Денгизда сузиб бораётган бир кема тўлқинга бас келолмай ғарқ бўлибди. Фақат тўрт кишигина омон қолибди. Тўлқинлар уларни кимсасиз оролга олиб бориб қўйибди.
Уч кун ўтгач улардан бири осмондан олтин ҳам, кумуш ҳам ёғмаслигини тушуниб етгач тўлқинларни енгиб ўтишга ярайдиган кичкина қайиқ ясашга киришибди.
Унинг таклифи иккинчи одамга ҳам ёқибди ва қайиқ ясашга ёрдамлашибди.
Учинчи киши эса ясалган қайиқ тўлқинлар орасига кириб олдинги кема каби тўнтарилиб кетишидан қўрқиб жойида ўтираверибди, қутқарув верталётлари келгунига қадар кутишни маъқул кўрибди.
Тўртинчи киши эса бу олий интилишни мазаҳ қилибди, менсимабди. Бундай ҳаракатлар фикрлашига таъсир қилмаслиги учун улардан узоққа кетиб қолибди.
Икки кун ўтиб биринчи ва иккинчи одам тўлқинлардан кечи ўтиб, қирғоққа етиб боришибди.
Яна икки кун ўтиб қутқарув верталётлари оролга етиб бориб, учинчи одамни қутқаришибди.
Орадан бир ой ўтар-ўтмас жаҳон миқёсидаги ширкатлардан бири биринчи кишининг қарашларини маъқуллаб уни ишга таклиф қилишибди ва катта одам бўлиб кетибди
Ҳалиги оролда қайиқ ясашда ёрдамлашган иккинчи кишини ҳам эсдан чиқармабди, уни ўзига шерик қилибди. Икковлари ҳам муваффақиятли кишиларга айланишибди.
Учинчи киши эса ҳаётини оддий суратда ўтказибди.
Ижтимоий тармоқларда бу хабарни эшитган бир донишманд одам воқеага қуйидаги тўртта гап билан комментария ёзибди:
“Буюклар имкониятларни юзага келтирадилар. Муваффақиятлилар унинг қимматини кўтарадилар, баланд баҳолайдилар. Оддий одамлар уни қилишдан қўрқадилар. Муваффақиятсизлар эса унинг устидан куладилар!”.
Кунлар ўтиб биринчи одам тарихга кирибди, иккинчиси муваффақиятли ҳаёт кечирибди, учинчиси кунларини худди қуёш чиқиб-ботиши каби оддий ўтказибди, тўртинчиси эса ҳали ҳануз қидирилмоқда экан!
Энди савол: сиз булардан қайси бирисиз?
Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.
Ўзбекистон ва ЮНЕСКОнинг Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенцияси котибияти вакиллари ўртасида онлайн учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Мамлакатимизнинг ЮНЕСКО ҳузуридаги Доимий ваколатхонаси кўмагида ташкил этилган мулоқотда маҳалла билан боғлиқ маданий анъана ва урф-одатлар, уларни халқаро даражада тарғиб қилиш истиқболлари муҳокама қилинди.
ЮНЕСКОнинг Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенцияси котиби Фумико Охината ва Осиё-Тинч океани минтақаси учун масъул дастур мутахассиси Николас Тан мавзу юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини баён этди.
Ўзбекистон томонидан Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ҳамда ЮНЕСКО ҳузуридаги Доимий ваколатхонаси вакиллари маҳалланинг кўп асрлик тарихи, унинг жамият ҳаётидаги алоҳида ўрни ва миллий анъаналарни сақлашдаги аҳамияти ҳақида сўз юритди.
Учрашувда маҳалла Ўзбекистон халқи турмуш тарзининг ажралмас қисми экани таъкидланди. У инсонларни яхши қўшничилик, ўзаро ёрдам, ҳамжиҳатлик ва катта авлод вакилларига ҳурмат тамойиллари асосида бирлаштиради.
ЮНЕСКО Котибияти вакиллари тақдим этилган материалларга катта қизиқиш билдирди. Улар Ўзбекистонда маҳалла билан боғлиқ шаклланган жамоат ҳаёти тартибининг ўзига хос хусусиятларини эътироф этди.
Суҳбат давомида Ўзбекистоннинг номоддий маданий меросни тарғиб қилишдаги роли алоҳида қайд этилди. Шу нуқтаи назардан, ўзбек маҳалла тизими тажрибаси ЮНЕСКО Котибияти мутахассисларида катта қизиқиш уйғотди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати