Ақида – диннинг асоси ва мустаҳкам пойдевори ҳисобланиб, ҳеч қачон ундан айро тушиш мумкин эмас. Чунки инсон ўз ақидасини маҳкам тутиши ўта зарур ва аҳамиятли ишдир. Кишининг соғлом назар билан ҳаёт уммонига шўнғиб кетишида ҳам ана шу ақиданинг ёрдами беқиёс. Инсон ҳаётида унинг соғлом бўлиши бирламчи ўринда туради. Шунинг учун ҳам пайғамбарлар фаолиятидаги энг асосий вазифалардан бири – инсонлар ақидасини ислоҳ қилиш бўлган.
Ислом ақидаси инсониятга ахлоқий фазилатларни тақдим этади. Улар Аллоҳ таолога, фаришталарга, китобларга, пайғамбарларга, охират кунига ва тақдирга имон келтириш кабилардир. Аллоҳ таолога имон келтириш инсонни фақат эзгуликка етаклайди. Агар унинг ақидаси тўғри, имони мукаммал бўлса, юксак ахлоқий фазилатлар унинг қалбига мустаҳкам ўрнашиб қолади ва ҳаёт тарзи ва одоб-ахлоқи ижобий томонга ўзгаради. Агар бунинг акси бўлса, мана шу фазилатлар ўз-ўзидан кўтарила бошлайди.
Ислом мусулмонларни фаришталарга имон келтиришга чақиради. Уларга ишониш имон арконларидан бири бўлиб, уларга имон келтирмагунча, инсон мўмин бўла олмайди. Имон руҳий ҳаётнинг асосидир. Бундай ҳаёт эса кишиларни фақат яхшиликка ундайди. Бундан мақсад, инсонни камолот чўққисига олиб чиқишдир. Шунинг учун ҳам фаришталарга имон келтириш Ислом динининг асосларидан биридир. Қуръони карим таълимотларига кўра, Аллоҳ таоло инсонга бир неча фариштани бириктириб қўйганки, улар инсоннинг қилган ишларини ёзиб борадилар. Ўнг томондаги фаришта яхшиликларни, чап томондагиси ёмонликларни ёзиб боради. Агар инсон шу нарсаларга ишонса, дунёда ҳеч бир ёмонлик қилмай яшаш ҳаракатида бўлади.
Аллоҳ таоло нозил қилган китобларга имон келтириш инсонда Аллоҳ инсонларни яратганидан сўнг уларни ўз ҳолига ташлаб қўймаган, балки тўғри йўлга бошлайдиган нарсаларни нозил қилганки, бу У зотнинг ўз бандаларига бўлган меҳрибонлигидандир, деган тушунчанинг пайдо бўлишига олиб келади.
Пайғамбарларга имон келтиришга келсак, улар башарият учун гўзал намуна бўлиб, солиҳлик, самимийлик, сидқидиллик, сўз ва амалда маъсумлик каби сифатлар билан сифатланганлар. Ахлоқий фазилатларнинг энг олий даражалари айнан уларда ўз ифодасини топган. Охират кунига имон келтириш шунинг ифодасики, мўмин ўз ҳаётини ўша кунда жаннатга эришиш ва дўзахдан халос бўлиш учун жидду жаҳд билан ўтказади. Бинобарин, охират кунига бўлган имон инсонда ахлоқий фазилатларни пайдо қиладиган ва мустаҳкамлайдиган энг муҳим омиллардан биридир.
Тақдирга имон келтириш ҳақида сўз юритадиган бўлсак, инсон ўз ҳаётида рўбарў келадиган мусибатлар ва қийинчиликларни унга енгил қилиб кўрсатадиган энг муҳим сабаблардан бири удир. Чунки уларни Аллоҳнинг синови деб билган ҳар бир инсон унга мағлуб бўлиб қолмайди. Аллоҳнинг мукофотини қўлга киритиш учун уларга сабр қилади. Бир сўз билан айтганда, тақдирга имон келтириш инсонда бу ҳаётдан розилик ҳиссини пайдо қилади.
Ислом ақидаси кишида юксак фазилатларни вужудга келтирар, уни тўғри ҳаёт тарзига ундар экан, ўз жамиятини ислоҳ қилиш, унинг орасида яхшилик ва фазилатларни кенг ёйиш каби хайрли ишлар учун уни тайёрлаган бўлади. Бундан мақсад у яшаётган жамият аъзолари бир-бирларига дўст, меҳрибон ва ўзаро аҳил-иноқ бўлишларига эришишдир. Зеро, бундай фазилатлар орқали инсонлар ва жамият саодатли бўлади. Эзгуликлар кенг ёйилиб, разолат йўқолади. Бузғунчилик ва бузғунчилар озаяди.
Юқорида ўтганлардан хулоса қилиб айтиш мумкинки, инсонларнинг қалбларида соғлом эътиқодни шакллантириш ва уни воқелик билан боғлаш учун узлуксиз ҳаракат қилиниши зарур. Инсонларни ақидавий ва ахлоқий адашишлардан ҳимоя қилиш учун шу соҳа вакиллари ҳамжиҳатликда фаолият юритишлари лозим.
Кенжабек Солиев,
Чуст тумани "Ғойиб эронлар" жоме масжиди имом-хатиби
Раддия: Исломда пешволикни даъво қиладиган гуруҳ ва оқимлар диндаги айрим тушунча ва сўзларни ғаразли мақсадлари йўлида бузиб, нотўғри талқин қилиши ҳаммага маълум. Улар шу орқали мусулмонлар ҳиссиётига тегиниш, ўзларига тобеларни кўпайтириш, диндор ва илмли бўлиб кўринишга ҳаракат қилади. “Тоғут” сўзи улар кўп ишлатадиган, инсонларни, айниқса ҳукмдорларни айблашда қўллайдиган тушунчалардан бири. Аслида у нима? Қандай маъноларда ишлатилади? Кимлар тоғут бўлиши мумкин?
“Тоғут” лафзи “туғён” сўзи билан ўзакдош бўлиб, Аллоҳ белгилаб қўйган чегарадан чиқишга, куфрда ҳаддан ошишга, исён қилишга нисбатан ишлатилади. Исломда Аллоҳнинг йўлидан бошқа йўл “тоғут” дейилади. Тоғутнинг каттаси Шайтондир.
“Тоғут” калимаси Қуръони каримнинг саккиз жойида зикр қилинган бўлиб, уламоларимиз уни турлича тафсир қилган. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу, Имом Шаъбий, Имом Заҳҳок “Тоғутдан мурод – Шайтон” деган. Имом Абу Олия ва Муҳаммад ибн Сирин тоғут сеҳргар ва фолбин эканини айтган.
“Тафсири Жалолайн”да тоғут сўзи тафсирига мурожаат қилайлик: “Ким тоғутга куфр келтириб, Аллоҳга иймон келтирса, батаҳқиқ узилмайдиган мустаҳкам тутқични ушлаган бўлади” (Бақара сураси, 256) ва “Куфр келтирганларнинг дўстлари тоғутлардир. Уларни нурдан зулматларга чиқарурлар” (Бақара сураси, 257) оятларида тоғутлар – бут-санамлар ва Шайтон, “Китоб (Таврот)дан насибадор бўлганларнинг “Жибт” ва “Тоғут”га сиғинишларини ва кофирларга “Шулар мўминлардан кўра тўғрироқ йўлдадир” дейишларини кўрмадингизми?!” (Нисо сураси, 51) оятида – Жибт ва Тоғут Қурайш қабиласидагиларнинг икки санами, “Ўзларини, Сизга нозил қилинган (Қуръон) ва Сиздан олдин нозил қилинган (илоҳий китоблар)га иймон келтирган, деб ҳисоблайдиганларнинг ҳукм сўраб, Тоғут ҳузурига боришни хоҳлаётганларини кўрмадингизми?” (Нисо сураси, 60) оятидаги тоғут куфрда ҳаддан ошган, туғёнга кетган Каъб ибн Ашраф, “Кофирлар (эса) Тоғут йўлида жанг қиладилар” (Нисо сураси, 76-оят) ва “Ким Аллоҳнинг лаънатига учраган, ғазабига дучор бўлган, маймун ва чўчқага айлантирилган ва тоғутга ибодат қилган бўлса, ана ўшалар ёмон мартабадаги ва тўғри йўлдан бутунлай адашган кимсалардир” (Моида сураси, 60) оятларида улар Шайтон, “Батаҳқиқ, Биз ҳар бир умматга: “Аллоҳга ибодат қилинг ва тоғутдан четланинг” деб пайғамбар юборганмиз” (Наҳл сураси, 36-оят) ва “Тоғутдан, унга ибодат қилишдан четда бўлганларга ва Аллоҳга қайтганларга хушхабар бор” (Зумар сураси, 17-оят) оятларида ҳам улар Шайтон деб назарда тутилган.
Аллома Ибн Атийя айтади: “Баъзи олимлар: “Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса тоғутдир”, деган”. Фиръавн, Намруд ва ўзини илоҳ деб эълон қилганлар ва ибодат қилинадиган бут-санамлар тоғут дейилади.
Муқотил розияллоҳу анҳу “Куфр келтирганларнинг дўстлари тоғутлардир” оятидаги тоғутни Каъб ибн Ашраф ва Ҳуяй ибн Ахтаб деб тафсир қилган. У иккиси ислом ва мусулмонларга адовати чексиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп азият берган, мусулмонларга қарши урушга жуда кўп даъват қилган яҳудийлардан эди.
Имом Нававий айтади: “Лайс, Абу Убайда, Кисоий ва кўпчилик тилшунослар: “Тоғут – Аллоҳ таолодан бошқа ибодат қилинадиган нарса”, деган”.
Шайх Муҳаммад Амин Шинқитий: “Ҳақиқат шуки, Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса тоғут, энг катта тоғут эса Шайтондир”, дейди.
Тоғут сўзининг маъноси ҳақида буюк муфассир Имом Табарий “Жомиъул баён” тафсирида: “Фикримча, тоғут ҳақида тўғри гап шуки, тоғут Аллоҳга туғён қилиб, Уни тарк этиб, Ундан ўзгага ибодат қилинган нарсадир. Ўша маъбуд инсон, шайтон, бут ва бошқа нарсалар бўлиши мумкин”, дейди.
Муфассир олим Ҳасан Таҳсин Файзли “тоғут” сўзини “Аллоҳдан узоқлаштирадиган, унинг амрларини бажаришни ман этадиган кимсалар”, деб изоҳлаган.
Демак, саҳобаи киромлар, тобеинлар ва уламоларимизнинг сўзларидан тоғут калимаси шайтон, сеҳргар, фолбин ва Аллоҳдан бошқа ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса экани маълум бўлмоқда.
Афсуски, ҳозирги кунда баъзи тоифалар мусулмон раҳбарларни тоғут деб атаб, уларни осонгина кофирга чиқармоқда. Уларнинг услуби хаворижларникига ўхшайди. Улар арзимас нарсалар туфайли иймонли одамни кофирга чиқариб, қонини ҳалол ҳисоблаб, қанчадан-қанча беайб мусулмонлар умрига зомин бўлмоқда, исломнинг пок номига доғ тушириб, асл моҳият ва тамойилларини ёт ва бузғунчи ғоялардан иборат фитналар соясига тушириб қўймоқда.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи,
Тошкент ислом институти ўқитувчиси