Ҳозирги кунда баъзи инсонлар билимсизлик билан Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ёки солиҳ инсонларни дуосида васила қилаётганларни кофирга чиқариб, уларга “мушрик” номини тамға қилиб қўймоқдалар.
Аҳли сунна уламолари ўз асарларида васила қилишнинг жоиз эканига оят ва ҳадислардан қатор далилларни келтиришган.
Васила луғатда “яқинлашиш”, “даража”, “восита”, деган маъноларни англатади. Истилоҳда, мақсадга элтувчи ҳар қандай воситага “васила”, дейилади. “Тавассул” сўзи солиҳ амаллар билан Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш ва Аллоҳ таолога яқинлашиш маъноларида ишлатилади.
Васила қилиш Қуръон, сунна, саҳобаларнинг амаллари билан ўз исботини топган. Жумладан: Қуръони каримда бу ҳақда шундай дейилган:“Ана ўша дуо қилаётганлари Роббиларига васила изларлар, қайсилари яқинроқ эканини (билмоқ учун). Унинг раҳматини орзу қилурлар ва азобидан қўрқурлар. Албатта, Роббингнинг азоби ҳазир бўлишга лойиқдир (Исро сураси, 57-оят).
Манбаларда саҳобаларнинг ҳам васила қилганлари келтирилади. Бу борада Ҳазрати Умарнинг қурғоқчилик вақтида қилган қуйидаги василалари жуда машҳурдир.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу қаҳатчилик бўлганида Аббос ибн Абдулмутталиб ила истисқо қилди: “Эй бор Худоё! Албатта, биз Сенга Пайғамбаримиз ила тавассул қилар эдик. Сен бизни сероб қилар эдинг. Энди биз Сенга Пайғамбаримизнинг амакисини васила қиламиз. Бизни сероб қилгин”, деди. Яна: “Сероб қилинур эдилар”, деди”. (Бухорий ривоят қилган). Умар розияллоҳу анҳу Аббос розияллоҳу анҳуни васила қилганидан кейин “Аллоҳга қасам манашу Аллоҳга бўлган василадир” деганлар. (Ибн Абдул Бар. Ал-Истеоб).
Васила ҳақида сўз кетганда қайд этиш лозимки, василасиз Аллоҳ таоло дуоларни ижобат қилмайди, деб эътиқод қилмаслик даркор. Яна васила қилувчи инсон дуосида ҳақиқий яратувчи, дуоларни ижобат қилувчи Зот фақат Аллоҳ таоло эканига эътиқод қилиши лозим. Шунингдек, Пайғамбар алайҳиссаломлар ҳамда авлиёларни васила қилиб қилинган дуони қабул қилиш Аллоҳга лозим бўлиб қолади, деган эътиқодда ҳам бўлмаслик керак. Балки, муқарраб бандаларни васила қилиб дуо қилинса, ижобатига умид зиёдароқ бўлади, деб эътиқод қилиш лозимдир. Шунинг учун ҳам мусулмон киши қабр зиёрати ҳамда улуғларни васила қилишни шариатга мувофиқ амалга оширмоғи лозим бўлади.
Хулоса қилиб айтганда васила қилиш жоиз ва дин пешволаридан нақл қилинган ҳамда амал қилиб келинаётган ишлардандир.
Учқўрғон туман Саидхон эшон жоме масжиди имом хатиби Акбарали Юсуфжонов
Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллик байрами арафасида Бухоро вилоятида жамиятда миллий-диний қадриятларни мустаҳкамлаш, эл-юрт маънавияти ва осойишталигини таъминлаш йўлида фидокорона меҳнат қилаётган диний-маърифий соҳа ходимларини тақдирлашга бағишланган тантанали тадбирлар бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбарининг тегишли фармонларига мувофиқ, диний соҳада самарали фаолият юритиб келаётган бир гуруҳ соҳа ходимлари юксак давлат мукофотлари билан тақдирландилар. Маросимда Бухоро вилояти ҳокимининг ўринбосари Азизбек Қаландаров иштирок этиб, йиғилганларни қутлуғ айём билан самимий қутлади ва давлат мукофотларини ўз эгаларига тантанали равишда топширди.
Шунингдек, байрам муносабати билан вилоят ҳокимлиги ташаббуси асосида соҳа фидойиларига махсус ваучерлар тақдим этилди. Тадбирда сўз олганлар давлатимиз томонидан маънавий-маърифий соҳа ходимларига қаратилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик учун миннатдорлик билдирдилар.
Бундан ташқари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Бухоро вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби Жобир домла Элов томонидан вилоят вакиллиги тасарруфида самарали хизмат кўрсатиб келаётган бир гуруҳ диний соҳа ходимларига ташаккурномалар топширилди.
Кўтаринки руҳда ўтган маросимларда бундай юксак эътибор ва эҳтиром соҳа фидойиларини эл-юрт фаровонлиги ва динимиз софлигини тарғиб этиш йўлидаги хайрли фаолиятга янада куч-ғайрат билан киришишга руҳлантириши таъкидланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати