Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
19 Август, 2026   |   6 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:09
Қуёш
05:36
Пешин
12:27
Аср
17:16
Шом
19:21
Хуфтон
20:43
Bismillah
19 Август, 2026, 6 Рабиъул аввал, 1448

Самарқанддаги тадбир ҳақида қандай гумондамиз?

16.09.2022   1972   3 min.
Самарқанддаги тадбир ҳақида қандай гумондамиз?

Биз яшаётган бу дунё – сабаблар дунёсидир. Айтиладики: “Сабаблар – қазонинг аскарларидир”. Яъни, тақдиримизга битилган ҳодисаларнинг амалга ошиши ёки ўзгариши айнан сабабларга боғлангандир.

Уламолар сабабларни икки турга бўлади: узоқ сабаблар ва яқин сабаблар.

Узоқ сабабларнинг иккинчи номи бу асл сабаблардир. Масалан, бир кишининг тирик туришининг асл сабаби Аллоҳ таолонинг Раззоқлиги, меҳрибонлиги сабаб бўлса, яқин сабаби кишининг дунёда қилаётган касб кори, ҳаракатидир. Шунга кўра, ҳар қандай воқеа ва ҳодисалар мана шу икки сабаблар асосида юзага келади. Мусулмон киши ҳар икки сабабни ҳам инкор қилмайди. Чунки асл сабабларни инкор қилиш эътиқодга тааллуқли масаладир. Яқин сабабларни инкор қилиш эса шариъатга таъна қилишдир.

Модомики, бугун биз дунё ҳаётида яшар эканмиз, бизга энг яқин бўлган сабабларни амалга ошириб, асл сабабларни чиройли қилишини Аллоҳ таолодан сўрашимиз лозим бўлади. Дунё ҳаётининг бир маромда, ўз измида туриши учун яқин сабабларни амалга ошириш энг муҳим воситадир. Агар яқин сабаблар инкор қилинса, дунё ҳаёти ўз изидан чиқиб кетади.

Бугун юртимиз тинчлиги, халқимиз хотиржамлиги ва фаровонлигининг асл сабаби Аллоҳ таолонинг меҳрибончилиги бўлса, яқин сабаби бошимизда раҳбар этиб тайинланган кишиларнинг жонкуярлиги, одилона сиёсати ва фидойилигидир.

Айни кунларда Самарқанд вилоятида бўлиб турган ушбу йирик тадбир ҳам мана шундай икки сабабларни ўзида жамлаган бир воқеа бўлиб турибди.

Дунёнинг турли давлатларидан келган раҳбарлар, меҳмонлар ва зиёли кишилар айни пайтда бутун дунё ҳамжамиятида долзарб бўлиб турган муҳим масалаларни ҳал қилиш, дунёда тинчлик ва хотиржамликни, кишиларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини таъминлаш, давлатлар орасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаб бошқа юрт меҳмонлари учун енгиллик ва қулайликлар яратиш каби бир қатор масалаларни муҳокама қилиб, яқин сабабларни амалга оширишмоқда.

Қолаверса, юртимизда фаолият олиб бораётган икки мингдан зиёд масжид ходимлари ҳам ушбу хайрли ишга ўз ҳиссаларини қўшиш мақсадида хатми Қуръонлар, ҳадисларда тавсия қилинган гўзал дуолар билан, ушбу яхшиликларни амалга ошиши учун асл мақсадларни чиройли қилишини Аллоҳ таолодан сўраб турибдилар. Бу эса ниҳоятга гўзал уйғунликдир. Бу иш эса Аллоҳ таолонинг айнан: “Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг” (Моида сураси 2-оят) оятига мувофиқ амалдир.

Демак, бутун дунё кишиларига яхшиликни соғинган бир мусулмон шахс сифатида бўлаётган ушбу тадбирдан фақат ва фақат хайриятлар умид қиламиз. Халқимизнинг тинчлиги, фаровонлиги ва хотиржамлиги учун муҳим бўлган сабаблар амалга оширилмоқда, дея хурсанд бўламиз. Шунингдек,  қўлимиздан келган барча сабаблар ила ушбу хайрли ишга ҳисса қўшамиз. Мана шу энг тўғри ва гўзал иш ҳисобланади.

Аллоҳ таоло миллатимиз ва халқимиз  учун манфаатли тадбирлардан бири қилсин!

Ёрбек  Исломов,

Тошкент шаҳар, Олмазор туманидаги

“Мевазор” жоме масжиди имом ноиби

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

18 август — Усмон Мусҳафи Тошкентга қайтган кун

19.08.2026   7417   2 min.
18 август — Усмон Мусҳафи Тошкентга қайтган кун

18 август Тошкентнинг нафақат диний, балки маданий ва илмий мероси тарихида муҳим ўрин тутувчи сана. Қуръони Каримнинг энг қадимий қўлёзмаларидан бири сифатида эъзозланадиган Усмон Мусҳафи асрлар давомида Марказий Осиё тарихининг турли босқичларига гувоҳ бўлиб келган, хабар бермоқда iccu.uz.

Ушбу нодир қўлёзма йирик ҳажмдаги пергамент варақларга ёзилган бўлиб, матни қадимий Ҳижоз хатида битилган. Мусҳафда ҳозирги араб ёзувидаги нуқта ва ҳаракат белгилари мавжуд эмас. Манбаларда унинг сақланиб қолган қисми 338 ёки 353 варақдан иборат экани ҳақида турли маълумотлар учрайди. Айрим йўқолган пергамент варақлар кейинчалик қоғоз билан алмаштирилган. Қўлёзманинг аниқ санаси хусусида илмий адабиётларда турли қарашлар мавжуд.

Тарихий маълумотларга кўра, Мусҳаф узоқ йиллар Самарқандда сақланган. 1868–1869 йилларда у Санкт-Петербургга олиб кетилган ва Император халқ кутубхонасига топширилган. 1905 йилда қўлёзманинг 50 та факсимиле нусхаси кўчирилган. 1917 йилдаги сиёсий ўзгаришлардан кейин мусулмон уламоларининг талаби билан Мусҳаф аввал Уфага, кейин эса Ўрта Осиёга қайтарилиши жараёни бошланган.

1924 йилда Усмон Мусҳафи Татаристон, Бошқирдистон ва Туркистон уламоларидан ташкил топган махсус кузатувчилар ҳамроҳлигида махсус поезд орқали Уфадан Тошкентга олиб келинди. Тошкентга олиб келинганидан сўнг Мусҳаф бир муддат шаҳардаги масжидлардан бирида сақланди. Кейинчалик унинг асраб-авайланишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон тарихи давлат музейига топширилди.

1989 йил 14 март куни Тошкентда бўлиб ўтган Мусулмонларнинг IV қурилтойида Ўзбекистон ҳукумати қарори билан Усмон Мусҳафининг мусулмонлар ихтиёрига қайтарилгани эълон қилинди. Кейинчалик у Ўзбекистон мусулмонлари идораси ихтиёрига топширилди. Мусҳаф бир муддат Ҳазрати Имом мажмуасидаги «Мўйи Муборак» мадрасаси музей-кутубхонасида махсус шароитда ҳам сақланди.

Усмон Мусҳафининг тарихий ва маданий аҳамияти халқаро миқёсда ҳам эътироф этилган. 1997 йилда қўлёзма ЮНЕСКОнинг «Memory of the World» — «Жаҳон хотираси» дастури рўйхатига киритилган.

2025 йил 13 ноябрь — Усмон Мусҳафи тарихида яна бир муҳим сана. Айнан шу куни нодир қўлёзма Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига олиб келинди. Бугун Қуръон залидаги асосий экспонатлардан бири сифатида алоҳида ўрин эгаллаб, юртимизнинг кўп асрлик диний, илмий ва маънавий меросини намоён этувчи бебаҳо ёдгорлик сифатида тақдим этилган. Шунингдек, Марказда турли даврларда Сомонийлар, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар ва Темурийлар даврида кўчирилган Қуръон нусхаларини ҳам кўриш мумкин. Усмон Мусҳафи тарихи бу фақат бир қўлёзманинг тарихи эмас. Бу асрлар оша сақланган илмий ва маънавий мерос, уни асраб-авайлаган авлодлар хотираси ва Ўзбекистон заминида шаклланган буюк ислом цивилизациясининг узвий давомийлиги ҳақидаги тарихдир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари