Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
10 Июл, 2026   |   25 Муҳаррам, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:16
Қуёш
04:59
Пешин
12:29
Аср
17:41
Шом
20:02
Хуфтон
21:40
Bismillah
10 Июл, 2026, 25 Муҳаррам, 1448

ШАРТНОМАНИ СОТИШ ЖОИЗМИ?

27.12.2023   1424   3 min.
ШАРТНОМАНИ СОТИШ ЖОИЗМИ?

#шартнома #машина #автосалон

❓1106-CАВОЛ: Бугунги кунда баъзилар автосалонлардан шартнома олиб, бошқасига маълум бир маблағ эвазига сотмоқдалар. Шу иш жоизми?

? ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Йўқ, бу иш шаръан жоиз эмас. Чунки биринчидан, бу ерда бир қарашда шартноманинг ўзи сотилаётганга ўхшаб кўрингани билан, аслида шартнома предмети бўлган машина савдо моли бўлиб, унга қилинадиган тўлов шартнома эгасининг номидан амалга оширилади ва машина ҳам унинг номига чиқади. Яъни сотувчи ҳали қўлига кирмаган машинани устига фойда қўйиб сотади. Бу иш эса, шаръан жоиз эмасдир.

Бу ҳақида фуқаҳоларимиз шундай дейдилар:
( لَا بَيْعُ الْمَنْقُولِ ) أَيْ لَا يَصِحُّ لِنَهْيِهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَنْ بَيْعِ مَا لَمْ يُقْبَضْ ، وَلِأَنَّ فِيهِ غَرَرَ انْفِسَاخِ الْعَقْدِ عَلَى اعْتِبَارِ الْهَلَاكِ (البحر الرائق)
Яъни: “Кўчар мол-мулкларни савдоси уларни қўлга киритишдан олдин жоиз эмасдир. Зеро, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлга киритилмаган нарсанинг савдосидан қайтарганлар. Чунки, бу савдода сотилган нарса (харидор қўлига етиб боришидан олдин) ҳалок бўлиши яъни унга талофат етиши мумкинлиги эътиборидан, савдо келишуви бузилиши хавфи мавжуд” ("Баҳрур-роиқ" китоби).

Иккинчидан: машинага тўлов қилаётган шахс шартнома эгасининг номидан тўлов қилгани учун, машина ҳам шартнома эгасининг номига чиқади ва қачонки у нотариал идора орқали харидор номига ўтказиб бермагунича мулк ҳам унинг ихтиёрида бўлиб, харидор алданиб қолиш эҳтимоли мавжуд. Бу эса, шариатда ман қилинган ғарар – алдов устига қурилган савдо ҳисобланади.

Учинчидан: аксарият ҳолатларда бу каби шартнома сотувчилар бир нечта шартномани қўлга киритиб, уларни сотишга ҳаракат қилади. Масалан 134 млн 294 минг сўмлик автомашина устига шартномани олиб бергани учун 1200 доллар устама қўяди. Табиийки бу нарса автоулов нархининг ошишига сабаб бўлади. Сунъий равишда нархларни оширишдан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам қайтарганлар:
عن عبد الله بن عباس قال : "نَهَى رَسولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عليه وسلَّمَ أنْ يُتَلَقَّى الرُّكْبَانُ، ولَا يَبِيعَ حَاضِرٌ لِبَادٍ. قُلتُ: يا ابْنَ عَبَّاسٍ، ما قَوْلُهُ: «لايَبِيعُ حَاضِرٌ لِبَادٍ»؟ قَالَ: لا يَكونُ له سِمْسَارًا" (رواه البخاري و مسلم).
Яъни: Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам карвондаги деҳқонларнинг йўлига пешвоз чиқиб, уларни бозорга киритмасдан маҳсулотларини арзон сотиб олиб, кейин шаҳар аҳолисига қиммат нархда сотишдан қайтардилар ва “Шаҳарлик киши ташқаридан келган одам учун сотувчилик қилмасин”, дедилар. Мен сўрадим: Эй, Аббоснинг ўғли, у зотнинг: “Шаҳарлик киши ташқаридан келган одам учун сотувчилик қилмасин” деганларининг маъноси нима? Шунда, у деди: “Унга даллоллик қилмасин” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).
Демак, ушбу ҳадиси шариф ҳукмига кўра, нарх-навони сунъий равишда оширишдан қайтарилган. Бу ишда кароҳият бор.
Шуларни эътиборга олган ҳолда автомашина сотиб олиш учун тузилган шартномани сотиш шаръан ножоиздир. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

MUSLIM.UZ GA ? OBUNA BO'LING (https://t.me/+PSOPDevNs2Va-wt7) ✅ VA ULASHING (https://telegram.me/share/url?url=https://t.me/muslimuzportal)?

▶️ YouTube (https://www.youtube.com/@Muslimuzz/featured) | ?Instagram (https://www.instagram.com/muslimuzportali/) | ? Facebook (https://www.facebook.com/muslimuzportal)

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

ФОРУМ САМАРҚАНДДА ДАВОМ ЭТМОҚДА

09.07.2026   4696   2 min.
ФОРУМ САМАРҚАНДДА ДАВОМ ЭТМОҚДА

Самарқанд шаҳрида Имом Бухорий илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш, унинг ислом илмлари ривожидаги беқиёс ўрнини халқаро миқёсда кенг ёритишга бағишланган I Халқаро ислом цивилизацияси форуми ўз ишини давом эттирмоқда.



Анжуманнинг очилиш маросими Қуръон тиловати билан бошланди. Сўнг Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар, Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси раиси Содиқжон Тошбоев, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Диний-маърифий масалалар бўйича департаменти бошлиғи Музаффар Комилов, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов ҳамда бир қатор нуфузли халқаро ташкилотлар ва диний идоралар вакиллари табрик сўзлари билан иштирок этдилар.

 Шунингдек, Макка шаҳридаги “Масжид ал-Ҳаром” масжиди Бош имоми Шайх Солиҳ бин Абдуллоҳ бин Ҳумайд, ICESCO Бош директори Салим ал-Малик, Ислом олами уюшмаси Бош котиби ўринбосари, Ислом фиқҳи академияси Бош котиби Абдураҳмон ибн Абдуллоҳ Зайд, Кавказ мусулмонлари идораси раиси Шайхулислом Оллошукур Пошшозода ҳам анжуман иштирокчиларини қутладилар. Марокаш Қироллиги Вақф ва ислом ишлари вазири Аҳмад Тавфиқ эса иштирокчиларга видеомурожаат йўллади.
 

Форум доирасида “Имом Бухорий камолотига таъсир кўрсатган географик, ижтимоий ва оилавий муҳит” мавзусида илмий маърузалар тингланди. Унда Саудия Арабистони, Ҳиндистон, Туркия, Ливия ва Жазоирдан ташриф буюрган олим ва тадқиқотчилар Имом Бухорий шахсиятининг шаклланишида Бухоро ва Самарқанд илмий муҳити, оилавий тарбия, устоз-шогирд анъаналари, ҳадис илмининг ривожланиш жараёни ҳамда IX аср Мовароуннаҳр маънавий-маърифий ҳаётининг аҳамияти ҳақида маърузалар қилдилар.



Маърузаларда Имом Бухорий меросининг нафақат ислом илмлари тараққиётидаги ўрни, балки бугунги кунда илм-маърифат, бағрикенглик ва маънавий юксалишни тарғиб этишдаги аҳамияти ҳам кенг таҳлил этилди.
 

Самарқандда давом этаётган ушбу нуфузли анжуман Имом Бухорий меросини халқаро илмий майдонда янада кенг тарғиб этиш, ислом илмлари бўйича тадқиқотларни ривожлантириш, хорижий илмий марказлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда ёш тадқиқотчилар учун янги илмий мулоқот майдонларини яратишга хизмат қилмоқда.



Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

ФОРУМ САМАРҚАНДДА ДАВОМ ЭТМОҚДА
Ўзбекистон янгиликлари