Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
28 Август, 2026   |   15 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:21
Қуёш
05:45
Пешин
12:24
Аср
17:06
Шом
19:07
Хуфтон
20:26
Bismillah
28 Август, 2026, 15 Рабиъул аввал, 1448

Фитнанинг Қуръон ва Суннатдаги маънолари

19.10.2022   2693   10 min.
Фитнанинг Қуръон ва Суннатдаги маънолари

Фитна сўзи Аллоҳ таолонинг китоби Қуръони каримда бир нечта маъноларда келган. Аҳли илм уламолар уларни йиғиб, ўн бештагача етказганлар. Баъзилар ўн битта ҳам дейишган.

  • Синов ва имтиҳон маъносида.“Анкабут” сурасининг 2-оятида:

أَحَسِبَ النَّاسُ أَن يُتْرَكُوا أَن يَقُولُوا آمَنَّا وَهُمْ لَايُفْتَنُونَ

 “Одамлар: “иймон келтирдик” дейишлари ила имтиҳон қилинмай тарк этилишларини ўйладиларми?” деган. Оятдаги “Лаа юфтануун” сўзи имтиҳон, синов маъносида келмоқда[1].

  • Тўғри йўлдан тўсиш маъносида. “Моида” сураси 49-оятда

وَأَنِ احْكُم بَيْنَهُم بِمَاأَنزَلَ اللّهُ وَلاَ تَتَّبِعْ أَهْوَاءهُمْ وَاحْذَرْهُمْ أَن يَفْتِنُوكَ عَنبَعْضِ مَا أَنزَلَ اللّهُ إِلَيْكَ فَإِن تَوَلَّوْاْ فَاعْلَمْ أَنَّمَا يُرِيدُ اللّهُ أَن يُصِيبَهُمبِبَعْضِ ذُنُوبِهِمْ وَإِنَّ كَثِيراً مِّنَ النَّاسِ لَفَاسِقُون(49)

         “Улар орасида Аллоҳ нозил этган нарса ила ҳукм юрит. Уларнинг хоҳишларига эргашма ва улар сени Аллоҳ сенга нозил қилган нарсада фитнага солишларидан ҳазир бўл”[2] , дейилган. Имом Қуртубий оятдаги “ан яфтинука” сўзини “сени йўлдан тўсадилар” деб тафсир қилганлар.

  • Азоб маъносида. Ҳаҳл сураси 110-оят.

ثُمَّ إِنَّ رَبَّكَلِلَّذِينَ هَاجَرُواْ مِن بَعْدِ مَا فُتِنُواْ ثُمَّ جَاهَدُواْوَصَبَرُواْ إِنَّ رَبَّكَ مِن بَعْدِهَا لَغَفُورٌ رَّحِيمٌ {110}

Оятдаги “футину” сўзи “уззибуу”, яъни азобланганлар маъносида келган.

  • Ширк . Аллоҳ таоло Бақара сураси 193-оятда

وَقَاتِلُوهُمْ حَتَّى لاَ تَكُونَ فِتْنَةٌ وَيَكُونَالدِّينُ لِلّهِ فَإِنِ انتَهَواْ فَلاَ عُدْوَانَ إِلاَّ عَلَى الظَّالِمِينَ {193}

“Фина босилиб, бутун дин Аллоҳ учун бўлгунга қадар улар билан урушингиз! Агар тинсалар, у ҳолда золимлардан бошқага нисбатан адоват қилишлик (Исломда) йўқ”,[3] деб марҳамат қилган. Ибн Касир оятдаги “фитна” сўзини “ширк” деб, тафсир қилганлар.

  • Куфр маъносида. Оли Имрон сураси 7-оятда

فَأَمَّا الَّذِينَ في قُلُوبِهِمْ زَيْغٌ فَيَتَّبِعُونَ مَا تَشَابَهَمِنْهُ ابْتِغَاء الْفِتْنَةِ وَابْتِغَاء تَأْوِيلِهِ وَمَا يَعْلَمُ تَأْوِيلَهُ إِلاَّ اللّهُ

“Аммо дилларида оғиш бор кимсалар одамларни фитнага солиш ва ўз талқинига мувофиқ маънолар бериш учун унинг (Қуръоннинг ) муташобиҳ оятларига эргашадилар”[4] дейилган.

  • Гуноҳ ва маъсиятга тушиб қолиш. Бунга мисол Аллоҳ таолонинг Ҳадид сурасининг 14-оятидаги

 يُنَادُونَهُمْ أَلَمْ نَكُن مَّعَكُمْ قَالُوا بَلَى وَلَكِنَّكُمْ فَتَنتُمْأَنفُسَكُمْ وَتَرَبَّصْتُمْ وَارْتَبْتُمْ وَغَرَّتْكُمُ الْأَمَانِيُّ حَتَّى جَاء أَمْرُاللَّهِ وَغَرَّكُم بِاللَّهِ الْغَرُور

Уларга (мунофиқлар): “Биз сиз билан бирга эмасмидик?!” – деб нидо қилурлар. Улар: “Худди шундай. Лекин сизлар Аллоҳнинг амри келгунча ўзингизни ўзингиз фитнага дучор қилдингиз, кўз тикиб кутдингиз, шубҳа қилдингиз ва сизларни хомхаёллар ғурурга кетказди. Сизларни Аллоҳ ҳақида алдамчи алдаб қўйди”[5] деган сўзи. Имом Бағавий оятдаги “фатантум анфусакум” жумласини “Ўзларингизни нифоққа ташладингиз ва шаҳват ва маъсиятларни қилиш билан ҳалок қилдингиз”, деб тафсир қилганлар.

  1. Қатл қилиш ва асир олиш. Аллоҳ таоло Нисо сураси 101-оятида:

إِنْ خِفْتُمْأَن يَفْتِنَكُمُ الَّذِينَ كَفَرُواْ إِنَّ الْكَافِرِينَ كَانُواْ لَكُمْ عَدُوّاً مُّبِيناً {101}

“Агар куфр келтирганлар сизларни фитна қилишидан қўрқсангиз” деган. Бундан мурод, кофирларнинг мўминлар намозда сажда ҳолатида турганларида уларни қатл қилиш ёки асир олиш учун ҳамла қилишларидир. Ибн Жарир мана шу гапни айтганлар. Яъни бундан “Агар куфр келтирганлар сизларни ўдириш ёки асирга олишидан қўрқсангиз” деган маъно келиб чиқади.

  • Инсонларнинг ихтилоф қилиши ва ўзаро қалбларининг бирлашмаслиги.
  • Жунун яъни жиннилик. Аллоҳ таолонинг Қалам сураси 6-оятида:

وَيُبْصِرُونَ فَسَتُبْصِرُ {5} بِأَييِّكُمُ الْمَفْتُونُ {6

“Бас,   тезда кўрасан ва улар ҳам кўрурлар. Сизлардан  қайсингизда мажнунлик борлигини”[6] деган сўзи. Бу оятдаги “мафтун” сўзи “мажнун” маъносида келган.

  • Олов билан ёндириш. Буруж сурасининг 10-оятида:

إنَّ الَّذِينَفَتَنُوا الْمُؤْمِنِينَ وَالْمُؤْمِنَاتِ ثُمَّ لَمْ يَتُوبُوا فَلَهُمْ عَذَابُ جَهَنَّمَ وَلَهُمْعَذَابُ الْحَرِيقِ

“Албатта, мўмин ва мўминаларни фитна қилиб, сўнгра тавба қилмаганларга, ана ўшаларга жаҳаннам азоби ва куйдирувчи азоб бор”[7], деб марҳамат қилинган.

  • Залолат маъносида. Моида сураси 41-оятида:

وَمَن يُرِدِ اللّهُ فِتْنَتَهُ فَلَن تَمْلِكَ لَهُ مِنَ اللّهِ شَيْئا

 “Кимники Аллоҳ (фитнада) синашни истаса, Сиз унинг учун Аллоҳдан ҳеч нарсага эга бўла олмайсиз”[8], деган. Бу оятдаги фитна сўзи “залолатга кетиш “ маъносида келган. Буни Абу Ҳайён айтганлар. 

  • Ҳужжат ва узр маъносида. Анъом сураси 23-оятида:

 ثُمَّ لَمْ تَكُن فِتْنَتُهُمْ إِلاَّ أَن قَالُواْ وَاللّهِرَبِّنَا مَا كُنَّا مُشْرِكِينَ {23}

 “Сўнгра уларнинг фитнаси (узри) фақат:”Роббимиз – Аллоҳга қасамки, (биз)мушрик бўлмаганмиз!”[9] – дейишлари бўлур.

  • Уқубат маъносида. Нур сураси 63-оятида:

فَلْيَحْذَرِ الَّذِينَ يُخَالِفُونَ عَنْ أَمْرِهِأَن تُصِيبَهُمْ فِتْنَةٌ أَوْ يُصِيبَهُمْ عَذَابٌ أَلِيمٌ {63}

“(Пайғамбарнинг) амрига хилоф иш тутадиган кимсалар ўзларига бирор кулфат етиб қолишидан ёки аламли азоб етиб қолишидан сақлансинлар”, дейилган. 

  • Беморлик маъносида. Тавба сураси 126-оятида:

أَوَلاَ يَرَوْنَأَنَّهُمْ يُفْتَنُونَ فِي كُلِّ عَامٍ مَّرَّةً أَوْ مَرَّتَيْنِ ثُمَّلاَ يَتُوبُونَ وَلاَ هُمْ يَذَّكَّرُونَ {126}

         “Кўрмайдиларми, (улар) ҳар йили бир ёки икки марта синовга учрамоқдалар. (Шундан) сўнг (ҳам) на тавба қиладилар ва на эслатма оладилар”[10], дейилган.

 Ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Фитна сўзидан нима ирода қилингани каломнинг сиёқи ва унинг қариналаридан билинади”. “Зодул маод” китобининг муаллифи ўзларининг китобларида қуйидагиларни айтганлар: “Уларни мана шундай бир-бирларига фитна қилдик” ёки Мусо алайҳиссаломнинг оятдаги “Бу фақат сенинг фитнангдир. У билан хоҳлаган кишингни адаштирасан ва хоҳлаган кишингни ҳидоят қиласан” деган сўзи каби Аллоҳ таоло Ўзига изофа қилган ёки Аллоҳнинг Расули Унга изофа қилган фитна бу бошқа маънодадир. Булар Аллоҳ таолонинг Ўз бандаларини яхшилик ва ёмонлик, неъмат ва мусибат билан имтиҳон қилиши маъносидадир. Булар бошқа турдаги фитналар , мушрикларнинг фитнаси эса бошқа хил. Мўминнинг моли, фарзанди ва қўшнисидаги фитнаси бошқа хил. Али ва Муовия ўртасидаги, Жамал аҳли ўртасидаги каби  Ислом аҳли орасида содир бўлган фитналар эса бошқа хилдаги фитналардир”.

         Юқорида айтиб ўтганимиздек, бало-мусибатлар, ўлдиришлар, азоблар каби ишлардан бўладиган фитналар Аллоҳ таоло тарафидан ҳам банда тарафидан ҳам бўлиши мумкин экан. Лекин бу ерда тушунишимиз керак бўлган бир нарса бор. У ҳам бўлса Аллоҳ тарафидан бўлган фитна қандай бўлади-ю, банда тарафидан бўлган фитна қандай бўлади? Агар фитна Аллоҳ тарафидан бўладиган бўлса, бу Аллоҳ Ўзи биладиган ҳикматга кўра бўлади. Лекин Аллоҳнинг амрисиз банда тарафидан бўладиган бўлса, бу маломатга сабаб бўладиган фитнадир. Аллоҳ таоло Қуръонда “Фитна урушдан ашаддийроқдир” деб, инсонни  мазаммат қилган фитна мана шудир.

 

Шермуҳаммад домла Болтаев,

Хоразм вилояти, Шовот тумани Юсуф Ҳамадоний

жоме масжиди имом-хатиби

 

 

[1]Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Қуръони карим ва унинг ўзбек тилидаги маънолар таржимаси – Т.: “Шарқ” 2011. 396-б

[2] Шайх Абдулазиз Мансур, Қуръони Карим маъноларининг таржимаси – Т. “Тошкент Ислом Университети”, 2001. 78-б

[3] Шайх Абдулазиз Мансур, Қуръони Карим маъноларининг таржимаси – Т. “Тошкент Ислом Университети”, 2001. 30-б.

[4]Шайх Абдулазиз Мансур, Қуръони Карим маъноларининг таржимаси – Т. “Тошкент Ислом Университети”, 2001. 47-б.

[5]Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Қуръони карим ва унинг ўзбек тилидаги маънолар таржимаси – Т.: “Шарқ” 2011. 539-б

[6] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Қуръони карим ва унинг ўзбек тилидаги маънолар таржимаси – Т.: “Шарқ” 2011. 564-б.

[7]Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Қуръони карим ва унинг ўзбек тилидаги маънолар таржимаси – Т.: “Шарқ” 2011. 590-б.

[8]Шайх Абдулазиз Мансур, Қуръони Карим маъноларининг таржимаси – Т. “Тошкент Ислом Университети”, 2001. 113-б.

[9]Шайх Абдулазиз Мансур, Қуръони Карим маъноларининг таржимаси – Т. “Тошкент Ислом Университети”, 2001. 145-б.

[10]Шайх Абдулазиз Мансур, Қуръони Карим маъноларининг таржимаси – Т. “Тошкент Ислом Университети”, 2001. 237-б.

 

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Қарийб 50 мамлакат журналистлари янги Имом Бухорий мажмуаси ва Самарқанднинг асосий ёдгорликларини зиёрат қилади

25.08.2026   49091   2 min.
Қарийб 50 мамлакат журналистлари янги Имом Бухорий мажмуаси ва Самарқанднинг асосий ёдгорликларини зиёрат қилади

«Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар» Халқаро медиафоруми иштирокчилари 27 август куни Самарқандга йўл олади. Улар янгидан бунёд этилган Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамда Имом Бухорий номидаги Инновацион музей билан танишади. Куннинг иккинчи ярмида эса иштирокчилар учун шаҳарнинг тарихий-маданий мерос объектлари, жумладан, ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган ёдгорликлар бўйлаб махсус дастур ташкил этилади, хабар бермоқда iccu.uz.

Ёдгорлик мажмуаси Самарқанд вилояти Пайариқ туманида, буюк муҳаддис ва илоҳиётшунос Муҳаммад ал-Бухорийнинг (810–870) дафн этилган жойида жойлашган. У «Саҳиҳи Бухорий» тўплами муаллифи бўлиб, мазкур асар сунний исломдаги энг мўътабар ҳадис тўпламларидан бири ҳисобланади.

Кенг кўламли реконструкциядан сўнг мажмуа 2026 йил баҳорида зиёратчилар учун қайта очилди. Унинг умумий ҳудуди 45 гектарни ташкил этади. Бу ерда 10 минг кишилик масжид, маъмурий ва хизмат кўрсатиш бинолари, 154 устунли айвон, 14 та мовий гумбаз ва баландлиги 75 метр бўлган тўртта минора барпо этилган. Реконструкциядан сўнг мажмуанинг кунлик қабул қилиш қуввати 12 минг нафардан 65 минг нафаргача ошди.

Мажмуанинг марказий қисмларидан бири — тўққизта павильондан иборат янги Имом Бухорий Инновацион музейидир. Экспозиция алломанинг ҳаёти, ҳадисшунослик тарихи ва унинг илмий меросига бағишланган. Шунингдек, музейда Қуръонда зикр этилган пайғамбарлар, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Макка ва Мадинадаги ҳаёти ҳамда ёзма ҳадис тўпламларининг шаклланиш тарихи ҳақида маълумотлар берилган.

Мажмуа яқинида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳам фаолият юритади. Марказ ислом илмий ва қўлёзма меросини, жумладан, Марказий Осиёнинг ўрта аср олимлари асарларини ўрганиш, илмий тадқиқотлар ва таржималар тайёрлаш, шунингдек, халқаро илмий алмашинувни ривожлантириш билан шуғулланади.

Мажмуага ташрифдан сўнг форум иштирокчилари тарихий Самарқанд билан танишади. Шаҳарнинг асосий меъморий ёдгорликлари қаторига Регистон, Бибихоним масжиди, Шоҳи Зинда мажмуаси ва Гўри Амир мақбараси киради. ЮНЕСКО ушбу тўрт объектни 2001 йилда «Самарқанд — маданиятлар чорраҳаси» номи билан Жаҳон мероси рўйхатига киритилган тарихий шаҳарнинг асосий ёдгорликлари сифатида эътироф этади.

Самарқанд босқичи 24–28 август кунлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида бўлиб ўтадиган «Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар» Халқаро медиафоруми дастурининг бир қисми бўлади.

Пресс-служба Управления мусульман Узбекистана

Ўзбекистон янгиликлари