Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
24 Август, 2026   |   11 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:16
Қуёш
05:41
Пешин
12:25
Аср
17:11
Шом
19:13
Хуфтон
20:34
Bismillah
24 Август, 2026, 11 Рабиъул аввал, 1448

Уларга денгиздаги балиқлар ҳам истиғфор айтади

01.10.2022   5452   5 min.
Уларга денгиздаги балиқлар ҳам истиғфор айтади

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг катта ва буюк вазифалари – таълим бериш бўлган. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам мўминларни гўзал бир ўхшатиш ила таърифлаганлар: "Мўминлар бир-бирига ёпишган бино кабидир", деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Бу уммат гўёки бир иморатга кабидир. Аммо ушбу бинонинг қурувчилари ким? Уни қуриш учун ғишт қўйганлар кимлар биласизми? Албатта – устозлар.

Агар муаллим ғиштни нотўғри қўйса, касбига масъулиятсиз бўлса бино мустаҳкам бўлмаганидек, миллат ҳам пароканда бўлади, инқирозга юз тутади.

Ўқитувчининг муҳим жиҳатларидан бири бу – унинг ташқи кўринишидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хилқатлари гўзал, хушбўй ҳидли, қиёфалари чиройли эди. Аллоҳ таоло шундай яратганди. Бироқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни сақлашга қаттиқ интилардилар. Хушбўйлик ишлатардилар, покиза кийим киярдилар, соч-соқолларини парваришлардилар.


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Албатта Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарларини чиройли юзли ва ёқимли овозли қилган", деб айтганлар.

Нима учун чиройли юз ва овозли биласизми? Сабаби кишиларнинг қалбига йўл очиш учун бўлган.

Агар ўқитувчи ёқимсиз ҳид, ўзига бефарқ ва эскирган кийим билан дарсга келса, ўқувчилар ундан қандай қилиб сабоқ олишини тасаввур қиласизми?

Ўқитувчилар учун муҳим ахлоқ-одоблардан яна бири бу – барча ўқувчиларга бир хил муносабатда бўлишдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга ҳатто назарларини ҳам тенг тақсимлар эдилар. Бугун кўп ўқитувчилар бутун дарс жараёнига фақат биринчи қатордаги ёки синфнинг маълум бир томонидаги ўқувчиларга эътибор қаратади. Бу адолатсизликдир ва бундай қилишдан эҳтиёт бўлиш лозим.


Устознинг бурчлардан яна бири бу – янги истеъдодларни очишдир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Мерос илми бўйича энг илмлиси Зайд, ҳалол ва ҳаром масаласини энг яхши биладиганингиз Муъоз ибн Жабал, мен илм шаҳриман, Али эса унинг дарвозаси", деб айтардилар.

Иқтидорни аниқлаш ҳар бир ўқитувчининг муҳим вазифасидир. Улар эртага жамият учун кимларни тақдим этишади? Малакали шифокорними, муҳандис ёки журналист ё олимними?

Агар ўқитувчи ўз ўқувчиларининг иқтидорини эрта аниқлашга ва уларнинг қизиқишларини рағбатлантирмаса жамиятда турли тартибсизлик келиб чиқади. Соҳалар ривожланмайди, мутахассислар етишиб чиқмайди.

Таълим бериш вазифаси фақатгина мактаб ўқитувчиларига тегишли эмас. Ҳар ким ўқитувчи бўлиб, бу шарафли ва қадр-қиммати юксак мартабага эришиши мумкин.


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Аллоҳ таоло, Унинг фаришталари, ҳатто инидаги чумоли ва денгиздаги балиқлар ҳам инсонларга яхшиликдан таълим берувчиларга салавот айтадилар", дедилар (Имом Термизий ривояти).

Тасаввур қилинг, агар уч-тўрт кишига бўлса ҳам яхшиликни ўргатсангиз, Ер юзидаги барча мавжудот сизнинг ҳаққингизга дуо қилади. Бундан ҳам каттароқ ажру савоб бўлмаса керак.

Таълим бериш бу умумий масъулиятдир. Бу шундай оғир масъулиятки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўринбосарлик қилишнинг бир қисмидир.


Кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир гуруҳ илмга муҳтож одамларни учратдилар, аммо қўшнилари эса уларга бепарво билан қарашарди. У зот бундан қаттиқ ғазабландилар. Масжидга бориб: "Сизларга нима бўлди-ки, қўшниларингизга таълим бермаяпсиз?" дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу танбеҳни икки-уч бора такрорладилар.

Саҳобалардан баъзилари Мадина шаҳридаги бир қабила боришди. Кейин: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эҳтимол сизни назарда тутгандирлар. Чунки сизлар илмлисиз, лекин қўшниларингиз эса илмсиз", дейишди. Улар дарҳол Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бориб: "Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сиз бизни назарда тутган эдингизми?" деб сўрашди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқаларга таълим бериш масъулиятини тасдиқлаб, айтган гапларини яна такрорладилар.

Демак, кимнингдир қўшниси, дўсти ёки ҳамкасби илмсиз бўлса, унга таълим беришга эътиборсизлик қилмаслик лозим экан. Илм излаш ва уни тарқатиш ҳар бир мўмин-мусулмоннинг бурчидир.


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сафарда эдилар. Шунда бир аъробий келиб туяларининг жиловидан тортиб, Набий алайҳиссаломни тўхтатди. Бадавий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қараб: "Эй Муҳаммад, менга нима фойда келтиришини ўргат" деди. Унинг қўпол муомаласидан саҳобалар розияллоҳу анҳум қаттиқ ғазабланишди. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга табассум қилдилар ва: "У ҳидоят топди", дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу сўзлари бадавийга ижобий таъсир қилди. Унинг янада илм олишга бўлган иштиёғи ортди. Шунинг учун ўқитувчилар ҳамиша ўқувчиларини яхши сўз билан рағбатлантириб туришлари лозим.


Илм бериш учун ҳар қандай фурсатдан унумли фойдаланиш керак. Аммо зинҳор уни кечиртирмаслик ва орқага сурмаслик лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Албатта мен муаллим этиб юборилдим", деганлар.

Демак, таълим берувчилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашувчилардир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашсангиз Аллоҳ таолонинг ушбу оятига амал қилган бўласиз: “Айтинг (эй, Муҳаммад!): “Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират этади. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир” (Оли Имрон сураси, 31-оят).

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Муқаддас масканга муносабат қандай бўлиши керак?

14.08.2026   36975   2 min.
Муқаддас масканга муносабат қандай бўлиши керак?

Имом Бухорий мажмуаси нафақат Озбекистон, балки бутун ислом олами учун улугва муқаддас қадамжолардан бири ҳисобланади.

Ҳазрат Имом Бухорийдек буюк муҳаддис номи билан бог‘лиқ ушбу мажмуа бугун юртимизнинг энг йирик ма’навий ва маданий марказларидан бирига айланган. Ҳар куни минглаб зиёратчилар бу ерга келиб, аждодлар мероси, ма’рифат ва муқаддас тарих билан юзлашмоқда.

Мажмуа нафақат зиёратгоҳ, балки халқимизнинг бой ма’навий мероси, миллий ме’морчилиги ва ислом цивилизациясидаги о‘рнини намоён этувчи ноёб маданий об’ектдир. Уни барпо этиш учун катта меҳнат, юксак маҳорат ва қимматбаҳо қурилиш материаллари сарф этилган. Шу боис бу қутлуг‘ масканни асраб-авайлаш ҳар биримиз учун муҳим вазифадир.

Яқинда Маданий мерос агентлиги томонидан айрим зиёратчиларнинг мажмуа ҳудудида бепарво муносабатда бо‘лаётгани ҳақида ма’лумот берилди. Айрим ҳолатларда устунлар, айвонлар ва музей экспонатларига эҳтиётсиз муносабатда бо‘лиш, чиқиндиларни дуч келган жойга ташлаш каби ҳолатлар кузатилмоқда. Бу эса нафақат зиёратгоҳ ко‘ркига, балки унинг ма’навий муҳитига ҳам салбий та’сир ко‘рсатади.

Бу ҳолат барчамизни сергакликка чақириши керак. Зеро, муқаддас қадамжога келган инсон аввало о‘зини муносиб тутиши, тозалик ва тартиб-қоидаларга амал қилиши лозим. Чунки зиёратгоҳ — оддий сайргоҳ эмас. Бу ерда асрлар нафаси, буюк аждодлар руҳи ва ма’рифат зиёси мужассам.

Тозалик эса инсон маданиятининг энг муҳим ко‘рсаткичларидан бири. Ислом та’лимотида ҳам покликка алоҳида аҳамият берилган. Пайг‘амбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом “Тозалик — иймоннинг ярмидир”, дея та’кидлаганлар. Демак, зиёратгоҳ ҳудудида озодаликни сақлаш нафақат фуқаролик бурч, балки ма’навий мас’улият ҳамдир.

Айниқса, чет эллик меҳмонлар О‘збекистон ҳақидаги илк таассуротни айнан шундай муқаддас масканлар орқали олади. Агар зиёратгоҳ озода, тартибли ва файзли бо‘лса, бу халқимизнинг юксак маданияти ва ма’навиятини намоён этади. Аксинча, бепарволик ва тартибсизлик мамлакатимиз нуфузига салбий та’сир ко‘рсатиши мумкин.

Ёш авлодни зиёратгоҳ маданияти руҳида тарбиялаш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Болалар катталардан ибрат олади. Агар ота-она муқаддас жойда тартибга амал қилса, эҳтиёткор бо‘лса, фарзанд ҳам шу руҳда тарбия топади. Шу боис ҳар бир инсон о‘з ҳаракати билан бошқаларга намуна бо‘лиши керак.

Имом Бухорий мажмуаси — миллатимиз г‘урури ва ма’навий бойлиги. Уни асраш, тозалигини сақлаш ва эҳтиром билан муносабатда бо‘лиш ҳар бир инсоннинг виждоний бурчидир. Зиёратгоҳларга бо‘лган муносабатимиз орқали биз о‘з маданиятимиз, ма’навиятимиз ва аждодлар меросига бо‘лган ҳурматимизни намоён этамиз.

Аслиддин Мустафоев, мажмуа ахборот хизмати раҳбари.

О‘збекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари