Азҳарий айтадилар: “Арабларнинг каломида фитна сўзи “синов, имтиҳон” деган маъноларни билдиради. Бу аслида “фатантул физзота ваз заҳаба” деган сўздан олинган бўлиб, олтин ва кумушни яхшисини ёмонидан ажратиш учун оловда эритдим, деганини билдиради. Аллоҳ таолонинг “Явма ҳум алан наари яфтанун” деган сўзи ҳам мана шу маънодадир”[1].
Ибнул Аробий фитнанинг маъноларини ўзларининг қуйидаги сўзлари билан хослайдилар: “Фитна бу – синов, фитна бу – машаққат, фитна бу – мол, фитна бу – фарзандлар, фитна бу – куфр, фитна бу – инсонларнинг фикрлари билан ихтилоф қилишлари, фитна бу – олов билан ёндириш”[2].
Ибнул Асир раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Фитна – имтиҳон, синов дегани. У қийинчиликлар пайтидаги синов маъноларида кўп ишлатиларди. Кейин кенг тарқалди, ҳатто гуноҳ, куфр, ўлдириш, ёндириш, йўлдан тойдириш, бирор-бир ишдан буриш маъноларида ҳам ишлатиладиган бўлди”. Ибн Ҳажар “Фатҳул Борий” китобида ҳам худди шунга ўхшаш гапларни айтганлар.
Фитна луғатда олтинни синовдан ўтказиш мақсадида оловга қўйишга айтилади. Олтин фитналанганда, яъни оловда ёндирилганда яхшиси ёмонидан ажралгандек, фитна ҳам ҳақиқий мўминни ёлғончидан ажратади, мўминлар қалбидан фасодни чиқаради ва фитнадан кейин соф қалблиларни чиқариб беради. Истилоҳда эса, ҳар бир ёмон нарса ёмонликка олиб борадиган нарсага фитна дейилади. Масалан, куфр, гуноҳ, маъсият, фожирлик, мусибат ва шунга ўхшаш ёмон нарсалар каби. Агар бу нарсалар Аллоҳ тарафидан бўладиган бўлса, бу бирор бир ҳикматга кўра бўлган бўлади. Агар Аллоҳнинг амрисиз банда тарафидан бўладиган бўлса, бу мазаммат қилингандир[3].
Фитна сўзи луғатда “имтиҳон ва синов” деган маъноларни билдиради. Аслида фитна бир нарсани яхшисини ёмонидан ажратиш учун ёндиришга айтилади. Истелоҳда эса, инсоннинг яхши ва ёмон ҳолати у билан намоён бўладиган нарсага фитна дейилади. Фитна мусибат бўлиб, у ботиний ишларни кўрсатиб берадиган муомуладир. Ўз навбатида фитнанинг ҳам турлари бор. Аллоҳ таолонинг розилиги ва охират диёридаги улуғ неъматларга эришишни ният қилиб йўлга чиққан киши учун ўз манзилига етиши учун унга икки хил куч-қувват керак бўлади. Биринчиси илмий қувват бўлса, иккинчиси амалий қувватдир. Илмий қувват билан у инсон йўлни кўриб боради. Бу қоронғи кечада йўлни ёритиш учун қўлида чироқ кўтариб юрганга ўхшайди. Амалий қувват билан эса ҳассасини қўлтиғига қўйиб, енг шимариб, ўз мақсади яъни, Аллоҳ таоло томонга юриб боради. Мана шундан келиб чиқиб, фитнани иккига бўлишимиз мумкин. Чунки ҳар икки турдаги фитналар мана шу икки қувватга бўғлиқдир. Демак, фитна икки хил бўлади:
Гоҳида ҳар икки турдаги фитна бир инсонда жамланган бўлади. Гоҳида эса биттаси бўлади. Аслида ҳамма фитналар фикрни шариатдан устун қўйиш ва ҳавойи нафсни ақлдан устун қўйиш натижасида келиб чиқади. Биринчи кўринишда яъни фикрни шариатдан устун қўйишдан шубҳалар фитнаси келиб чиқса, иккинчи ҳолатдан яъни ҳавойи нафсини ақлидан устун қўйишдан шаҳватлар фитнаси келиб чиқади. Шубҳалар фитнаси яқин илм (аниқ ишонч) билан кетказилса, шаҳватлар фитнаси сабр билан кетказилади. Шунинг учун Аллоҳ таоло диндаги пешволикни бу икки ишга боғлиқ қилган: “Ва сабр қилган пайтларида улардан Бизнинг амримиз ила ҳидоятга бошлайдиган пешволар чиқардик. Улар Бизнинг оятларимизга аниқ ишонадилар”. Мана шу оят сабр ва яқин илм билан печволикка эришиш мумкинлигига, комил ақл ва сабр билан шаҳватлар фитнаси даф қилинишлигига, комил басира ва яқин илм билан эса шубҳалар фитнаси даф қилинишлигига далолат қилади.[4]
Бобохон Бобохонов,
ТИИ Модуль таълим шакли талабаси,
Самарқанд шаҳар Хўжа Нисбатдор жоме
масжиди имом-хатиби
[1]Абу Мансур Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Азҳарий, “Таҳзибул луғат” Дорул мисрийя” – М. 1967
[2]Ибнул Мунзир. “Лисонул араб” Дору содр – М. 2003. 444-б.
[3] Аҳмад Иброҳим Аҳмад. “Ал-Фитнату ва асаруҳу ал-мудоммароту”. Даманҳур, Миср. Дорул лейна. 2004.20-б. .
[4]Аҳмад Иброҳим Аҳмад. “Ал-Фитнату ва асаруҳу ал-мудоммароту”. Макка Мукаррама,. Дорул лейна. 2004.40-б.
Малайзиянинг Universiti Teknologi MARA университети санъат, дизайн ва медиа факультети талаба ҳамда ўқитувчиларидан иборат гуруҳ Ўзбекистон бўйлаб ижодий сафарини якунлаб, ўз юртига қайтди. Малакали сураткаш ва дизайнерлардан иборат 18 кишилик гуруҳ 17–31 август кунлари мамлакатнинг бой тарихий мероси ва замонавий қиёфасини акс эттирувчи “storytelling” услубидаги профессионал фото ва видео контент тайёрлади.
Сафарнинг якуний ва энг кенг кўламли қисми Тошкентда ўтди. Гуруҳ фаолиятининг марказида Ислом цивилизацияси маркази турди: меҳмонлар бу ерда махсус таълим дастури, медиа-фестиваль, "Музейдаги тун" экскурсияси ва мультимедиали маппинг-шоу дастурларида иштирок этиб, бой фото ва видео материал тайёрлади.
Пойтахтда талабалар Ҳазрати Имом мажмуаси — Бароқхон мадрасаси ва Қаффол Шоший мақбарасида ҳамда Зарқайнар ҳунармандчилик кўчасида бўлиб, миллий ҳунармандчилик ва анъаналарни ўз контентларида акс эттирди.
Гуруҳ, шунингдек, Амалий санъат музейи, Амир Темур музейи, Ўзбекистон тарихи давлат музейи ва Замонавий санъат музейига ташриф буюрди; Алишер Навоий номидаги опера ва балет театри, "Наврўз" этнографик боғи ҳамда "Magic City" ва "Tashkent City" каби замонавий мажмуаларни суратга олиб, Тошкентнинг тарихий ва замонавий қиёфасини яхлит тарзда тақдим этди.
Маълумот ўрнида, меҳмонлар сафарини Хивадан бошлаб, Бухоро ва Самарқанд шаҳарларида ҳам бўлди. Улар “Ичан қалъа” давлат музей-қўриқхонаси, Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси, Пойи Калон, Регистон майдони, Шоҳи Зинда ёдгорлик мажмуаси ҳамда “Конигил” сайёҳлик қишлоғи каби масканларни суратга олди.
Сафар доирасида тайёрланган материаллар “Instagram”, “Facebook”, “TikTok” ва “YouTube” ижтимоий тармоқларига жойлаштирилиб, Ўзбекистоннинг бой маданий-тарихий мероси ва туристик салоҳиятини хорижий аудиторияга замонавий медиа форматларда таништиришга хизмат қилади.
Лойиҳа, айни вақтда, Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлашга ҳам ҳисса қўшди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати