Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
18 Август, 2026   |   5 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:08
Қуёш
05:35
Пешин
12:27
Аср
17:17
Шом
19:22
Хуфтон
20:45
Bismillah
18 Август, 2026, 5 Рабиъул аввал, 1448

Биз ислом билан азиз бўлдик, фитна билан эмас!

13.10.2022   2719   4 min.
Биз ислом билан азиз бўлдик, фитна билан эмас!

Имом Дайнурий, Ториқ ибни Шаҳобдан ривоят қиладилар:

Шом фатҳ қилинди. (Шом ўлкаси ҳозирги Сурия, Фаластин ва Иордания ерларининг ҳаммасини жамлаган катта бир ҳудуд бўлган.) Бу ерлар азалдан бой ерлар дейилган. Бойлигининг биринчи сабаби кўҳна маданиятларнинг кўплигидир. Фаластин ерларига борган киши беш минг йиллик қадриятларнинг уфуриб турганини ҳис қилади. Тош кўчалардан юриб, Масжид ул-Ақсонинг атрофини кезган киши ажойиб ҳисни сезади. Бу ерда мусулмон, насроний ҳамда яҳудийлар бирга яшаётганини кўрасиз.

Ҳозирда авж олиб турган Фаластин можароси Масжид ул-Ақсодан етмиш километр наридаги Ғазо секторида бўлади. Жанжалнинг сабаби эса бойлик ва бошқа кўзланган мақсадлардир. Аслида бу ерларнинг асосий таланишининг сабаби кўҳна маданият, кўплаб пайғамбарларнинг макони бўлганлигидир.

Мана шундай ерларни ўзида жамлаган кўҳна Шом Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу даврларида фатҳ қилинди. Умар ибн Хаттобни Шомга таклиф қилишганларида, Ҳазрати Умарнинг туяга ўтирган, оёқларида ковуш, изорларини белларидан пастга боғланган, бошларида эса салла бор эди. Шомга кираётганларида эса туялари билан чуқур сувга кечган пайт оёқларидаги ковушига сув кирмаслиги учун  ечиб олиб қўлтиқларига қистирилган бир ҳолат эди. Халифани кутиб олишга чиққан асҳоблари буни кўриб:

-  Эй мўминлар амири! Бу нима қилганингиз? Ҳозир сизни Шомни фатҳ қилган шонли лашкарингиз қарши олади. Қолаверса бу ернинг руҳонийлари сизни кутиб олишга чиқади. Сиз эса бу аҳволдасиз – деди.

Шунда Ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу:

-  Аллоҳ таоло бизни Ислом билан иззат қилган қавммиз. Ислом билан азиз бўлганмиз. Иззатни ва азизликни Аллоҳ таолонинг ўзидангина талаб қиламиз, бошқасидан эса ҳеч қачон – дедилар.

Бу уммат Ислом билан азиз бўлди ва фақат Ислом билан бўлсагина азиз бўлишда давом этади. Ислом билан яшасак, унинг руҳиятини топсак анашу ҳақиқий азизликдир.

Исломнинг риояси фақат масжидларда, маросимларда ёки қабристонларда эмас балки, бозорларимизда, масжидларимизда, маърузаларимизда, уй ва оилада, олди-бердимизда ҳам мусулмонга хос тарзда бўладиган бўлса, биздан азиз қавмнинг ўзи бўлмайди. Мусулмонлар бир-бирларига нафрат ва адоват билан эмас, меҳр-муҳаббат ила боқсалар, фитна чиққан маҳалда ақл билан иш кўриб, аҳли илм устозларни маҳкам тутсак, биздан иззатлироқ қавм бўлмайди.

Аммо биз бугунги кунга келиб аҳли илм устозларни муҳокама қиладиган бўлдик. Илмсиз авомлигини тан олган ва ўзлигини унутган айрим кимсалар уламоларни очиқчасига муҳокама қиладиган бўлдилар. Бу умматнинг мағлубияти ўз уламоларига эргашмасдан, балки уларни муҳокама қилишдан бошланади. Одамлар орасига фитна солаётган, тўғри йўлдан барчани чалғитаётганлар айнан  шуни хоҳлашади. Яъни уларнинг мақсади дин пешволарининг шаънини, қадрини обрўсизлантиришдир. Улар бу йўлда ҳеч нарсадан қайтмаяпти. Ҳар томонлама кучга тўлган ёш қатламни ўзларига қурол қилиб олишяпти. Уларни имомларига, уламоларига қарши қилиб қўйишяпти. Ёд ғояларни уларнинг онгига сингдиришяпти.

Бугун биз айтамизки, бировларнинг қўлида жаҳолат қуроли бўлиб қолишдан огоҳ бўлинг. Илмингиз етмаган нарса ҳақида турли фикрлар чиқаришдан олдин унинг асл моҳияти ҳақида аҳли илм устозлардан сўранг. Тушунишга улгурмай аҳли илм устозлар айтган сўзларни ўзбошимча муҳокама қилишдан сақланинг. Фитнанинг авж олишига сабабчи бўлиб қолманг. Уламолар бир гапни гапириш учун бу мавзуни икир-чикирига қадар ўрганиб кейин бир хулосани баён қилишади.

Яқиндагина кўтарилган соқол ва ҳижоб масаласи ҳам аслида бундай авж олиши, бу умматнинг фақатгина шу муаммонинг атрофида айланиб қолишига сабаб бўладиган нарса эмас эди. Аслида аҳли илм устозлар «Соқолни олиб ташла» демаяпти, аксинча чиройли ва тартибли қўйиш тарафдори бўлишяпти. Қолаверса, «Ҳижобни еч» демаяпти, бурқа (ниқоб)дан эҳтиёт бўл деган масалани илгари суришди. Чунки бугунги кунда аёлларнинг бурқаси билан ёшларнинг узун ва тартибсиз соқоли фитна кийимига айланиб бўлди. Аёл кишидаги кўз, фитнанинг маконидир. Шунингдек, бурқа кийганда асосий назар ҳам аёл кишининг кўзига тушади. Барча фитналарнинг бошланиши эса назар орқали бўлади. Буларнинг ҳаммасини долзарб масалага олиб чиқиб, умматни чалғитиб ўз мақсадларини қисман уддалаётганларга кўмакчи бўлиб қолишдан тийилинг! Муаммо Исломда эмас, ўзимизда. Аввало ўзимизни ислоҳ қилсак, қолган ҳамма нарса ўз ўрнида бўлади. Барчангизни бирдамлик ва ҳамжиҳатликка чақириб қоламан.

 

Манба

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Учинчи Ренессанс: тарихий тажрибадан замонавий тараққиётга

18.08.2026   3958   8 min.
Учинчи Ренессанс: тарихий тажрибадан замонавий тараққиётга

Инсоният цивилизацияси тарихида айрим даврлар борки, улар фақат муайян халқ ёки минтақанинг эмас, балки бутун жаҳон тараққиётининг йўналишини белгилаб берган. Ислом цивилизациясининг IX–XV асрлардаги юксалиш даври ана шундай тарихий босқичлардан бири ҳисобланади. Бу даврда илм-фаннинг турли соҳалари бир-биридан ажралмаган ҳолда. ўзаро уйғунликда ривожланди. Математика астрономия билан, тиббиёт фалсафа билан, география математика билан, тилшунослик тарих билан, диний илмлар эса мантиқ ва тафаккур маданияти билан мулоқот қилган. Бугун фанлараро тадқиқот, рақамли гуманитаристика, сунъий интеллект ва комплекс илмий ёндашувлар жаҳон илм-фанининг энг муҳим йўналишларига айланган бир пайтда, ўша тарихий тажриба янада қизиқарли аҳамият касб этмоқда.

Мазкур уйғунлик тасодифий эмас эди. У Қуръони каримда илмга берилган юксак қадр, тафаккурга даъват, инсонни борлиқни англашга чорловчи ғоялар билан мустаҳкамланган илмий дунёқараш маҳсули эди. Шу сабабли ўша давр олимларини бугунги замонавий тушунчалардаги қатъий «мутахассисликлар» доирасига жойлаштириш қийин.

Форобий фалсафа, мантиқ, сиёсат, ахлоқ ва мусиқа назарияси билан шуғулланган. Хоразмий  математика ва астрономия соҳаларида ишлаган. Беруний астрономия, география, геодезия, минералогия, тарих ва этнографияга оид асарлар яратган. Ибн Сино тиббиёт билан бир қаторда фалсафа, мантиқ ва табиий фанлар ҳақида ҳам кенг тадқиқотлар олиб борган. Улуғбек эса давлат бошқаруви, таълим ва астрономик тадқиқотларни бирлаштирган илмий муҳитни шакллантирган. Бу мисолларнинг умумий жиҳати шундаки, билим соҳалари ўртасидаги чегаралар қатъий бўлмаган.

Бугун «интердисциплинар тадқиқот» деб аталадиган ёндашувнинг айрим тамойиллари айнан ана шу интеллектуал анъаналар билан ҳамоҳанг.

Шунингдек, ислом цивилизациясининг интеллектуал меросини фақат табиий ва аниқ фанлар билан чеклаш ҳам тўғри эмас. Чунки диний илмлар соҳасида ҳам манбаларни йиғиш, текшириш, таснифлаш ва баҳолашга қаратилган мураккаб илмий анъаналар шаклланган.

Имом Бухорийнинг ҳадис илмидаги мероси бунга яққол мисол бўла олади. Ҳадисларни саралашда ровийлар ҳақидаги маълумотлар, ривоят занжири ва бошқа мезонлар ўрганилган. Имом Мотуридий эса ақидавий масалаларни ақл ва нақл уйғунлиги асосида таҳлил қилган. Унинг мероси ислом интеллектуал анъанасида ақлий далиллаш ва диний билим ўртасидаги муносабат масаласида муҳим ўрин тутади.

Шу жиҳатдан Ислом цивилизацияси тарихини фақат диний ёки фақат илмий тарих сифатида эмас, кенг интеллектуал жараён сифатида кўриш мумкин.

Ўзбекистонда илгари сурилаётган Учинчи Ренессанс ғояси тарихий илмий меросни замонавий тараққиёт эҳтиёжлари билан боғлашга қаратилган.

Бу ёндашувнинг марказида илм-фан, таълим, инновация, маданият ва маънавиятни ўзаро боғлиқ тизим сифатида ривожлантириш ғояси туради.

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳам ана шу концепциянинг муҳим амалий ифодаларидан биридир.

Марказнинг вазифаси фақат тарихий экспонатларни намойиш қилиш билан чекланмайди.

Унинг концепциясида ислом цивилизациясининг илм-фан, таълим, фалсафа, санъат, меъморчилик ва инсонпарварлик соҳаларидаги меросини комплекс равишда ўрганиш ва намойиш этиш ғояси мужассам.

Нафақат музей, балки интеллектуал платформа

Марказни анъанавий музей тушунчаси доирасидагина баҳолаш унинг концепциясини тўлиқ ифодаламайди. Замонавий музей фақат экспонат сақлайдиган жой эмас. У тадқиқот, таълим, рақамлаштириш ва халқаро илмий мулоқот марказига айланиши мумкин. Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази концепциясида ҳам ана шу ёндашув муҳим ўрин тутади.

Қадимий қўлёзма — шунчаки тарихий буюм эмас. У тил, тарих, матншунослик, кодикология, санъат, материалшунослик ва рақамли технологиялар нуқтаи назаридан тадқиқ қилиниши мумкин бўлган мураккаб манба. Археологик меросни ўрганишда эса геоинформацион тизимлар, рақамли моделлаштириш, 3D технологиялар ва бошқа замонавий усуллардан фойдаланиш имкониятлари кенгаймоқда. Шундай қилиб, маданий меросни ўрганишнинг ўзи фанлараро жараёнга айланмоқда.

Ўтмишни сунъий интеллект билан боғлаш

Технологиялар маданий меросни ўрганиш усулларини ҳам ўзгартирмоқда.

Қўлёзмаларни юқори сифатда рақамлаштириш, матнларни электрон базаларга киритиш, сунъий интеллект ёрдамида матнларни таҳлил қилиш, 3D моделлар яратиш ва виртуал муҳитларда тарихий объектларни қайта тиклаш имкониятлари илмий тадқиқотлар учун янги йўналишларни очмоқда.

Бу ерда муҳим нуқта бор. Технология тарихнинг ўрнини босмайди — у тарихни янги авлод учун тушунарли ва тадқиқот учун янада очиқ қилади.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг концепцияси ҳам ўтмишдаги илмий меросни замонавий технологиялар билан боғлашга қаратилган.

Бу ёндашув тарихий билимни архив ва китоблар доирасидан чиқариб, халқаро тадқиқотчилар, талабалар ва кенг жамоатчилик учун очиқ интеллектуал ресурсга айлантириш имконини беради.

«Маърифат билан жаҳолатга қарши»

Ислом цивилизациясининг илмий меросини ўрганишнинг яна бир аҳамияти бор.

Глобал ахборот маконида дин, тарих ва маданият ҳақида турли хил, баъзан бир-бирига зид тасаввурлар юзага келганда тарихий меросни илмий асосда тушунтириш нафақат маданий, балки маърифий аҳамиятга ҳам эга.

Ислом цивилизацияси тарихини фақат диний маросимлар ёки сиёсий воқеалар орқали эмас, балки математика, тиббиёт, астрономия, фалсафа, география, меъморчилик ва бошқа соҳалардаги ютуқлар билан бирга ўрганиш унинг мураккаб ва кўп қиррали табиатини яхшироқ англаш имконини беради.

Шу маънода маърифат тарихий билимни замонавий ахборот муҳитидаги нотўғри талқинларга қарши муҳим воситага айлантириши мумкин.

Ўзбекистоннинг янги халқаро илмий платформаси

Ислом цивилизацияси бир мамлакат ёки бир халқнинг мероси эмас. У Марказий Осиё, Яқин Шарқ, Шимолий Африка, Жанубий Осиё ва бошқа ҳудудларни қамраб олган кенг тарихий ва интеллектуал маконни ифодалайди. Шу сабабли бу меросни ўрганиш ҳам халқаро ҳамкорликни талаб қилади.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази олдидаги муҳим вазифалардан бири ҳам турли мамлакатларнинг олимлари, университетлари, музейлари ва илмий-тадқиқот марказлари ўртасида мулоқотни кучайтиришдан иборат.

Бу Ўзбекистоннинг ўз тарихий меросини дунёга танитиш билан бирга, мамлакатни глобал гуманитар тадқиқотларнинг фаол иштирокчиси сифатида намоён этишига хизмат қилиши мумкин.

Учинчи Ренессанснинг асосий кучи

Учинчи Ренессанс ҳақида гап кетганда, масала фақат янги бинолар қуриш ёки янги муассасалар ташкил этишдан иборат эмас. Асосий савол бошқа: Ўзбекистон ўзининг бой илмий меросини замонавий билим ва инновацияларга қандай айлантира олади? Бу саволнинг жавоби илм-фан, таълим, технология, маданият ва инсон капиталининг бир нуқтада бирлашишини талаб қилади.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг аҳамияти ҳам шу нуқтада намоён бўлади. У тарихий меросни сақлаш билан бирга, уни тадқиқ қилиш, рақамлаштириш, халқаро илмий мулоқотга олиб чиқиш ва янги авлодга етказиш учун платформага айланиши кўзда тутилмоқда.

Шу маънода Марказни ўтмишга бағишланган иншоот эмас, келажакка йўналтирилган интеллектуал инвестиция сифатида баҳолаш мумкин.

Чунки цивилизациянинг ҳақиқий қиймати фақат унинг ўтмишда яратган мероси билан эмас, балки бу мерос янги авлод учун қандай янги билим ва ғояларга айланиши билан ҳам ўлчанади.

Хоразмийнинг ҳисоблаш усулларидан бугунги алгоритмларгача, Берунийнинг комплекс тадқиқотларидан замонавий фанлараро лойиҳаларгача, Улуғбек расадхонасидан рақамли астрономиягача бўлган йўл бир ҳақиқатни кўрсатади: илм тараққиёти чегаралар эмас, мулоқот ва ҳамкорлик орқали тезлашади.

Эҳтимол, Учинчи Ренессанснинг энг муҳим вазифаси ҳам ана шунда — аждодлар яратган билимларни шунчаки эслаш эмас, балки улардан янги билимлар яратиш учун фойдаланиш. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази эса ана шу ғоя атрофида шаклланаётган янги интеллектуал муҳитнинг муҳим платформаларидан биридир.

Муаллиф: Абулфайз Сайидасқаров, iccu.uz

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари