Инсон ўзини энг бехавотир, эмин-эркин сезадиган маскани унинг уйидир. У ўз уйида бошқанинг назари тушишидан, гаплари эшитилиб қолишидан хавфсирамай, азият чекмай яшаши керак.Акс ҳолда унинг уйидаги роҳат-фароғати кетади, ҳаловати йўқолади. Донишмандларнинг «Уйинг сиғдирсин» деб қилган дуоларида ажиб ҳикмат яширинган. Ҳаттоки замонавий қонунларда уй-жой дахлсизлиги ҳақида алоҳида моддалар киритилган. Ахлоқимизда эсац бировнинг хонадонига, ҳузурига изнсиз назар солган, рухсат сўрамай кирган киши қаттиқ қораланади ва одамлар бу ёмон ишдан ҳамиша қайтариб келинган.
Маскан сўзи “сокинлик топиш жойи” деган маънони англатади. Бизда инсоннинг ўз оиласи билан бирга яшайдиган жойи “маскан”, яъни турар жой, ҳовли-ҳарам дейилади. Инсон ҳаётида хавфу хатардан омонлик топиш, иссиқ-совуқдан пана топиш, молу мулкини дахлсиз сақлаш, аҳли аёли билан фароғатда яшаш, ҳаётдаги машаққатлар ва чарчашлардан дам олиб, роҳат топиш учун, қисқа қилиб айтганда, барча нарсалардан сокинлик топиш учун бир масканга муҳтож бўлади. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кенг маскан мусулмон кишининг саодати омилларидан бири эканини ўз ҳадисларида эълон қилганлар.
Нофеъ ибн Абдулҳорисдан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кенг маскан, солиҳ қўшни ва яхши маркаб мусулмон кишининг саодатидандир», дедилар».
Бухорий «Адабул-муфрад»да ривоят қилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан мусулмон кишининг саодатига омил бўладиган нарсалар ҳақида бир қанча ривоятлар собит бўлган. Ушбу ҳадиси шариф ўшалардан биридир.
Кенг маскан киши саодати омилларидан бири бўлиши бежизга эмас. Албатта, маскан – турар жой одам боласи умрининг кўп қисмини ўтказадиган ердир. Умрнинг энг нозик ва масъулиятли қисми одамнинг шахсий масканида ўтади.
Масканнинг кенг бўлиши яшаш шароитининг қулайлиги маъносидадир. Киши ўз уйида яшаш учун барча шароитларга эга бўлса, саодатли бўлиши турган гап. Умрининг кўп қисми ўтадиган масканда ўзи учун керак бўлган барча қулайликлар мавжуд бўлса, албатта, бу нарса ҳам саодат омилларидан бири бўлади.
Инсон дунё ҳаётида яшар экан, турли ҳолатларга дуч келади. Чарчайди, асабийлашади, дам олгиси келади, ухлайди ва ҳоказолар. Шундай пайтларда унинг ўз уйи ўлан тўшагига айланади. Жамоатчилик жойлари, сафарда, меҳмонхона ёки ижарага турган ерида керакли сокинликни топа олмайди. Ўз уйига эса бемалол кириб боради, ечинади, ором топади, ҳордиқ чиқаради... Шунинг учун ҳам Исломда кенг маскан киши саодати омилларидан бирига қиёсланган.
Ислом инсон ҳаётининг барча соҳаларини қамраб олгани ва бузилишдан ислоҳ қилгани каби маскан соҳасини ҳам қойиллатиб қўйган. Масканларни қуриш ва уларни тутишнинг гўзал намуналарини бутун дунёга намойиш қилган. Мусулмонлар қурган масканлар қулайлиги, гўзаллиги ва бошқа имтиёзлари ила барчанинг таҳсинига сазовор бўлган. Самарқанду Бухорога келган бир ғарблик сайёҳ “Бу мусулмонларнинг бошқа нарсалари каби қурган бинолари ҳам кишига хотиржамлик бағишлайди-я” дея ажабланган экан. Масканларнинг моддий тарафи билан бирга маънавий тарафига ҳам алоҳида эътибор берилади.
Исломда ҳар бир шахснинг маскани дахлсизлиги кафолатланган. Ким бўлишидан қатъи назар, ҳар бир инсоннинг турар жойи, ундаги оилавий сирлари ҳимоя қилинади. Ўзининг розилигисиз ҳеч ким унинг масканига кира олмайди, назар солиб қарай олмайди, у ердаги гапларга қулоқ солиб эшита олмайди. Ким бирор хонадон эшиги олдида туриб, ҳовли ичига соҳибларининг изнисиз назар солса ҳатто унга нисбатан энг оғир танбеҳ ва жазо чораларини қўллашга ижозат берилган. Агар бирор киши ёпилмаган эшик, пардасиз дераза олдидан ўтаётиб ичкарига назар солса, бунинг гуноҳи унга эмас, уй аҳлига бўлади.
Ҳазрати Усмон масжиди имом-хатиби Нишанов Мансурхон
Турк тили институти Илмий кенгаши аъзоси, филолог олим, профессор Зеки Каймаз Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Дунё” АА орқали юртдошларимизга ўзининг самимий табриги ва эзгу тилакларини йўллади.
– Аввало, Ўзбекистон халқини истиқлолнинг 35 йиллиги муносабати билан чин кўнгилдан табриклайман. Ўттиз беш йил оз вақт эмас. Мен юз йилдан ошган мустақил Туркия фуқароси сифатида Сизларга ҳам яна кўп асрлар мустақиллик шодиёнасини нишонлашингизни тилайман.
Тарихга назар ташласак, Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон билан яқин муносабатда бўлиб келганмиз. Айниқса, Туркиядаги миллий озодлик кураши даврида бизга бу диёрдан жўнатилган кўмакни доимо катта миннатдорлик билан ёдга оламиз.
Қардош ўзбек халқи биз учун доимо яқин биродар, қалин дўст бўлиб келган. Ўзбекистоннинг бугунги тараққиёти бизни жуда мамнун қилади. Ушбу заминга ҳар борганимда гўзал ва обод мамлакатни кўрамаз. Юртингизда маданият ва маърифат ўчоқлари бисёр. Албатта, бу тамаддун ва цивилизациянинг илдизлари узоқ ўтмишга бориб тақалади.
Марказий Осиёдаги илк ўрта асрлардаги Биринчи ренессанс ҳамда Амир Темур асос солган Иккинчи ренессанс даврларида бу заминда буюк цивилизация шаклланди. Тошкентда бунёд этилган Ислом цивилизацияси маркази, Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуаси, Имом Мотуридий зиёратгоҳи каби маданий-маънавий масканлар ислом оламида муҳим аҳамиятга эга.
Геостратегик мавқеи нуқтаи назаридан, мен келгуси ўн йил ичида Ўзбекистонни туркий дунё, хусусан, Марказий Осиё давлатлари орасида ёрқин юлдуз сифатида кўраман.
Бунинг сабаблари бор, албатта. Аввало, мамлакатдаги кучли иқтисодиёт. Қолаверса, чуқур илдизларга эга бўлган бой маданият ва тарих. Туркия билан Ўзбекистон ўртасидаги мустаҳкам дўстлик ва яқин ҳамкорлик алоқалари ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Тилагим – дўстлик ришталаримиз янада мустаҳкамлансин, давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари юқори даражага кўтарилсин.
Яна бир бор мустақиллик байрами билан чин қалбимдан табриклайман ва ўзбек халқига самимий саломларимни йўллайман.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати