Биз яшаётган бу дунё – сабаблар дунёсидир. Айтиладики: “Сабаблар – қазонинг аскарларидир”. Яъни, тақдиримизга битилган ҳодисаларнинг амалга ошиши ёки ўзгариши айнан сабабларга боғлангандир.
Уламолар сабабларни икки турга бўлади: узоқ сабаблар ва яқин сабаблар.
Узоқ сабабларнинг иккинчи номи бу асл сабаблардир. Масалан, бир кишининг тирик туришининг асл сабаби Аллоҳ таолонинг Раззоқлиги, меҳрибонлиги сабаб бўлса, яқин сабаби кишининг дунёда қилаётган касб кори, ҳаракатидир. Шунга кўра, ҳар қандай воқеа ва ҳодисалар мана шу икки сабаблар асосида юзага келади. Мусулмон киши ҳар икки сабабни ҳам инкор қилмайди. Чунки асл сабабларни инкор қилиш эътиқодга тааллуқли масаладир. Яқин сабабларни инкор қилиш эса шариъатга таъна қилишдир.
Модомики, бугун биз дунё ҳаётида яшар эканмиз, бизга энг яқин бўлган сабабларни амалга ошириб, асл сабабларни чиройли қилишини Аллоҳ таолодан сўрашимиз лозим бўлади. Дунё ҳаётининг бир маромда, ўз измида туриши учун яқин сабабларни амалга ошириш энг муҳим воситадир. Агар яқин сабаблар инкор қилинса, дунё ҳаёти ўз изидан чиқиб кетади.
Бугун юртимиз тинчлиги, халқимиз хотиржамлиги ва фаровонлигининг асл сабаби Аллоҳ таолонинг меҳрибончилиги бўлса, яқин сабаби бошимизда раҳбар этиб тайинланган кишиларнинг жонкуярлиги, одилона сиёсати ва фидойилигидир.
Айни кунларда Самарқанд вилоятида бўлиб турган ушбу йирик тадбир ҳам мана шундай икки сабабларни ўзида жамлаган бир воқеа бўлиб турибди.
Дунёнинг турли давлатларидан келган раҳбарлар, меҳмонлар ва зиёли кишилар айни пайтда бутун дунё ҳамжамиятида долзарб бўлиб турган муҳим масалаларни ҳал қилиш, дунёда тинчлик ва хотиржамликни, кишиларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини таъминлаш, давлатлар орасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаб бошқа юрт меҳмонлари учун енгиллик ва қулайликлар яратиш каби бир қатор масалаларни муҳокама қилиб, яқин сабабларни амалга оширишмоқда.
Қолаверса, юртимизда фаолият олиб бораётган икки мингдан зиёд масжид ходимлари ҳам ушбу хайрли ишга ўз ҳиссаларини қўшиш мақсадида хатми Қуръонлар, ҳадисларда тавсия қилинган гўзал дуолар билан, ушбу яхшиликларни амалга ошиши учун асл мақсадларни чиройли қилишини Аллоҳ таолодан сўраб турибдилар. Бу эса ниҳоятга гўзал уйғунликдир. Бу иш эса Аллоҳ таолонинг айнан: “Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг” (Моида сураси 2-оят) оятига мувофиқ амалдир.
Демак, бутун дунё кишиларига яхшиликни соғинган бир мусулмон шахс сифатида бўлаётган ушбу тадбирдан фақат ва фақат хайриятлар умид қиламиз. Халқимизнинг тинчлиги, фаровонлиги ва хотиржамлиги учун муҳим бўлган сабаблар амалга оширилмоқда, дея хурсанд бўламиз. Шунингдек, қўлимиздан келган барча сабаблар ила ушбу хайрли ишга ҳисса қўшамиз. Мана шу энг тўғри ва гўзал иш ҳисобланади.
Аллоҳ таоло миллатимиз ва халқимиз учун манфаатли тадбирлардан бири қилсин!
Ёрбек Исломов,
Тошкент шаҳар, Олмазор туманидаги
“Мевазор” жоме масжиди имом ноиби
Миср пойтахти Қоҳира шаҳрида бўлиб ўтаётган халқаро анжуманнинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари нуфузли мукофот — Имом Қарофий номидаги "Фатво соҳасидаги юксак хизматлари учун" халқаро мукофоти билан тақдирландилар.
Юксак мукофотни Миср Араб Республикаси бош муфтийси, Бутунжаҳон фатво идоралари ва ҳайъатлари Бош котибияти раиси, профессор Назир Муҳаммад Айёд, Миср вақф вазири доктор Усома ал-Азҳарий ҳамда Халқаро Ислом фиқҳи академияси бош котиби доктор Қутб Мустафо Сано кабилар тантанали равишда топширдилар.
Сўзга чиққан нотиқлар Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юқори баҳолаб, ушбу эътироф Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг Ислом дини маърифатини кенг ёйиш, илмий-тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш ҳамда замонавий фатво фаолиятини янги босқичга олиб чиқишдаги фидокорона меҳнатларининг муносиб самараси эканини алоҳида таъкидлади.
Тақдирлаш чоғида турли мамлакатлардан келган 500 нафардан зиёд анжуман иштирокчилари эътиборига Ўзбекистондаги диний-маърифий соҳа ислоҳотлари ҳамда Муфтий ҳазратларининг кўп қиррали фаолиятига бағишланган махсус видеоролик намойиш этилди. Унда юртимиз қадимдан буюк цивилизациялар бешиги, илм-маърифат ва ислом маданиятининг муаззам маркази бўлиб келгани эътироф этилди. Шунингдек, лавҳада бугунги кунда Давлатимиз Раҳбари бошчилигида диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли янгиланишлар, нуфузли халқаро анжуманлар, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг самарали фаолияти, жумладан, Фатво марказининг ишга туширилиши ва мўътадилликни тарғиб этиш борасидаги салмоқли ташаббуслари атрофлича кўрсатиб берилди.
Маълумот ўрнида, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бунга қадар ҳам бир қатор юксак мукофотларга сазовор бўлганлар:
- Президентимиз фармонларига мувофиқ “Олий даражали Имом Бухорий” ордени;
– Россия Федерацияси марказий диний идорасининг «Ал-Иътисом» («Ҳамжиҳатлик») медали;
– Қирғизистон мусулмонлари диний бошқармасининг «Ынтымак» («Бирдамлик») медали;
– «Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасининг 30 йиллиги» юбилей медали;
– Шимолий Кавказ мусулмонларини мувофиқлаштириш марказининг «Уммат олдидаги хизматлари учун» ордени;
– Россия Федерацияси Имом Бухорий номидаги диний ташкилотининг «Ал-Илм» ордени.
«Фатво соҳасидаги юксак хизматлари учун» мукофоти ҳақида:
Мазкур нуфузли халқаро мукофот Бутунжаҳон фатво идоралари ва ҳайъатлари Бош котибияти томонидан таъсис этилган бўлиб, буюк аллома, фақиҳ Имом Шиҳобуддин ал-Қарофий (1228–1285) шарафига номланган.
Ушбу мукофот Ислом умматида мўътадиллик тамойилларини илгари суриш, бир ёқлама ва тор қарашлардан сақланиш, жамоавий ижтиҳод ҳамда фатво бериш амалиётини такомиллаштириш ва замонавий муаммоларга тўғри шаръий ечимлар ишлаб чиқишга улкан ҳисса қўшган етук уламоларга тақдим этилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати