Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
21 Июл, 2025   |   26 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:30
Қуёш
05:08
Пешин
12:34
Аср
17:38
Шом
19:55
Хуфтон
21:25
Bismillah
21 Июл, 2025, 26 Муҳаррам, 1447

Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг

16.09.2022   962   2 min.
Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг

Еру осмонларнинг Парвардигори Аллоҳ таоло инсонларни яхшилик йўлида ҳамкорлик қилишга чақириб, Каломида шундай хитоб қилади:

وَتَعَاوَنُوا عَلَى الْبِرِّ وَالتَّقْوَىٰ ۖ وَلَا تَعَاوَنُوا عَلَى الْإِثْمِ وَالْعُدْوَانِ

Яъни, “Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг, гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг”. Моида сурасининг 2-оятидаги ушбу мўъжазгина жумла дунёдаги барча ҳамкорликлар учун асосий қоида бўлиб ҳисобланади. Муфассир уламолар бу оятни жуда кенг маънолар билан тафсир қилганлар. Шулар жумласидан, ҳар бир киши ўзидаги бор нарса, бор имконият билан бошқаларга яхшиликни улашсин, ёрдам берсин. Олим илми билан, бой моли билан ва ҳакозо. Ушбу маънони Пайғамбаримизнинг: “Инсонларнинг энг яхшиси – ўзгаларга манфаати кўпроғидир” мазмунидаги ҳадислари янада таъкидлайди.

Бугунги безовта дунёнинг турли тарафларида нотинчликлар, турли низо-ю жанжаллар авж олган бир пайтда заминимизнинг сайқали Самарқанд шаҳрида ер юзи аҳолисининг қарийб ярми яшаётган мамлакатлар раҳбарларининг хайрли мақсадларни ўз олдига қўйган ҳолда, халқларнинг манфаатларини рўёбга чиқаришни кўзлаган ҳолда йиғилиши муболағасиз Яратувчининг мазкур чақириғига ҳамоҳангдир. Зеро, ушбу саммитда жуда кўплаб битимлар ва келишувлар имзоланиши умид қилинмоқдаки, уларнинг рўёбга чиқиши халқлар фаровонлиги учун хизмат қилади, иншааллоҳ.

Расулуллоҳ алайҳиссалом пайғамбар бўлишларидан олдин жоҳилият даврида «Ҳилфул фузул» деган бир шартномада иштирок этдилар. Бу шартнома у Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам гувоҳ бўлган энг аҳамиятли келишувлардан эди. Сийрат китобларида ушбу битим инсонларга зулм қилинишининг олдини олиш, кишиларни ҳаққига эриштириш мақсадида тузилгани батафсил ривоят қилинган. Шунинг учун ҳам бу шартнома араблар орасида «Ҳилфул фузул», яъни «Ёрдам берувчилар шартномаси» дея машҳур бўлган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу шартнома билан фаҳрланар ва кўпинча унда иштирок этганларни эслардилар. Ҳатто Пайғамбар бўлганларидан кейин шундай марҳамат қилган эдиларки: —“Абдуллоҳ ибн Жудъоннинг уйида бир шартномага иштирок этган эдим. Агар ҳозир ҳам шундай бир шартномага таклиф қилинсам, албатта иштирок этардим”.

Ушбу ривоят ҳам шуни англатадики, Ислом дини дунёнинг ободлиги, юртларнинг тинчлик-барқарорлиги, халқларнинг фаровонлиги йўлидаги шундай саммитлар ва анжуманларни доимо қўллаб-қувватлайди. Мусулмонларни бу каби ишларда фаол иштирокчи бўлишга ундайди.

 

Муҳаммадюсуф Хушвақтов

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ҳожи – тинчлик ва маънавият тарғиботчиси

17.07.2025   9212   3 min.
Ҳожи – тинчлик ва маънавият тарғиботчиси

#Сайёр_йиғилиш

Хабарингиз бор, шу йил ҳаж мавсумида  хурматли  Президентимиз Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари билан телефон орқали мулоқот қилиб, ҳожиларнинг ҳол-аҳволларини сўрадилар.

Бу йил юртимиздан ҳажга борган юртдошларимиз Арафот водийсида муфтий, Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бошчиликларида юртга қайтгач, «Янги Ўзбекистоннинг тинчлик ва маънавият тарғиботчилари бўламиз» деган эзгу ташаббусни илгари сурган эдилар.

Шу ташаббус айни кунларда амалга кўчиб, ҳожиларимиз маҳаллаларга кириб, тинчлик ва маънавиятни тарғиб этмоқдалар.

Бугун, 16 июль куни Мирзо Улуғбек туманида сайёр йиғилиш ўтказилди.

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов олиб борган йиғилишда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент шаҳар вакиллиги масъул ходимлари, туманлар бош имом-хатиблари, уламолар, отинойилар ҳамда «Ҳаж 2025»да ҳажга борган ҳожи оталар ва ҳожи оналар иштирок этишди.

Дастлаб Тошкент шаҳар бош имом-хатиби  раисликларида туманлар бош имом-хатиблари, шунингдек, тажрибали имом-хатиблардан иборат Ишчи гуруҳ шакллантирилди.

Абдуқаҳҳор домла амалга ошириладиган ишлар кўлами, Ишчи гуруҳ аъзолари ҳамда имом-хатиблар ҳамкорлигининг муҳим жиҳатлари хусусида йиғилганларга тушунчалар бердилар.

Шундан сўнг тумандаги барча имом-хатиблар ҳожилар билан биргаликда ҳудуддаги 20 та маҳаллага чиқиб, юзга яқин хонадонга киришди.

Ажрим ёқасига келиб қолган бир оилага кирилиб, уларга ҳожилар зарур тавсияларни беришди. Оила бошлиқлари хато қилганларини англаб етдилар.

Тадбир доирасида жисмоний имконияти чекланган онахонга махсус аравача ҳадя қилинди. Онахон кўзидаги қувонч ёшлари билан шу хайрли ишларнинг бошида турган азиз инсонларни алқаб, уларга миннатдорлигини изҳор қилди.

Эҳтиёжманд бир оилага замонавий телевизор ҳамда рўзғор учун зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.

Ёш оилага адабий-бадиий китоблар улашилди.

Кўнгли ўксик инсонлар ҳолидан хабар олингани тадбирга ўзгача файз бағишлади.

Бугунги тадбирни ўтказишдан мақсад юртимизда инсон қадри, шаъни улуғ эканини, одамларга яхшилик улашиб яшаш, юртимизда ҳукм сураётган тинчликнинг қадрига етиш, ўзаро ҳамжиҳатликни таъминлаш, ёшларимизни турли ёт ғоялардан асрашда ҳожиларимизнинг хизмати беқиёс эканини кўрсатмоқда.

Аслида имом-хатибларимиз ҳар куни шундай хайрли ишларни амалга оширмоқдалар. Бугунга келиб бу иш тизимли ва кенг кўлам касб этиб, такомиллашиб бормоқда.

 

Тадбир иштирокчилари яна «Мулла Қосим» жоме масжидига қайтиб, амалга оширилган ишларни ўртага ташлаб, келгусидаиг режаларни белгилаб олишди.

* * *

Пешин намозидан сўнг Абдуқаҳҳор домла «Мулла Қосим» жоме масжидида жамоатга «Шукроналик ва тинчликнинг қадри» мавзусида мавъиза қилиб бердилар.

 

Хайрли дуолар билан сайёр йиғилиш ўз ниҳоясига етди.

* * *

Эслатиб ўтамиз, кейинги шундай тадбир Сергели туманида ўтказилади.

Улашинг | @MuslimShosh

Ҳожи – тинчлик ва маънавият тарғиботчиси Ҳожи – тинчлик ва маънавият тарғиботчиси Ҳожи – тинчлик ва маънавият тарғиботчиси Ҳожи – тинчлик ва маънавият тарғиботчиси Ҳожи – тинчлик ва маънавият тарғиботчиси Ҳожи – тинчлик ва маънавият тарғиботчиси Ҳожи – тинчлик ва маънавият тарғиботчиси Ҳожи – тинчлик ва маънавият тарғиботчиси Ҳожи – тинчлик ва маънавият тарғиботчиси Ҳожи – тинчлик ва маънавият тарғиботчиси Ҳожи – тинчлик ва маънавият тарғиботчиси Ҳожи – тинчлик ва маънавият тарғиботчиси Ҳожи – тинчлик ва маънавият тарғиботчиси Ҳожи – тинчлик ва маънавият тарғиботчиси
Ўзбекистон янгиликлари