Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
19 Август, 2026   |   6 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:09
Қуёш
05:36
Пешин
12:27
Аср
17:16
Шом
19:21
Хуфтон
20:43
Bismillah
19 Август, 2026, 6 Рабиъул аввал, 1448

Ахли сунна вал жамоа йўналишида Имон масаласа

20.08.2022   1377   2 min.
Ахли сунна вал жамоа йўналишида Имон масаласа

Исломнинг асоси ақида. Ақиданинг асоси эса Аллоҳ таолонинг биру борлигига имон келтиришдир. Динимининг бешта асоси бўлиб, улардан биринчиси ва барча амалларимизнинг қабул бўлишига асос бўладигани – имондир. “Имон” сўзи луғатда “тасдиқлаш”, “ишониш” деган маъноларни англатади. Юртимизда анъанавий ҳисобланган мотуридийлик мазҳаби таълимотларида эса, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ таоло томонидан етказилган барча нарсаларни дил билан тасдиқлаб, тил билан ифодалаш “имон” дейилади. Бу ҳақда “Ақоидун Насафия” китобида шундай дейилган:  яъни: “Иймон, (Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам) Аллоҳ таоло ҳузуридан келтирган нарсани тасдиқлаш ва унга иқрор бўлишдир”.

Бундан келиб чиқадики, киши дилида тасдиқлаган нарсани узрсиз тилида айтмаса у Аллоҳнинг наздида мўмин бўлади, лекин одамларнинг наздида мўмин ҳисобланмайди. Аксинча, тилида айтиб, дилида тасдиқламаса, одамларнинг назарида мўмин ҳисоблансада, лекин аслида мунофиқ бўлади. Демак, чин мўмин бўлиш учун киши дили билан тасдиқ қилган нарсани тили билан иқрор қилиши шарт қилинган.

Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳнинг наздларида динда буюрилган ёки қайтарилган ишларга амал қилиш имоннинг шарти ҳисобланмайди. Демак, амал қилмаган кишини ҳам гарчи амал қилмагани учун гуноҳкор бўлса-да, уни мусулмон деймиз. Мана шу масала аввалдан кўп ихтилофларга сабаб бўлиб келган.
Хаворижлар каби адашган тоифалар амал қилиш имоннинг шарти деганлар ва амал қилмаган кишиларни кофирга чиқариб, уларга уруш эълон қилиб, қирғин-барот урушлар ва кўп мусулмонларнинг қонлари тўкилишига сабаб бўлган.

Афсуски, ҳозирги кунда ҳам ушбу ҳолат баъзи тоифа тарафдорлари томонидан такрорланмоқда.

Ваҳоланки, бизнинг Аҳли сунна вал жамоа эътиқодимизга кўра, барча уламоларимиз бир овоздан гуноҳ иш қилган киши модомики уни ҳалол санамаса ва фарз амалларнинг фарзлигига ишониб туриб, дангасалик ва бепарволик билан уни адо қилмаса, уни кофирга чиқармайдилар. Қолаверса, мазҳаббошимиз Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ ўзларини “Фиқҳул акбар” китобларида шундай деганлар:
яъни: “Мусулмон кишини, гуноҳни ҳалол санамас экан, бирор гуноҳи сабабли кофирга чиқармаймиз, ҳаттоки катта гуноҳ қилган бўлса ҳам”.

Шунинг учун Мотуридий ва Ашъарий йўналишлари амал қилмаган мусулмон кишини кофирга чиқармаслик масаласида бир фикрдалар.

Абдураҳмонов Муҳаммадхон 

"Ҳидоя" ўрта махсус ислом билим юрти мударриси 

 
МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

18 август — Усмон Мусҳафи Тошкентга қайтган кун

19.08.2026   2755   2 min.
18 август — Усмон Мусҳафи Тошкентга қайтган кун

18 август Тошкентнинг нафақат диний, балки маданий ва илмий мероси тарихида муҳим ўрин тутувчи сана. Қуръони Каримнинг энг қадимий қўлёзмаларидан бири сифатида эъзозланадиган Усмон Мусҳафи асрлар давомида Марказий Осиё тарихининг турли босқичларига гувоҳ бўлиб келган, хабар бермоқда iccu.uz.

Ушбу нодир қўлёзма йирик ҳажмдаги пергамент варақларга ёзилган бўлиб, матни қадимий Ҳижоз хатида битилган. Мусҳафда ҳозирги араб ёзувидаги нуқта ва ҳаракат белгилари мавжуд эмас. Манбаларда унинг сақланиб қолган қисми 338 ёки 353 варақдан иборат экани ҳақида турли маълумотлар учрайди. Айрим йўқолган пергамент варақлар кейинчалик қоғоз билан алмаштирилган. Қўлёзманинг аниқ санаси хусусида илмий адабиётларда турли қарашлар мавжуд.

Тарихий маълумотларга кўра, Мусҳаф узоқ йиллар Самарқандда сақланган. 1868–1869 йилларда у Санкт-Петербургга олиб кетилган ва Император халқ кутубхонасига топширилган. 1905 йилда қўлёзманинг 50 та факсимиле нусхаси кўчирилган. 1917 йилдаги сиёсий ўзгаришлардан кейин мусулмон уламоларининг талаби билан Мусҳаф аввал Уфага, кейин эса Ўрта Осиёга қайтарилиши жараёни бошланган.

1924 йилда Усмон Мусҳафи Татаристон, Бошқирдистон ва Туркистон уламоларидан ташкил топган махсус кузатувчилар ҳамроҳлигида махсус поезд орқали Уфадан Тошкентга олиб келинди. Тошкентга олиб келинганидан сўнг Мусҳаф бир муддат шаҳардаги масжидлардан бирида сақланди. Кейинчалик унинг асраб-авайланишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон тарихи давлат музейига топширилди.

1989 йил 14 март куни Тошкентда бўлиб ўтган Мусулмонларнинг IV қурилтойида Ўзбекистон ҳукумати қарори билан Усмон Мусҳафининг мусулмонлар ихтиёрига қайтарилгани эълон қилинди. Кейинчалик у Ўзбекистон мусулмонлари идораси ихтиёрига топширилди. Мусҳаф бир муддат Ҳазрати Имом мажмуасидаги «Мўйи Муборак» мадрасаси музей-кутубхонасида махсус шароитда ҳам сақланди.

Усмон Мусҳафининг тарихий ва маданий аҳамияти халқаро миқёсда ҳам эътироф этилган. 1997 йилда қўлёзма ЮНЕСКОнинг «Memory of the World» — «Жаҳон хотираси» дастури рўйхатига киритилган.

2025 йил 13 ноябрь — Усмон Мусҳафи тарихида яна бир муҳим сана. Айнан шу куни нодир қўлёзма Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига олиб келинди. Бугун Қуръон залидаги асосий экспонатлардан бири сифатида алоҳида ўрин эгаллаб, юртимизнинг кўп асрлик диний, илмий ва маънавий меросини намоён этувчи бебаҳо ёдгорлик сифатида тақдим этилган. Шунингдек, Марказда турли даврларда Сомонийлар, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар ва Темурийлар даврида кўчирилган Қуръон нусхаларини ҳам кўриш мумкин. Усмон Мусҳафи тарихи бу фақат бир қўлёзманинг тарихи эмас. Бу асрлар оша сақланган илмий ва маънавий мерос, уни асраб-авайлаган авлодлар хотираси ва Ўзбекистон заминида шаклланган буюк ислом цивилизациясининг узвий давомийлиги ҳақидаги тарихдир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари