Бугунги кунда террорчилик ташкилотларининг даъватчилари тинч давлатда яшаб келаётган ёшларни хориждаги жангарилар тайёрловчи марказларга жўнатиш мақсадида дунёвий давлат ва жамиятни динсизликда айблаб, гўёки ҳижратга чиқиш фарз амал экани, “бунинг учун ҳеч кимнинг, ҳатто, ота-онанинг рухсатини олиш керак эмас” ёки “ота-онамиз бизни дунёга келишимизга сабабчи бўлган холос, ҳамма ишни ҳам уларни маслаҳатлари билан қилмаймиз” деган сохта тушунчаларни диндор ёшларга сингдиришга ҳаракат қилишлари ўрта асрлардаги ховорижларнинг амалидир.
Ижтимоий таомоқларда ёшларни чалғитиш мақсадида бонг ўраётканларни ёлғон иддаоларига кўра фалон жойда жиҳод бўлаяпти, ҳамма мусулмонлар ўша ерга бориши керак, ҳижрат қилиши керак, ота-онаси рози бўлмаса, уларни ҳийла қилиб чалғитиб кетса бўлади, деяётганлар пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадиси шарифларнинг ҳукмига зид гапларни айтмоқдалар ва бу гаплари мутлақо эътиборсиздир. Ота-она рухсат бермаса, фарзанд ўзга юртларга жиҳод учун чиқиб кета олмайди, бу иш гуноҳга айланади.
Демак, ҳозирги кунда мусулмонлар Исломни ўзгаларга тинч йўл билан, турли туман воситалар ёрдамида етказиш имконига эга бўлдилар. Кўплаб уламолар илмий майдонда одамларга Исломни етказиш йўлида самарали хизмат қилмоқдалар.
“Мудофаа жиҳоди” душманлар мусулмонлар яшайдиган юртга уруш қилиб, бостириб кирсалар, ҳимоя учун мудофаа жиҳоди фарзи айн бўлади. Уламоларимиз мана шундай ҳолатдагина ватанни ҳимоя қилиш учун ҳеч кимни рухсати керак бўлмаслигини таъкидлайдилар.
Бунинг устига талаб жиҳодини оддий фуқаролар эмас, балки подшоҳ яъни, давлатнинг раҳбари ташкиллаштиради. Давлат томондан ҳарбий сафарбарлик эълон қилингандагина фуқароларга унга итоат этиб ҳарбий амалиётларда қатнашиш фарз бўлади. Оддий фуқаро ё қандайдир тўдабошининг ташаббуси билан шаръий жиҳод ташкил этилмайди.
Хулоса ўрнида Мўмин-мусулмонлар бугунги кунимиздаги турли қўштирноқ ичидаги воизларнинг ҳар қандай “жиҳод”га жим-жимадор чорловлари олдида шошиб қолмасликлари, балки ҳамма эътироф этган уламоларга қулоқ солишлари, уммат эътироф этган уламолар атрофида бирлашишлари зарурдир.
Манбалар асосида тайёрланди
Сўфиев Абдулҳаким,
Поп тумани бош имом-хатиби
Мустақиллигимизнинг 35 йиллик айёми ҳамда янги ўқув йили муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар билан ишлаш бўлими томонидан юртимиз бўйлаб кенг кўламли хайрия тадбирлари ўтказилди.
Мазкур хайрли ташаббус асосида Республикамизда фаолият юритаётган 2 161 та масжид ходимлари иштирокида 11 144 нафар кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳамда боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларига мактаб формалари ва ўқув қуроллари беғараз ҳадя қилинди.
Ушбу акция доирасида ажратилган кўмакнинг умумий миқдори 4 миллиард 929 миллион 995 минг сўмни ташкил этди.
Шунингдек, жорий йилда «Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан ҳам 1500 нафар етим ва чин етим болаларга байрам совғалари ҳамда мактаб формалари ва ўқув қуроллари ҳадя қилинди. Хусусан, Фарғона вилоятида 302 нафар, Самарқанд вилоятида 243 нафар ва Қашқадарё вилоятида 215 нафар боқувчисини йўқотган ўқувчиларга ёрдамлар кўрсатилди.
Тадбирлардан кўзланган асосий мақсад – ёш авлоднинг сифатли таълим олишига кўмаклашиш, уларни янги ўқув йилига муносиб тайёрлаш ҳамда қалбларида байрам қувончи улашишдир.
Истиқлол байрами арафасида амалга оширилаётган бундай хайрия тадбирлари юртимизда инсон қадри, болалар манфаатлари ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганининг амалий намунаси, дейиш мумкин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати