Ҳозирда баъзи гуруҳ ёки шахслар томонидан “ўз-ўзини ўлдириш” тушунчаси шаҳидлик деб нотўғри талқин қилинмоқда. Аслида бу ҳаракатлар ҳам шахснинг ўз ҳаётига тажовуз қилиши бўлиб, Қуръон ва Суннатга кўра ўз жонига суиқасд қилиш ҳисобланади. Дунёнинг баъзи давлатларида ҳокимиятга эришиш учун ислом динини ниқоб қилиб олган бузғунчи кучлар томонидан мусулмон шахснинг маълум мақсадлар йўлида “ўзини-ўзи ўлдириш”и “шаҳидлик амалиёти” деб баҳоланиши айни адашишдир. Ислом уламолари томонидан мазкур “кучлар”нинг ўз ҳаракатларини оқлаш мақсадида келтирган барча далиллари қораланган ва асоссиз деб топилган. Ибн Хазм айтадилар: “Фуқаҳолар шахсни ўзини-ўзи ўлдириши, аъзоларидан бирортасини кесиши, айниқса, кесса оғриғи ҳаёт учун жуда ҳам хавфли бўладиган аъзосини кесиб даволамасдан ўзини-ўзи қийнаши ҳалол эмаслигига иттифоқ қилишган”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилганларидек қуйидаги кимсалар шаҳидлик мақомига эга бўладилар:
اَلطَّاعُونُ وَ الْغَرِقُ وَ الْبَطِنُ وَ الْحَرِقُ وَ النُّفَسَاءُ شَهَادَةٌ لِأُمَّتِي
«Вабога йўлиқиб ўлиш, сувга чўкиб ўлиш, қорин оғриғи билан ўлиш, оловга куйиб ўлиш, аёллар нифос пайтида, яъни бола туғаётганида ўлиши умматимнинг шаҳидлигидир!»
Ёки бешта шаҳидликни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидагича санаганлар:
اَلْقَتَيِلُ فِي سَبِيلِ اللهِ شَهِيدٌ، وَ الْمَبْطُونُ شَهِيدٌ، وَ الْمَطْعُونُ شَهِيدٌ، وَ الْغَرِيقُ شَهِيدٌ، وَ النُّفَسَاءُ شَهِيدَةٌ
«Аллоҳ йўлида юрганида ўлдирилган кимса шаҳиддир, қорин оғриғи билан ўлган кимса шаҳиддир, ўлатга йўлиқиб ўлган шаҳиддир, сувга ғарқ бўлиб ўлган шаҳиддир, аёллар туғаётганида ўлса шаҳиддир»
Ҳомиладорлик жиҳод билан тенглаштирилган, ҳомиладор аёл туғса, шаҳидлик савоб берилади унга. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай ҳадислари бор:
إِنَّ شُهَدَاءَ أُمَّتِي إِذَنْ لَقَلِيلٌ: اَلْمَقْتُولُ فِي سَبِيلِ اللهِ شَهِيدٌ وَ الْمَرْءُ يَمُوتُ عَلَى فِرَاشِهِ فِي سَبِيلِ اللهِ شَهِيدٌ وَ الْمَبْطُونُ شَهِيدٌ وَ اللَّدِيغُ شَهِيدٌ وَ الْغَرِيقُ شَهِيدٌ وَ الشَّرِيقُ شَهِيدٌ وَ الَّذِي يَفْتَرِسُهُ السَّبُعُ شَهِيدٌ وَ الْخَارُ عَنْ دَابَّتِهِ شَهِيدٌ وَ صَاحِبُ الْهَدَمِ شَهِيدٌ وَ صَاحِبُ ذَاتِ الْجَنْبِ شَهِيدٌ وَ النُّفَسَاءُ يَقْتُلُهَا وَلَدُهَا نَحَرَهَا بِسَرَرِهِ إِلَى الْجَنَّةِ
«Тўғри, умматимнинг шаҳидлари оз бўлади. Аллоҳ йўлида юрганда ўлдирилган кимса шаҳиддир; инсон ўз тўшагида Аллоҳ йўлида ётганида ўлса, шаҳиддир; қорин оғриғи билан ўлган кимса шаҳиддир; чаён ёки илон чаққанидан ўлган кимса шаҳиддир; сувга ғарқ бўлиб ўлган кимса шаҳиддир; йиртқич ҳайвон ташланганидан ўлган кимса шаҳиддир; уловидан йиқилиб ўлган кимса шаҳиддир; вайрона остида қолиб ўлган кимса шаҳиддир; зотилжам касалига йўлиққанидан ўлган кимса шаҳиддир; нифосли аёл боласи туфайли вафот қилса, у ҳам шаҳиддир: у аёлнинг бундай қийинчиликдаги вафоти уни жаннатга олиб боради»
Тинч аҳоли орасига кириб ўзини портлатган шахс, ҳам ўз жонига ва ҳам ўзгалар жонига тажовуз қилган бўлади. Бу ҳолатда унга шаҳидлик эмас, балки гуноҳкорлик мақоми берилади. Аллоҳ таоло Моида сураси 32-оятида:
«من قتل نفسا بغير نفس او فساد في الارض فكأنما قتل الناس جميعا»
“Ким бир жонни ноҳақдан ёки ер юзида фасод қилмаса ҳам ўлдирса, худди ҳамма одамларни ўлдирган бўлади”, деб огоҳлантирган.
Халқимиз эътиқодини турли ғаразли хуружлар ва ҳамлалардан ҳимоя қилиш, ёшларга динимизнинг асл моҳиятини тўғри тушунтириш, мусаффо ислом ғояларини аҳоли, хусусан, ёшларга тўғри тушунтириш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидандир. Шундай экан доимо ҳушёрлик ва огоҳликни, ёшлар тарбиясига масъулият билан ёндашишни шу йўл билан жаҳолатга маърифатни қарши қўйиб, улар қалбини четдан бўлаётган барча хуружлардан қатъий ҳимоя этишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйишимиз лозимдир.
Жўйбори Калон аёл-қизлар ислом
таълим муассасаси ўқитувчиси: И.Уста-Алимова
Бугун, 2 сентябрь куни Бухоро шаҳридаги Мир Араб ўрта махсус ислом таълим муассасасида янги ўқув йилига пухта тайёргарлик кўриш, олдинда турган устувор вазифаларни белгилаш ҳамда таълим сифатини янги босқичга олиб чиқишга бағишланган кенгайтирилган мударрислар кенгаши бўлиб ўтди.
Анъанага кўра, тадбир Қуръони карим тиловати билан бошланди. Тинчлик-осойишталик, илм даргоҳи фаолияти ривожи ҳамда талабаларнинг илм йўлидаги саъй-ҳаракатларига муваффақият ва барака тилаб хайрли дуолар қилинди.
Шундан сўнг таълим муассасаси директори Жалолиддин домла Сабуров, ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Нарзилло домла Аҳмедов ҳамда маънавият ва маърифат ишлари бўйича директор ўринбосари Асадуллоҳ домла Нажмиддиновлар кун тартибидаги асосий масалалар юзасидан маъруза қилдилар.
Кенгаш давомида янги ўқув йилида амалга ошириладиган ташкилий ва ўқув-услубий ишлар атрофлича муҳокама қилинди. Жумладан:
Таълим сифатини ошириш: Дарс машғулотларини юқори илмий савияда, замонавий педагогик технологиялар ва интерфаол усуллар асосида ташкил этиш;
Маънавий-маърифий тарбия: Талаба-ёшларни асрий миллий ва диний қадриятларимизга садоқат руҳида камол топтириш, уларда китобхонлик ва илмга бўлган рағбатни янада кучайтириш;
Ижро интизоми ва масъулият: Устоз-мударрисларнинг йиллик режалари, янги ўқув дастурлари талаблари ва белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш.
Йиғилиш якунида янги ўқув йилида масъулият ва фидойилик билан меҳнат қилиш лозимлиги қайд этилиб, устоз-мураббийларнинг машаққатли ва шарафли фаолиятига улкан зафарлар тиланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати