Барчамизни Аллоҳ таоло яратган. Тақдирларимизни иҳота қилувчи ягона Зот ҳам фақатгина Роббимизнинг Ўзидир. Қуръони каримда: “…Албатта, биз Аллоҳнинг ихтиёридамиз ва албатта, биз Унинг ҳузурига қайтувчилармиз…” дейилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фарғона вилояти вакиллиги муҳтасиби Иқболжон домла Аҳмадалиевнинг волидаи муҳтарамасининг вафоти муносабати билан оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ марҳумани мағфират қилсин, савобли амаллари билан қабрларини нурга тўлдириб, жойларини жаннатда қилсин! Қолган барча яқинларига Аллоҳ сабри жамил берсин! Марҳуманинг яқинлари, фарзанду аржумандларига, хусусан, Иқболжон домлага чиройли сабр бериб, бу мусибатларга ажру мукофотлар ато этсин.
Жаноза намози 30 декабрь куни соат 12:00 Риштон тумани Воҳим қишлоғида марҳуманинг хонадонида ўқилади.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида 2026-2027 ўқув йилининг 1-сонли Кенгаш йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишни институт ректори, Кенгаш раиси Уйғун Ғафуров бошқарди.
Мажлисда муассасанинг янги ўқув йилидаги фаолиятига оид қуйидаги муҳим масалалар кўриб чиқилди ва тасдиқланди:
Институт Кенгаши, таркибий бўлимлар ва кафедраларнинг 2026-2027 ўқув йилига мўлжалланган йиллик режалари ҳамда ўтган ўқув йилидаги буйруқлар ва мурожаатлар ижроси таҳлил қилинди.
Битирув малакавий ишлари мавзулари тасдиқланиб, илмий раҳбарлар бириктирилди; фан ойликлари, тўгараклар ташкил этиш ҳамда янги ўқув қўлланмаларини нашрга тавсия этиш масалалари ҳал этилди.
Талабалар турар жойи тўловлари, ички тартиб-қоидалар ва профессор-ўқитувчилар навбатчилиги тасдиқланди.
Таълим тизимида илк бор “Фахрий доктор”, “Фахрий профессор”, “Фахрий доцент”, “Фахрий устоз” ва “Фахрий талаба” мақомларини таъсис этиш, тегишли низом ҳамда кўкрак нишонлари эскизлари маъқулланди.
Институтнинг 55 йиллик юбилейини кенг нишонлаш режаси, муассасани халқаро аккредитациядан ўтказиш тайёргарлиги ҳамда 2030 йилгача бўлган ривожланиш стратегияси кўриб чиқилди.
Йиғилиш сўнггида кун тартибидаги барча йўналишлар бўйича тегишли қарорлар қабул қилиниб, масъулларга аниқ вазифалар юклатилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати