекистоннинг экотуризм, гастрономик, зиёрат, тоғ ва ландшафт туризми борасидаги имкониятлари ҳақида кенг маълумот берилди.
Ўзбекистонга ташриф буюрган “EBS” телеканали ижодий гуруҳи мамлакатимизнинг машҳур сайёҳлик йўналишлари, ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган Самарқанд, Бухоро, Хива ва Тошкент шаҳарларининг қадимий меъморий ёдгорликлари, турли ҳудудлардаги замонавий кўнгилочар марказлар, миллий ҳунармандчилик, ўзбек миллий таомлари ҳамда юртимизнинг бетакрор табиат манзаралари ҳақида ҳикоя қилди.
Кўрсатувда жанубий кореялик сайёҳлар учун Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилишнинг афзалликлари ҳам кенг ёритилди. Хусусан, бугунги кунда Тошкентдан мамлакатимизнинг тарихий шаҳарларига замонавий ва қулай “Афросиёб” тезюрар поезди орқали Ипак йўли йўналишлари бўйлаб саёҳат қилиш мумкинлиги таъкидланди.
“EBS” телеканали мухбири Тошкентнинг ўзига хос меъморий қиёфасига алоҳида эътибор қаратган. Унинг фикрича, пойтахт меъморчилигида ўрта асрларга оид тарихий обидалар, замонавий кўп қаватли бинолар ва собиқ иттифоқ даври меъморчилиги анъаналари ўзига хос уйғунлик касб этган.
Дастурда Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилиш имкониятлари ҳақида сўз юритилар экан, мамлакат пойтахтидан тарихий шаҳарларга автомобиль йўллари билан бир қаторда темир йўл орқали ҳам қулай сафар қилиш мумкинлиги маълум қилинган.
“Йилнинг барча фаслида эрталаб ва кечқурун Тошкентнинг бош вокзалидан Бухоро ва Самарқанд йўналишида қулай тезюрар “Афросиёб” поездлари қатнайди. Максимал тезлиги 230 км/соат бўлган ушбу поезд Тошкентдан Бухорогача бўлган қарийб 600 километрлик масофани уч соату 40 дақиқада босиб ўтади. Бу авиапарвозга нисбатан қулай ва арзонроқ”, – дея қайд этилган теледастурда.
Кўрсатувда Самарқанд ва Бухоро шаҳарлари Марказий Осиёнинг муҳим маданий дурдоналари сифатида эътироф этилган.
“Бухоро шаҳри 2500 йилдан ортиқ тарихга эга. Эски шаҳар марказида Бухоронинг энг диққатга сазовор ёдгорликларидан бири – 1127 йилда қурилган Минораи Калон жойлашган. Унинг баландлиги 47 метр, пойдевори эса 10 метрни ташкил этади”, – дея маълумот берилади манбада.
Самарқанд ҳақида сўз юритилар экан, унинг 2750 йиллик тарихга эга экани, дунёдаги энг қадимий шаҳарлардан бири сифатида асрлар давомида турли босқинлар ва вайронагарчиликларга гувоҳ бўлганига қарамай, ўзининг бетакрор ва эртакнамо улуғворлигини сақлаб қолгани таъкидланган.
Теледастурнинг яна бир муҳим жиҳати – унда Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларидаги тарихий ва меъморий обидалар билан бир қаторда, миллий ҳунармандчилик, урф-одатлар, миллий таомлар ҳамда мамлакатнинг турли ҳудудларидаги гўзал табиат манзаралари ҳақида батафсил маълумот берилганидир.
Кўрсатувда Ўзбекистоннинг меҳмондўстлигига ҳам алоҳида урғу берилган.
“Сайёҳ сифатида қаерга борманг, хоҳ меҳмон уйларида, хоҳ бозорлар ёки шунчаки кўчада маҳаллий аҳоли билан учрашсангиз, самимий меҳмондўстлик ва илиқликни ҳис қиласиз”, – дейди “EBS” телеканали ижодий гуруҳи.
Умуман, Жанубий Кореянинг етакчи телеканалларидан бири бўлган “EBS” орқали Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий мероси, бетакрор табиати, миллий таомлари, меҳмондўстлиги ва замонавий туризм инфратузилмаси кенг аудиторияга намойиш этилгани мамлакатимизнинг ушбу давлат сайёҳлик бозоридаги жозибадорлигини янада оширишга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати