Миссионерлик- лотинча “юбориш” ва “топшириқ” маъноларини билдириб, бир динни бошқа диндагилар ўртасида тарқатиш сохасидаги черков (яъни, католик ва протестантлар каби йўналишлар) ташкилотларнинг фаолиятидир. Содда қилиб айтганда, миссионерлик христианлаштиришдир. Шуни билиш лозимки даъват (насихат) бошқа, миссионерлик бошқача нарсадир. Бир дин вакилини ўз қавмига хитоби даъват бўлиб, ҳар бир инсон бу ишни қилиши мумкин. Аммо бир дин вакилининг бошқа диндагиларни ўз динига оғдириш учун қиладиган харакати эса, миссионерлик дейилади ва бу қонун билан таъқиқланади. Минг афсуслар бўлсинки охирги пайтларда баъзи шахслар ўзларининг муқаддас Ислом динини қўйиб, бошқа динга ўтиб кетиш холлари кузатилмоқда. Бу холга чек қўйилмас экан, миллат барқарорлигига таҳдид солиниши турган гап! Дунё тарихига назар соладиган бўлсак, миссионерларнинг ўзга дин вакиллари орасидаги фаолият хар дойим минтақа барқарорлигини бузган ахоли орасида нотинчлик ва қон тўкилишларга сабаб бўлган.
Миссионерларнинг ғаразли мақсадлари ва фаолиятлари:
1. Халқни христианлаштириш. Шу орқали уларни иқтисодий, сиёсий ва маънавий жихатдан Ғарб давлатлари таъсир доирасига олиш
2. Халқларда ўз динига нисбатан шубҳа уйғотиш, уларнинг ўз динидан чиқариш ва динсиз қолдириш.
3. Қадимдан христиан бўлганларни ўз динларида мустаҳкамроқ туришга чорлаш ва улар сафини янги христианлар билан тўлдириш
Улар мақсадлари йўлида барча воситалардан фойдаланади, уларнинг хийла найранглари моддий рағбатлантириш ва турли алдов йўллари билан олиб боради.
Баъзи ватандошларимиз уларнинг кетидан эргашиб кетаётганининг Биринчи сабаби- муқаддас Ислом динимиз хукмларидан мутлақо бехабарлик.
Иккинчиси сабаб- ён атрофимиздаги кам таъминланган оилалар, ногиронлар ва боқувчисидан айрилган қариялардан деярли вабар олмаймиз, моддий ва маънавий ёрдамлар кўрсата олмаяпмиз. Миссионерлар бу имкониятдан фойдаланиб баъзи муҳтожларнинг кўнглини овлаб, диндан чиқармоқда. Аллоҳ таоло бу ҳақда Қуръони каримда шундай деган:
“Сизлардан кимда ким ўз (Ислом) динидан қайратиб, кофир ҳолида ўлса, ундан кимсаларнинг қилган амаллари (тоат ибодатлари) дунёю охиратда беҳуда кетар. Улар дўзах аҳлидирлар ва ундан мангу қолурлар” (Бақара сураси, 2017- оят)
Шу ўринда катта шахарлардан бирида бўлган воқеани эслайлик: Ўзига тўқ, махаллада хурмат эътиборли бир отахонни олийгоҳда таълим олиётган қизлари йўлдаги бахтсиз тасодиф туфайли вафот этади. Унинг жанозасига махалладошлар, қариндош-уруғлар, қуда-андалар каби мингдан ортиқ киши тўпланади. Майит тобудга солиниб жаноза ўқилиши учун олиб чиқилмоқчи бўлганда, қаердандир икки нафар миссионер даъватчилари келиб бу қизни динини ўзгартириб уларнинг сектасига қўшилганини айтиб, исботлар келтиришади. Мархумани муслима эмаслиги, динини ўзгартирганлиги барчага аён бўлади. Табиийки унга жаноза буюрилмайди ва йиғилган жамоа тарқаб кетади. Мархуманинг отаси бу шармандаликни кўтара олмай юрак хуружидан вафот этади. Дунё учун охуратини сотган кимса дунё ва охиратда хўрлик ва шармандаликка учраши аниқ.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Чуст тумани вакили Баҳодир Шарипов
18 август Тошкентнинг нафақат диний, балки маданий ва илмий мероси тарихида муҳим ўрин тутувчи сана. Қуръони Каримнинг энг қадимий қўлёзмаларидан бири сифатида эъзозланадиган Усмон Мусҳафи асрлар давомида Марказий Осиё тарихининг турли босқичларига гувоҳ бўлиб келган, хабар бермоқда iccu.uz.
Ушбу нодир қўлёзма йирик ҳажмдаги пергамент варақларга ёзилган бўлиб, матни қадимий Ҳижоз хатида битилган. Мусҳафда ҳозирги араб ёзувидаги нуқта ва ҳаракат белгилари мавжуд эмас. Манбаларда унинг сақланиб қолган қисми 338 ёки 353 варақдан иборат экани ҳақида турли маълумотлар учрайди. Айрим йўқолган пергамент варақлар кейинчалик қоғоз билан алмаштирилган. Қўлёзманинг аниқ санаси хусусида илмий адабиётларда турли қарашлар мавжуд.
Тарихий маълумотларга кўра, Мусҳаф узоқ йиллар Самарқандда сақланган. 1868–1869 йилларда у Санкт-Петербургга олиб кетилган ва Император халқ кутубхонасига топширилган. 1905 йилда қўлёзманинг 50 та факсимиле нусхаси кўчирилган. 1917 йилдаги сиёсий ўзгаришлардан кейин мусулмон уламоларининг талаби билан Мусҳаф аввал Уфага, кейин эса Ўрта Осиёга қайтарилиши жараёни бошланган.
1924 йилда Усмон Мусҳафи Татаристон, Бошқирдистон ва Туркистон уламоларидан ташкил топган махсус кузатувчилар ҳамроҳлигида махсус поезд орқали Уфадан Тошкентга олиб келинди. Тошкентга олиб келинганидан сўнг Мусҳаф бир муддат шаҳардаги масжидлардан бирида сақланди. Кейинчалик унинг асраб-авайланишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон тарихи давлат музейига топширилди.
1989 йил 14 март куни Тошкентда бўлиб ўтган Мусулмонларнинг IV қурилтойида Ўзбекистон ҳукумати қарори билан Усмон Мусҳафининг мусулмонлар ихтиёрига қайтарилгани эълон қилинди. Кейинчалик у Ўзбекистон мусулмонлари идораси ихтиёрига топширилди. Мусҳаф бир муддат Ҳазрати Имом мажмуасидаги «Мўйи Муборак» мадрасаси музей-кутубхонасида махсус шароитда ҳам сақланди.
Усмон Мусҳафининг тарихий ва маданий аҳамияти халқаро миқёсда ҳам эътироф этилган. 1997 йилда қўлёзма ЮНЕСКОнинг «Memory of the World» — «Жаҳон хотираси» дастури рўйхатига киритилган.
2025 йил 13 ноябрь — Усмон Мусҳафи тарихида яна бир муҳим сана. Айнан шу куни нодир қўлёзма Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига олиб келинди. Бугун Қуръон залидаги асосий экспонатлардан бири сифатида алоҳида ўрин эгаллаб, юртимизнинг кўп асрлик диний, илмий ва маънавий меросини намоён этувчи бебаҳо ёдгорлик сифатида тақдим этилган. Шунингдек, Марказда турли даврларда Сомонийлар, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар ва Темурийлар даврида кўчирилган Қуръон нусхаларини ҳам кўриш мумкин. Усмон Мусҳафи тарихи бу фақат бир қўлёзманинг тарихи эмас. Бу асрлар оша сақланган илмий ва маънавий мерос, уни асраб-авайлаган авлодлар хотираси ва Ўзбекистон заминида шаклланган буюк ислом цивилизациясининг узвий давомийлиги ҳақидаги тарихдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати