Динимизнинг икки муқаддас манбаи - Қуръон ва суннатда одамлар орасини ислоҳ қилиш энг катта савоб амаллардан экани ва аксинча, кишилар орасини бузиш, бир-бирига гижгижлаш эса улкан гуноҳлиги таъкидланган.
Кишилар орасини бузиш фитна ҳисобланади. Фитна маънавий жиноятдир. Унинг дастидан оила, маҳалла-кўй, ҳаттоки бутун бошли жамият пароканда бўлиб кетиши мумкин.
Кимларгадир яқин бўлиш ва баъзи мақсадларга етишишдек ғаразни кўзлаб бир мўмин биродари (дўсти, ҳамкасби, қариндоши...) га туҳмат этиш, гап ташиш, чақимчилик қилиш қабр азобига сабаб бўлади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Чақимчи жаннатга кирмайди!" деганлар ( Имом Муслим).
Киши фитна қилиб ўзи таълим олаётган маскан, ризқланиб турган иш жойининг маънавий ҳаётини булғаши, у ерда ўқиётган, меҳнат қилаётганларнинг бир-бирига ишончи йўқолишига сабаб бўлувчи носоғлом муҳитни юзага келтириши нонкўрлик ҳамдир.
Ҳар қандай гуноҳ ишга қўлимиз, тилимиз, ҳеч қурса, дилимиз билан қарши туришга буюрилганмиз. Бир-биримизни яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтариш ҳар биримизнинг мўминлик бурчимиздир. Шундай экан, фитна қўзғалгани ҳамоно, унинг тарқалиши учун карнай бўлиш ўрнига, дарҳол ёйилишига тўсиқ бўлиб, фитна қўзғаётганларни инсофга чақиришимиз керак.
Фитна қилиш каби қабиҳ ишларнинг жавоби оғир, азоби қаттиқдир. Арзимас ва ўткинчи дунё матоҳини кўзлаб, қабиҳ ишлар билан шуғулланиб юрганлар наинки абадий охират саодатини бой беришаётгани, балки шу дунёдаёқ хору зор бўлишларини эсдан чиқармасинлар. Зеро, Парвардигорнинг адолат тарозуси бор: " Бас, кимки ( дунёда) зарра миқдорида яхшилик қилган бўлса,( қиёмат куни) уни кўрар. Кимки зарра миқдорида ёмонлик қилган бўлса, уни ҳам кўрар" ( Залзала, 7-8).
Иброҳим Қосимхўжаев,
Наманган шахар “Ғойибберди махдум” жоме масжиди имом хатиби
Энг улуғ, энг азиз байрам – Мустақиллик шодиёналарига саноқли кунлар қолди. Айём арафасида кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ўзгалар кўмагига муҳтож беморлар, кексалар ҳолидан хабар олиниб, уларга байрам туҳфалари етказиб бериляпти.
Бугун Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов бошчиликларида имом-домлалар, ҳомийлар пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги "Исломобод" масжидида йиғилиб, эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олишди.
«Вақф» хайрия жамоат фонди Тошкент шаҳар филиали ҳамда ҳомийлар кўмагида тайёрланган озиқ-овқатлар жамланмаси, ширинликлардан иборат эҳсонлар билан хонадонларга кириб борилди.
Кўнгли ўксик инсонлар байрам туҳфаларини олиб, азиз юртимизда ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда эмаслигига яна бир карра амин бўлишди.
Аллоҳ таоло эҳсонларни қабул қилсин. Савобларини кўпайтириб берсин!
Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати