Бугун, 26 декабрь куни Фарғона вилояти вакиллигида тадбир бўлиб ўтди. Унда вилоят бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев бошчилигида бир гуруҳ уламо ва аҳли илмлар ҳамда соҳа ходимлари жам бўлишди.
Тадбирда жорий йил давомида аҳли илмлар томонидан амалга оширилган хайрли ишлар зикр қилиниб, келгусида бунданда катта ютуқларга эришиш, муқаддас динимиз софлигини асраш йўлида янада ғайратли бўлиш зарурлиги қайд этилди.
Тадбирда қатнашган вилоят ҳокими ўринбосари Б.Кулдашев имом-хатибларга ташаккур билдириб, доимо фаол бўлишга чақирди.
Шунингдек, тадбирда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини янада мустаҳкамлаш, соф Ислом маърифати, хусусан, Ҳанафийлик мазҳаби ва Мотурудийлик таълимоти асосида келажак авлодни тарбиялаш, динимизга ёт бўлган сохта ақидалар ва радикаллашувни олдини олишда самарали фаолият олиб борган бир гуруҳ аҳли илмлар тақдирландилар.






Фарғона вилояти вакиллиги Матбуот хизмати
Боку шаҳрида Туркий давлатлар муфтийлари йиғилиши доирасида улуғ мутафаккир, тасаввуф олими Саййид Яҳё Бокувий меросига бағишланган халқаро конференция ўз ишини бошлади.
Ушбу нуфузли тадбирда Туркий давлатлар ташкилоти, Бутунжаҳон мусулмон донишмандлар кенгаши, IRCICA, ICESCO, Ал-Азҳар уламолар кенгаши вакиллари ҳамда етук шарқшунос ва исломшунос олимлар иштирок этмоқда.
Анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари маъруза қилдилар.
Муфтий ҳазратлари Саййид Яҳё Бокувийнинг тасаввуф тарихидаги мақоми ва унинг таълимоти ҳақида тўхталдилар. Шунингдек, нутқда аллома нафақат тасаввуф, балки диний илмлар, табиий ва аниқ фанларни эгаллаган қомусий олим бўлгани, ўттизга яқин асарлари инсон нафсини тарбиялашда муҳим қўлланма экани таъкидланди.
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Қуръони карим ва ҳадиси шарифларга таянган ҳолда қалб саломатлиги ва поклиги инсон ҳаётининг бош мезони эканини баён этиб, туркий халқларни боғлаб турган умуммаънавий илдизларга алоҳида урғу бердилар:
«Ҳазрат Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбанд ва Саййид Яҳё Бокувий каби буюк зотлар илгари сурган нафс тарбияси, инсонпарварлик ва юксак ахлоқ ғоялари бугун ҳам қардош халқларимизни бирлаштириб турувчи мустаҳкам маънавий кўприкдир. Бундай улуғ сиймолар меросини ҳамкорликда ўрганиш халқларимизнинг маънавий бирлигини мустаҳкамлаш ва ёшларимизни соғлом эътиқод руҳида тарбиялашга хизмат қилади».
Уч кунлик анжуман давомида Ўзбекистон илмий жамоатчилиги ҳам маърузалар билан иштирок этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати