Жаннат оналар оёғи остида
Ўтган асрнинг 60-йилларида ғарб мамлакатларида содир бўлган “маданий инқилоб” эр, хотин ва болаларни оилавий вазифалар, бурч ва масъулиятдан озод этиб, оилага бўлган ижтимоий эҳтиёжни йўққа чиқарди. Бу ҳол оиланинг емирилишига сабаб бўлди. “Оммавий маданият” азалий қадриятларни камситиб, ҳатто аёлнинг эри ва болалари бўлиши табиий, ҳаётий эҳтиёж экани ҳақидаги тасаввурлар устидан ҳам кулиб келди, аёлни оналик вазифасидан буткул “қутқариш”га интилаётган гуруҳлар пайдо бўлди. Бугун ушбу гуруҳлар кўпгина Европа мамлакатларида ҳукуматга таъсир қилиш қудратига эга. Улар дастаклари ёрдамида ўзларининг манфур қилмишларига қарши жамиятларни демократияни бўғиш, хотин-қизлар ва ёшларни эркин ҳаёт тарзидан маҳрум қилишда айблашяпти. Бунда ўтган асрнинг бошларида ғарб мамлакатларида шаклланган ва бугунги кунга келиб, ижтимоий ҳаракатга айланган феминизмнинг “хизмат”и катта.
Шарқ мусулмон халқларида аёлларни ҳурмат қилиш, уларни нафақат моддий-жисмоний, балки маънавий ҳимоялаш анъанаси чуқур илдиз отган. Уларнинг ҳар бири она ёки аёллик фитрати амалга ошишини орзу қилади. Шарқда “Жаннат оналар оёғи остида” деган ҳикмат бекорга бот-бот такрорланмайди. Унинг замирида жамиятда аёлнинг ўрни, қадр-қиммати ўз аксини топган. Баъзан жамиятимизда аёлларнинг эри томонидан зўравонликка учраётгани ортиқча бўрттирилади. Аммо ғарбда оила қурмаган, фарзандли бўлиш ҳақида ўйламаган аёллар ёши ўтган сари жамиятда ёлғизликка маҳкум бўлиши ҳақида ҳеч сўз демайди.
Оилани муқаддас деб билмаганлар учун муқаддас нарсанинг ўзи йўқ
Абдурауф Фитрат “Оила” асарида “Қаерда оила, оила муносабати кучли интизомга таянса, мамлакат ва миллат ҳам шунча кучли ва муаззам бўлади”, деб таъкидлайди. Хўш, оиланинг муқаддаслиги нимада? Ўзаро ришталар никоҳ воситасида мустаҳкамланган, эр-хотин бир-бирининг олдидаги бурчи, масъулият ва садоқатни ҳис қилгандагина оила муқаддаслик даражасига чиқади. Ушбу тушунчалар муайян ҳаётий тажриба, машаққат ва турмуш синовларида тобланишлар натижасида вужудга келади.
Йилдан-йил хотин-қизлар ва ёшлар ўртасида жиноятлар сони ортиб боряпти. Мутахассислар фикрича, бунинг асосий сабабларидан бири кундан-кун сони ортиб бораётган нотўлиқ оилалардир. Айни кунда ижтимоий хавфли жиноятлар содир этаётган аксарият аёллар ва вояга етмаганлар нотўлиқ оилалардан эканлиги айтиляпти. Ёки бўлмаса, бошқа ҳуқуқбузарликлар, одам савдоси қурбонлари, ёшлар, аёллар, албатта, буларнинг барчаси асосан ажралиш оқибатида юзага келади.
Аёл меҳрли, болапарвар хилқатлигини ҳисобга олиб, шу йўсинда унинг ижтимоий ҳаётдаги ўрни белгиланади. Куч-қувватда у эркакка тенглаша олмайди, шунинг учун ҳам эркак уни ҳимоялаши, ғамхўрлик қилиши лозим. Ҳаёт, оила мувозанатининг бузилмаслиги учун аёл ҳам ўз вазифаларини бажаришга масъул.
Бу масалада ўз анъаналаримиз бор
Баъзи соҳаларда аёлларга қараганда эркакларнинг ўрни баланд, баъзи масалаларда эса аёллар устун, баъзиларида эса улар тенг ҳуқуқли. Бу жинсларнинг қайсидири бирон нарсада камситилганини англатмайди. Бу ҳар ким ўз табиатидан келиб чиққан ҳолда, ўз ўрнида туриб, ўзининг ишини қилаётгани демакдир. Аслида аёлларга нисбатан ҳар қандай зўравонлик барча ақлли жамиятларда, хусусан, исломда қаттиқ қораланади. Аёлларга нисбатан куч ишлатиш тажовуз ҳисобланади.
Бугун оиласида зўравонликка учраган аёлларни ҳимоя қилиш мақсадида реабилитация марказлари фаолият юритяпти. Аммо ўнта аёлга зўравонлик ишлатилиб, ўнта эркак жазоланганидан жамиятга нима наф? Шунинг учун ҳам мутахассислар баъзида оғир бўлмаган ҳолатларда оиланинг бир бутунлигини сақлаб қолиш мақсадида тушунтириш ишлари олиб боряпти. Зеро, улуғлар айтганидек, ўз уйида бахтли бўлган инсонгина чинакам бахтиёрдир.
Сулаймон МАРДИЕВ
“Zarafshon” газетасининг 2022 йил 4 октябрь сонидан
Иорданиянинг нуфузли “Jordan News Agency” (Petra) ахборот агентлиги ҳамда “Hala Ahbar” нашрида 24–29 август кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ ва кашфиётлар” мавзусидаги халқаро медиафорумга бағишланган мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Агентликда ёзилишича, мазкур йирик халқаро тадбир Ўзбекистоннинг жаҳон медиа ҳамжамияти билан алоқаларини янада кенгайтириш, журналистлар ва соҳа мутахассислари ўртасида тажриба алмашишни ривожлантириши билан аҳамиятлидир.
Шу билан бирга, форум давомида ислом цивилизациясининг бой илмий-маърифий ва маданий меросини замонавий медиа воситалари орқали кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилади.
Форумнинг асосий тадбирлари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ўтказилади. Унда хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари, халқаро экспертлар ҳамда медиа соҳаси мутахассислари иштирок этади.
Нашрлар форум дастурининг мазмун-моҳиятига алоҳида эътибор қаратган. Хусусан, тадбир доирасида ялпи мажлислар, ихтисослаштирилган медиа-кўргазмалар, матбуот брифинглари ва икки томонлама учрашувлар ташкил этилади.
Мунозараларда ҳужжатли фильмлар яратиш, тарихий хотирани асраш ва ёритиш, нашриёт лойиҳаларини ривожлантириш, замонавий технологиялардан медиа соҳасида самарали фойдаланиш ҳамда халқаро медиа лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинади.
Нашрнинг қайд этишича, тадбирнинг муҳим жиҳатларидан бири – Ўзбекистонлик талабалар учун халқаро медиа соҳасининг тажрибали мутахассислари иштирокида амалий мастер-класслар ўтказилишидир. Бу машғулотлар замонавий журналистика, медиамаҳсулотлар яратиш ва халқаро ахборот маконида самарали фаолият юритиш бўйича билим ва кўникмаларни оширишга хизмат қилади.
Иордания ОАВда форум доирасида иштирокчилар учун Самарқанд шаҳрига сафар ҳам режалаштирилгани қайд этилган. Хорижий журналистлар Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилиб, Самарқанднинг бой тарихий-маданий мероси билан танишадилар. Тошкент шаҳрида эса халқаро ОАВ вакиллари учун махсус медиатур ташкил этилади.
Бундай сафарлар форум иштирокчиларига Ўзбекистоннинг нафақат замонавий тараққиёти, балки унинг жаҳон цивилизацияси тарихидаги ўрни, илмий-маърифий анъаналари ва бой маданий мероси ҳақида бевосита тасаввур ҳосил қилиш имконини беради.
Мақолаларда халқаро медиафорумнинг 28 август куни якуний ялпи мажлис ва расмий ёпилиш маросими билан якунланиши ҳам маълум қилинган. Хорижий меҳмонлар Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тадбирларда ҳам иштирок этади.
Ўзбекистон мусулмонлар идораси Матбуот хизмати