Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
18 Сентябр, 2026   |   7 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:47
Қуёш
06:06
Пешин
12:17
Аср
16:38
Шом
18:32
Хуфтон
19:47
Bismillah
18 Сентябр, 2026, 7 Рабиъус сони, 1448

Халифалик

28.10.2022   4147   5 min.
Халифалик

Шуни таъкидлаш лозим, Исломда ҳақ­­қоний халифалик даври аллақачон ўтиб кетган. Пайғамбаримиз Муҳаммад сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлик чоғ­ларидаёқ ҳаққоний халифалик даври­ни аниқ айтганлар. У зот алайҳиссалом: “Халифалик ўттиз йилдир! Ундан ке­йин подшолик бўлади”, деганлар (Имом Термизий, Имом Абу Довуд, Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳумуллоҳ ривояти).

Ушбу ҳадис Пайғамбаримизнинг мўъ­жиза­ларидан бири бўлиб, унда айтилган хабар Расулуллоҳдан кейин ўттиз йил да­воми­да ўз тасдиғини топди. Маълумки, Ислом уммати учун тўрт рошид халифа бор. Улар: Абу Бакр, Умар, Усмон ва Али розийаллоҳу анҳум. Шу тўрт халифанинг мусулмонлар устида раҳбарлик даври ўттиз йилга тўғри келган. Буларнинг даври ўтгач, Ислом уммати орасида ҳаққоний халифалик даври тугаб, Пайғамбаримиз башорат қилганларидек, подшолик даври бошланди.

Ҳизбчилар халифаси бўлмаган умматнинг ибодатида наф йўқ, дейдилар. Улар бу қарорга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадисини асос қилмоқ­чи бўлишади: “Ким имом (бош­лиқ)­сиз ўлса, жоҳилиятда ўлибди” (Имом Аҳмад ривояти). Улар бу ҳадисга ­таяниб, халифалик масаласини Ислом арконларидан ҳам муҳим деб биринчи ўринга қўйишган. Бунинг оқибатида ўз­лари ҳам адашиб, тобеларини ҳам залолатга бош­лаганлар.

Ҳадис эса мазмун жиҳатидан икки хил маънога эга:

1) ҳаққоний халифа мавжуд бўлатуриб, унга итоатсизлик қилганлар гўё жоҳи­лият даврида ўлганлар каби ўлибди;

2) бошида раҳнамоси, имоми, бошлиғи бўлатуриб, унга итоат қилмаган ўзбошим­чалар гўё жоҳилиятда ўлгандек ўлибди.

Биринчи маънога кўра, ҳадис маълум давргагина хос бўлиб, бугунги кунда ўз кучини йўқотган ҳисобланади. Чунки юқоридаги ҳадисда айтилганидек, ҳаққоний халифалик даври дастлабки ўттиз йилда ниҳоясига етган. Демак, бу ҳадис ҳозирги кунга дахлдор эмас. Ҳизбчи­ларнинг унга суяниши хатодир.

Иккинчи маънога кўра, ҳадис ҳукми умумий бўлиб, бугунги кунда ҳам ўз кучини йўқотмаган. Бироқ, айнан халифани эмас, балки имомни, бошлиқларни назар­да тутади. Диққат қилсангиз, икки эҳтимолий маънода ҳам ҳадис ҳизбчиларнинг зарарига “ишлайди”.

Биринчи маънога кўра, ҳизбнинг хали­фалик йўлидаги ҳаракати ўта мантиқсиз­лик ва амримаҳол халифаликни қайта тиклашга беҳуда уриниш бўлиб чиқади. Биринчидан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алай­ҳи ва саллам томонларидан аниқ вақти ва чегараси баён қилинган нарсани қайта тиклашга уриниш ё ақлсизлик, ёки Расу­луллоҳга ишонмасликдир!

Иккинчи маънога кўра эса, ҳизбнинг ўзи ҳадисга очиқча терс ҳаракат қилаётир. Ахир ўз юртбошиси, раҳнамоси, ҳокимига итоатда яшаб келаётган жамиятда мавжуд ҳукуматни ағдариб, ўрнига ўзлари истаган шахсни тайинлашга уринишла­ри мавжуд бошчига, илм аҳлига, имом-дом­лаларга итоатсизлик эмасми?!

Ҳадисга иккинчи маъно нуқтаи наза­ридан ёндашсак, ҳизб аъзоларининг ўз­лари жоҳилият ўлимини топувчи адашган тоифаларнинг биринчи қаторида турибди-ку?!

Ҳанафий мазҳабининг йирик олими, ҳиндистонлик Мулла Живан ҳазратлари ҳукм оятларига доир “ат-Таф­сиротул Аҳ­мадия” асарида мавзуга доир қуйидаги фикрни илгари суради: «Билиб қўйиш лозим, том маънодаги комил халифалик (даври) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу: “Халифалик мендан сўнг ўттиз йилдир! Ундан ке­йин талашиб-тортишиладиган подшоликлар (даври) бўлади”, деган ҳадиси тақозосига кўра, Али розийаллоҳу анҳуда тамом бўлган. Ноқис халифалик эса ундай эмас (яъни ўттиз йилдан кейин ҳам давом этган). Чунки аббосийлар даврида, ноқис бўлса-да, халифалик бўлган. Ҳаққоний имомат ҳам бугунги замонамизда шартлари йўқ бўлиб кетгани боис топилмайди. Зеро, имомат шартлари ичида энг охир­гиси қурайший бўлишдир. Бу ҳам ҳозир­ги даврда жуда кўп жойларда топилмайди­ган шартдир.

Шунингдек, мутлақ тарзда келган: “Эй имон келтирганлар! Аллоҳга итоат қи­линг, Пайғамбарга ва ўзингиздан бўл­ган ишбошиларга итоат қилинг” (Ни­со сураси, 59) ояти каримасига кўра, раҳ­барларга (динга зид ишларни буюрмаса) итоат қилиш вожиб бўлади. Улар халифа ё ҳаққоний имом деб эмас, балки ишбошиларимиз бўлгани учун итоат қиламиз, эргашамиз» (Мулла Живан “Ат-Тафсирот ул-Аҳмадия”. 201-Б. Қозон. Харитонов матбааси. 1904 м).

Демак, ҳизбчиларнинг халифалик ҳа­қида илгари сураётган фикрлари во­қе­ликда содир бўлиши мумкин бўлмаган амримаҳол хаёлотдан бошқа нарса эмас. Аҳли сунна эътиқодини маҳкам тутаман деган шахс ҳизбнинг хаёлий тасаввуротларига, аслида, бузғунчи ғояларига алданмасдан, соғлом фикр юритса, ҳақни топади.

Ботиржон ТОЖИБОЕВ,

Андижон шаҳар “Ғиштли” жоме

масжиди имом-хатиби

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

“Em Insight”: Тошкентдаги халқаро медиафорум ислом цивилизациясининг замонавий қиёфасини намоён этди

28.08.2026   116771   1 min.
“Em Insight”: Тошкентдаги халқаро медиафорум ислом цивилизациясининг замонавий қиёфасини намоён этди

Британиянинг “Em Insight” журналида Ўзбекистонда бўлиб ўтган “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ, янги кашфиётлар” мавзусидаги халқаро медиафорумга бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Нашрда ёзилишича, Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази томонидан ташкил этилган “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ, янги кашфиётлар” халқаро медиафоруми хорижлик ОАВда катта қизиқиш уйғотган.

Рақамли платформалар, сунъий интеллект ва ахборот хуружлари авж олган ҳозирги замонда оммавий ахборот воситаларининг мамлакатлар, маданиятлар ва цивилизациялар ҳақидаги тасаввурларни шакллантиришдаги ўрни тобора ортиб бормоқда.

Мақолада таъкидланишича, Ал-Хоразмий, Ибн Сино, Беруний, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Мирзо Улуғбек каби жаҳон илм-фани ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк мутафаккирлар юрти бўлмиш Ўзбекистон бу каби глобал муҳокамалар учун энг мақбул майдондир.

Қатарнинг “The Peninsula” газетаси масъул муҳаррири Муҳаммад Осмон форумнинг рақамли ахборот асридаги аҳамиятига тўхталиб, Имом Бухорийнинг ҳадисларни тўплаш ва уларнинг ҳаққонийлигини текширишдаги қатъий ёндашувини тилга олди.

У ушбу методологияни манбаларни чуқур ўрганиш ва верификация қилишнинг ўчмас намунаси деб атади ва бу тамойиллар фейк хабарлар ҳамда сунъий интеллект маҳсулотлари кўпайган ҳозирги даврда жуда аҳамиятли эканини билдирди.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги муҳаррири Ўткир Алимов форумнинг Мустақилликнинг 35 йиллиги остонасида ўтказилаётганига эътибор қаратган. У 50 мамлакатдан 300 га яқин ОАВ вакилларининг Тошкентда жамлангани Ўзбекистоннинг цивилизациялар чорраҳаси сифатидаги ўрни ортиб бораётганидан далолат беришини таъкидлади.

Мақолада Тошкентдаги халқаро медиафорум журналистика масъулияти, тарихий тадқиқотлар чуқурлиги ва замонавий технологиялар имкониятларини бирлаштирган ҳолда Ислом цивилизациясини янги, замонавий қиёфада дунёга танитишга хизмат қилиши баён этилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари