Шукрлар бўлсинки, бугун юртимиздаги ўттиз тўрт миллиондан зиёдни ташкил этаётган халқимиз тинчлик, осойишталикда ҳаёт кечирмоқда. Албатта бунинг асосий негизи миллатлараро тотувлик, динлараро бағрикенгликка бориб туташади. Бир юз ўттиздан зиёд миллат ва элат вакиллари аҳил иноқлқликда, шу юртнинг эртаси учун камарбаста бўлиб яшаётганлиги ҳар биримизнинг кўзимизларимизни қувнатмоқда.
Шундай экан юртнинг эртаси, фарзандларимизнинг иқболию, камолини ўйлаган ҳар бир шахс доимо огоҳ ва ҳушёр туришлиги ҳам муҳимдир. Дунё саҳнида инсоният бино бўлибдики, унинг ҳаёти доимо бир текисда кечмайди. Балки турли туман қарама қаршилик, зиддиятлардан иборатдир. Бугун кўпгина жамиятлар учун асосий хавф-хатар миллий ва диний низонинг пайдо қилинишлигидир.
Муқаддас динимизда миллат ажратиш жоҳиллик деб қаралади. Ислом тарихига назар ташласак пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг атрофидаги саҳобаларининг ичида ҳам турли миллатга мансуб кишилар бўлганлиги, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо бошқа эътиқод вакиллари бўлмиш яҳудий, насроний хатто буд санамларга сиғинадиган қатлам билан ҳам кенгашиб яшаганликлари маълум ва машҳурдир.
Чунки Аллоҳ таоло қуръони каримда шундай хитоб қилган:
يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِنَّا خَلَقْنَاكُمْ مِنْ ذَكَرٍ وَأُنْثَى وَجَعَلْنَاكُمْ شُعُوبًا وَقَبَائِلَ لِتَعَارَفُوا إِنَّ أَكْرَمَكُمْ عِنْدَ اللَّهِ أَتْقَاكُمْ
إِنَّ اللَّهَ عَلِيمٌ خَبِيرٌ (سُورَةُ الحُجُرَاتِ/).13
яъни: “Эй инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир” (Ҳужурот сураси, 13-оят).
Диққат билан эътибор берсак ушбу муборак ояти каримада Аллоҳ таоло бутун бошли инсониятга хитоб ўлароқ, уларнинг барчасининг ота-онаси бир эканлигини эслатиш билан бошламоқда. Оятнинг мазмунига янада теранроқ нигоҳ ташласак, инсоният ҳаётидаги турфа хиллик уларнинг бир бирларига талпиниб, танишиб яшашликлари учун асосий мезон эканлигига урғу берилмоқда. Инсонларнинг турли туман эътиқод ва миллатдан иборат бўлиб яшашликлари илоҳий тақсимот бўлиб, асло уруш жанжал чиқариш учун эмаслиги баён этилмоқда. Дарҳақиқат айрим тушунчаси тор кишилар фикрлаганидек ҳамма бир хил эътиқод, бир хил қиёфа, бир хил сўзлашувда яшаганда эди инсоният ҳаётида мазмун қолмас эди.
Бугунги кунда ер юзининг сайқали бўлиб чирой очиб турган Самарқанд заминига мусумон қўмондон Қутайба ибн Муслим ноананавий услубда кириб келгач, Самарқанд аҳли ўша даврдаги мусулмонларнинг пешвоси бўлмиш Дамашқдаги Умар ибн Абдулазизнинг ҳузурига адолат истаб чопар юборишади. Вазиятни синчковлик билан ўрганган Умар ибн Абдулазиз чопардан Қутайба ибн Муслим учун уч кун ичида самарқандни тарк этиши лозимлиги тўғрисидаги мактубни бериб юборадилар. Қутайба ибн Муслим эса мактубни очиб кўриши биланоқ айбига иқрор бўлиб шаҳарни тарк этади. Аввал бошда кўзларига ёвуз душман сифатида кўриниб, қалбларида қўрқув пайдо бўлган Самарқанд аҳли исломнинг бу вакилларини яхши кўра бошлайди. Чунки улар ҳаётлари давомида бу каби самимий, меҳрибон, камтарин, ҳушмуомила энг асосийси адолатли кишиларни кўрмаган эди. Энди эса Самарқанд аҳли ўз ихтиёри билан Ислом динини тўп тўп бўлиб қабул қила бошлади. Биз исломий бағрикенгликка оид бу каби кўплаб жонли мисолларни келтиришимиз мумкин.
Энг асосийси бугун халқимизга, ёш авлодга мусаффо маърифатни кенг тарқатиш ҳар биримизнинг муҳим бурчимиздир. Таркиби бузилган сув ўзининг мусаффолигини йўқотиш билан инсон танасига зарар етказганидек, соф маърифат ўзанидан бебаҳралик ҳам кўпгина ноҳуш холатларга сабаб бўлмоқда.
Аллоҳ таоло элимиз, юртимизни тинч омон айлаб, унда истиқомат қилаётган барча халқимизни бир бирларига нисбатан меҳр-оқибатини янада зиёда ва мустаҳкам бўлишини насиб этсин.
Уткир домла Умирқулов Самарқанд шаҳар «Лаҳутий» жоме масжиди имом-хатиби
2026 йил 3-сентябрь куни Доҳадаги Ислом санъати музейида Ўзбекистон тарихи ва маданий меросига бағишланган «Uzbekistan: Heritage in Motion» кўргазмаси очилади. Экспозиция Марказий Осиёда ислом дини тарқалишидан олдинги даврдан то ҳозирги кунгача бўлган тарихий ва маданий жараёнларни қамраб олади ҳамда 28 ноябргача давом этади.
Лойиҳа Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳамда Ислом санъати музейи ҳамкорлигида ташкил этилмоқда. Кўргазма сўнгги уч ўн йилликдаги Ўзбекистон тарихини мамлакатнинг замонавий маданий қиёфаси шаклланиши нуқтаи назаридан намойиш этувчи илк халқаро экспозиция бўлади.
Экспозицияда Қатар ва Ўзбекистондаги етакчи музей ҳамда маданий муассасалар коллекцияларидан намуналар намойиш этилади. Улар орасида Афросиёбнинг машҳур деворий тасвири, «Катта Лангар» Қуръони, Шарқшунослик институти қўлёзмалари, Бухоро кулолчилик намуналари, ХИХ–XX асрларга оид миллий либослар, заргарлик буюмлари, ипак матолар ва анъанавий ҳунармандчилик асарлари бор.
Кўргазма қадимги минтақа тарихи, меъморий мерос, ислом цивилизациясининг интеллектуал ютуқлари ҳамда анъанавий ҳунармандчилик ривожига бағишланган тўртта тематик бўлимдан иборат. Унда Ўзбекистоннинг ислом оламида фан, маданият ва санъат ривожининг тарихий марказларидан бири сифатидаги ўрнига, шунингдек, Сомонийлар ва Темурийлар даври меросига алоҳида эътибор қаратилади.
Тарихий мерос мамлакатнинг замонавий маданий ривожи билан узвий боғлиқ ҳолда намойиш этилади. Декоратив-амалий санъат, тўқимачилик ва заргарлик анъаналарига алоҳида ўрин берилади.
Кўргазма доирасидаги оммавий дастур маърузалар, маҳорат дарслари, анъанавий ҳунармандчилик намойишлари, шунингдек, икат санъати ва ипак ишлаб чиқаришга бағишланган тақдимотларни ўз ичига олади. 3–16-сентябрь кунлари рассом Давлат Тошев резидентлик дастури доирасида маҳаллий рассомлар ва кўргазма ташриф буюрувчилари учун Шарқ миниатюраси ҳамда «Абрū-Баҳор» техникасига бағишланган маҳорат дарсларини ўтказади. Иштирок этиш учун олдиндан рўйхатдан ўтиш талаб этилади.
2017 йилда ташкил этилган Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси мамлакатнинг маданий меросини асраш ва халқаро миқёсда тарғиб қилиш билан шуғулланади. Жамғарма 17 дан ортиқ мамлакатда халқаро лойиҳаларни амалга оширган ва 40 дан ортиқ хорижий маданият муассасалари билан ҳамкорлик қилган.
Доҳадаги Ислом санъати музейи 2008 йилда ташкил этилган. Музей коллекцияси қарийб 1 300 йиллик тарихни қамраб олади ва унда қўлёзмалар, кулолчилик буюмлари, металл ва шиша маҳсулотлари, тўқимачилик намуналари, гиламлар ҳамда заргарлик буюмлари мавжуд.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати