Бугун тез суратлар билан ўзгариб бораётган шиддатли ва мураккаб бир давримизни олим ва зиёлилар технологиялар замони, фикр-тафаккур асри ва ахборатлашув даври дея турли таъриф беришмоқда.
Ҳақиқатан биз яшаётган давр, фитна, турли низолар, ҳасад, зиддиятлар тўқнашган, аниқроқ айтганда глобаллашув давридир. Ҳар бир ижтимоий ҳодисанинг ижобий ва салбий томони бўлгани каби глобаллашув жараёни ҳам бундан мустасно эмас. Ҳозирда унинг ўткир ва кенг қамровли таъсирини деярли барча соҳаларда кўриш мумкин.
Айни давр ёшларимиз онгига маънавий таҳдид қилмоқда. Ёшларни турли қабоҳатлардан огоҳлантириб, маънавий таҳдидларга қарши билим ва кўникма, малака ҳосил қилишларига тарғиб қилиш давримиз ва динимиз талаби эканини англаб етишимиз лозим.
Ғоявий таҳдидларга қарши туриш учун ҳар бир инсондан ўз мустақил фикри, соғлом дунёқараш ва мустаҳкам иродага эга бўлиш талаб қилинади. Бунинг учун ёшлар ҳар қайси соҳада касбининг етук мутахассиси бўлиб чиқиши, жамият ривожига ўз ҳиссасини қўшишга ҳаркат қилиши лозим.
Вояга етаётган ҳар бир ёшнинг маънавий баркамол, иродаси бақувват, иймони бутун, кучли мафкуравий иммунитетга эга шахс сифатида тарбиялаш озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт барпо этишнинг асосий шартларидан бири бўлиб қолаверади.
Улуғ аждодларимиз ор-номус, уят, андиша, шарму-ҳаё, ибо, иффат каби юксак ахлоқий туйғуларни доимо биринчи ўринга қўйиб келган. Шу боис биз ёшлар ўтмишга назар солиб, ибратли ўгитлардан хулосалар чиқаришимиз, илм-маърифатимизни оширишимиз лозим.
Барно АЗИМОВА,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Кадрлар бўлими мутахассиси
Жорий йилнинг 19-20 август кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг «Замонавий диний таълим: педагогика, илм-маърифат ва инновация» номли I илмий-амалий анжумани Ислом цивилизацияси марказида бўлиб ўтади.
Давлатимиз Раҳбари томонидан ҳар жабҳада олиб борилаётган янгиланиш ва ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда Диний идора тарихида илк бор ўтказилаётган ушбу тадбирда жами 700 нафар педагог ва соҳа мутахассиси, жумладан, 300 нафар иштирокчи бевосита анжуман залида, 400 нафар иштирокчи эса ҳудудлардан видеоселектор орқали қатнашади.
Анжумандан кўзланган мақсад соҳадаги истиқболли режаларни муҳокама қилиш, диний таълимда педагогик ва касбий маҳоратни ошириш, таълим жараёнига замонавий технологияларни янада кенг татбиқ этиш ҳамда диний таълимни янги босқичга олиб чиқишдир.
Дастур доирасида соҳа раҳбарлари иштирокида таҳлилий маърузалар, таниқли профессорлар томонидан маҳорат дарслари, илмий-методик машғулотлар бўлиб ўтади. Шунингдек, иштирокчилар Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ислом цивилизацияси маркази билан яқиндан танишиб, Ҳазрати Имом мажмуасидаги тарихий қадамжо ва обидаларни зиёрат қилишади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати