У кишининг туғилган саналари манбаларда турлича келган. Ҳижрий 118 ёки ундан бир йил кейин туғилганлар. Бошқа ривоятда 110 дейилган. Хатиб Бағдодий Ибн Муборакдан келтирадилар: “Абдуллоҳ ибн Идрис менга ёш ҳақида эслатди ва мендан неча ёшлигимни сўради. Мен унга айтдим: “Ажамлар буни ёдлаб қолмайдилар, лекин, Абу Муслим чиққанида қора кийганимни эслайман, ўшанда ёш бола эдим”. У айтди: “Сен ҳам қора кийишга дучор бўганмидинг?”. Айтдим: “Бундан ҳам кичикроқ эдим. Абу Муслим ҳаммани – каттаю кичикни қора кийишга мажбур қилган эди”. Кўриниб турибдики, бу Аббосийлар ҳукмронлигининг илк даврларида, қора кийишни ўзларига шиор қилиб олганларида бўлган. Халқнинг барчасини шунга мажбурлаганлар. Аббосийлар 132 йил пайдо бўлган бўлса, демак туғилишлари 110 ҳижрий бўлади”[1].
Лекин манбалар[2]да 118 ҳижрийда туғилганлари этилган. Буни Аҳмад ибн Ҳанбал ҳам айтганлар. Вафотлари ҳижрий 181 йил, 63 ёшларида бўлган.
Хуросоннинг машҳур шаҳарларидан бири Марвда туғилганлар. Марви Шоҳижон деб аталган. Бу шаҳар ва унинг одамлари ҳақида ўтган қисмларда сўз юритдик.
Н.Саидакбарова,
Тошкент Ислом институти
“Ҳадис ва Ислом тарихи” кафедраси ўқитувчиси.
[1] “Тарихи Бағдод”, 10:154.
[2] “Таҳзибут таҳзиб”, “Тобақот”, “Ал-Бидоя ва Ан-Ниҳоя”, “Вафаётул аёън”, “Сияри аъломун нубало”.
18 август Тошкентнинг нафақат диний, балки маданий ва илмий мероси тарихида муҳим ўрин тутувчи сана. Қуръони Каримнинг энг қадимий қўлёзмаларидан бири сифатида эъзозланадиган Усмон Мусҳафи асрлар давомида Марказий Осиё тарихининг турли босқичларига гувоҳ бўлиб келган, хабар бермоқда iccu.uz.
Ушбу нодир қўлёзма йирик ҳажмдаги пергамент варақларга ёзилган бўлиб, матни қадимий Ҳижоз хатида битилган. Мусҳафда ҳозирги араб ёзувидаги нуқта ва ҳаракат белгилари мавжуд эмас. Манбаларда унинг сақланиб қолган қисми 338 ёки 353 варақдан иборат экани ҳақида турли маълумотлар учрайди. Айрим йўқолган пергамент варақлар кейинчалик қоғоз билан алмаштирилган. Қўлёзманинг аниқ санаси хусусида илмий адабиётларда турли қарашлар мавжуд.
Тарихий маълумотларга кўра, Мусҳаф узоқ йиллар Самарқандда сақланган. 1868–1869 йилларда у Санкт-Петербургга олиб кетилган ва Император халқ кутубхонасига топширилган. 1905 йилда қўлёзманинг 50 та факсимиле нусхаси кўчирилган. 1917 йилдаги сиёсий ўзгаришлардан кейин мусулмон уламоларининг талаби билан Мусҳаф аввал Уфага, кейин эса Ўрта Осиёга қайтарилиши жараёни бошланган.
1924 йилда Усмон Мусҳафи Татаристон, Бошқирдистон ва Туркистон уламоларидан ташкил топган махсус кузатувчилар ҳамроҳлигида махсус поезд орқали Уфадан Тошкентга олиб келинди. Тошкентга олиб келинганидан сўнг Мусҳаф бир муддат шаҳардаги масжидлардан бирида сақланди. Кейинчалик унинг асраб-авайланишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон тарихи давлат музейига топширилди.
1989 йил 14 март куни Тошкентда бўлиб ўтган Мусулмонларнинг IV қурилтойида Ўзбекистон ҳукумати қарори билан Усмон Мусҳафининг мусулмонлар ихтиёрига қайтарилгани эълон қилинди. Кейинчалик у Ўзбекистон мусулмонлари идораси ихтиёрига топширилди. Мусҳаф бир муддат Ҳазрати Имом мажмуасидаги «Мўйи Муборак» мадрасаси музей-кутубхонасида махсус шароитда ҳам сақланди.
Усмон Мусҳафининг тарихий ва маданий аҳамияти халқаро миқёсда ҳам эътироф этилган. 1997 йилда қўлёзма ЮНЕСКОнинг «Memory of the World» — «Жаҳон хотираси» дастури рўйхатига киритилган.
2025 йил 13 ноябрь — Усмон Мусҳафи тарихида яна бир муҳим сана. Айнан шу куни нодир қўлёзма Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига олиб келинди. Бугун Қуръон залидаги асосий экспонатлардан бири сифатида алоҳида ўрин эгаллаб, юртимизнинг кўп асрлик диний, илмий ва маънавий меросини намоён этувчи бебаҳо ёдгорлик сифатида тақдим этилган. Шунингдек, Марказда турли даврларда Сомонийлар, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар ва Темурийлар даврида кўчирилган Қуръон нусхаларини ҳам кўриш мумкин. Усмон Мусҳафи тарихи бу фақат бир қўлёзманинг тарихи эмас. Бу асрлар оша сақланган илмий ва маънавий мерос, уни асраб-авайлаган авлодлар хотираси ва Ўзбекистон заминида шаклланган буюк ислом цивилизациясининг узвий давомийлиги ҳақидаги тарихдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати