Бугунги кунда имом-хатиблар том маънода элнинг кори билан ҳамоҳанг яшаб юртимизнинг турли гўшаларида ўзининг илми, иқтидори ва ташаббускорлиги билан фаолият юритиб келмоқда.
Айни кунларда пойтахтимиздаги Шайхонтоҳур тумани имом- домлалари ташаббуси билан кўламли хайрли ишлар амалга оширилди. Шу йил 19 декабрь куни Шайхонтоҳур тумани “Тинчлик” маҳалласида ёнғин оқибатида жабр кўрган уч хонадон аҳлига ёрдам кўрсатиши учун саҳоватпеша инсонларга моддий ёрдам беришига тавсия қилинди.
Ана шундай оғир кунда “Мунаввар қори” жоме” жоме масжиди имом хатиби Абдулқодир домла Муллабоев ва имом ноиби Баҳодир домла Тошмуҳаммедов бошчилигида ҳомийлар жалб этилиб ушбу талофат етган уч хонадонга жами 40 миллион сўмлик, “Мўйи Муборак” масжиди имом-хатиби Илҳомжон домла Мадалиев ҳомийлар жалб этилиб талофат етган хонадонларга 5,5 миллион сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди.
25 декабрь куни “Кох ота Бузрук” жоме масжиди имом-хатиби Абдуҳаким домла Пирназаров “Кох ота”, “Жангоҳ”, “Тахтапул”, “Лабзак” маҳаллаларига ташриф буюриб, ҳудуд вакиллари иштирокида моддий ёрдамга муҳтож оилаларга ҳомийларни ёрдамида 20 хил озиқ овқат махсулотларидан иборат рўзғорлик тўпламини 50 та хонадонга жами 32,5 миллион сўм миқдорида эҳсон қилинди.
Дарҳақиқат, саҳоват – бу икки тоифа ўртасини боғловчи, уларни улфат қилувчи ва ҳар иккисини дунё имтихонидан яхши ўтишга ёрдам берувчи амаллардан биридир.
Қуръони каримнинг кўплаб оятларида одамларга инфоқ-эҳсон қилиш ҳақида гап кетади. Аллоҳ йўлида қилинадиган садақа ва эҳсонларнинг фазилати бундай марҳамат қилинади: “Садақаларингизни агар ошкора берсангиз, жуда яхши. Борди-ю, камбағалларга пинҳона берсангиз – ўзингиз учун янада яхшироқдир ва (У) гуноҳларингиздан ўтар. Аллоҳ қилаётган (барча) ишларингиздан хабардордир” (Бақара сураси, 271-оят).
Аллоҳ таоло юртимизда хайрли ишларни бардавом қилсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ироқнинг “Azzaman” газетасида “Ўзбекистон мустақиллигининг ўттиз беш йиллиги: Давлат барпо этишдан Учинчи Ренессанс сари” номли мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Мақолада таъкидланишича, Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларида босиб ўтган тараққиёт йўли, амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузи тобора юксалиб бормоқда.
1991 йилда қўлга киритилган мустақиллик Ўзбекистон халқи ҳаётида тарихий бурилиш ясаб, миллий давлатчилик асосларини шакллантириш, иқтисодий тараққиёт пойдеворини яратиш ва ижтимоий барқарорликни таъминлаш жараёнини бошлаб берди.
2016 йилдан бошлаб Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатда “Янги Ўзбекистон” тамойили асосида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ушбу жараёнда Ўзбекистон Марказий Осиёда изчил ва мувозанатли ривожланиш йўлидан бораётган давлат сифатида эътироф этилмоқда.
Муаллиф Ўзбекистонда сўнгги йилларда иқтисодиётни либераллаштириш, инвестицияларни жалб этиш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, инфратузилмани модернизация қилиш, рақамлаштириш ва тадбиркорлик муҳитини яхшилаш борасида амалга оширилган чора-тадбирларга эътибор қаратган.
Мақолада аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, таълим ва соғлиқни сақлаш хизматлари сифатини ошириш, ёшлар ҳамда хотин-қизларнинг жамиятдаги фаоллигини кучайтиришга қаратилган ислоҳотлар ҳақида ҳам алоҳида фикр юритилган.
Нашрда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган “Учинчи Ренессанс” ғояси Ўзбекистон тараққиётининг муҳим стратегик йўналишларидан бири сифатида баҳоланган. Унда Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Имом Бухорий ва Имом Термизий каби буюк алломалар етишиб чиққан юрт бугунги кунда илм-фан, инновация, технология ва инсон капиталини ривожлантириш орқали янги уйғониш даврини яратишга интилаётгани қайд этилган.
Ироқ матбуоти Ўзбекистоннинг ислом цивилизацияси тарихидаги ўрнига ҳам тўхталиб, мамлакатда бой илмий-маърифий меросни ўрганиш ва тарғиб қилишга қаратилган лойиҳалар амалга оширилаётганини таъкидлаган. Жумладан, Тошкент шаҳрида бунёд этилган Ислом цивилизацияси маркази Мовароуннаҳр алломаларининг жаҳон тамаддунига қўшган улкан ҳиссасини намойиш этувчи муҳим илмий-маданий маскан сифатида қайд этилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати