Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
17 Август, 2026   |   4 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:06
Қуёш
05:34
Пешин
12:27
Аср
17:18
Шом
19:24
Хуфтон
20:47
Bismillah
17 Август, 2026, 4 Рабиъул аввал, 1448

Фақиҳлик муҳаддисликдан аълодир

08.08.2022   1982   4 min.
Фақиҳлик муҳаддисликдан аълодир

Бугунги кунда динимиз илм фанининг ҳамма соҳаси: тафсир, ҳадис, ақоид, фиқҳ, тасаввуф, ижтимоий одоб-ахлоқ, ислом тарихи, фароиз каби исломий фанларга оид асарларни ўз она тилимизда топиб ўқиш қийин бўлмай қолди. Диний адабиётларни таржима қилишда, она тилимизда диний асар ёзишда марҳум Шайҳ Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ ҳазратларининг беқиёс хизматини алоҳида тилга олмасдан илож йўқ. Ўзбекистон диний идораси ходимлари тарафдан ҳам жуда яхши диний адабиётлар кундан кунга халқимизга етказиб бериб бориляпти. “Ҳидоят”, “Ислом нури” каби даврий нашрларнинг ҳам алоҳида ўрни бор. Бунинг натижасида халқимизнинг диний савияси кундан-кунга ортиб бормоқда.

Ташқи қиёфасидан ҳамма қатори оддий инсондек туюлсада, лекин анчагина оят-ҳадисларни, кўплаб нозик ақидавий ва фиқҳий масалаларни ўзлаштириб олган одамларни учратиш бугун оддий ҳолга айланиб улгурди. Алҳамдулиллаҳ! Бу қувончли ҳол, албатта… Шу ўринда камина ходимингиз ўзбек тилидаги адабиётлар орқали диний илмини ошириб бораётган илм толибларига муҳим бир маълумотни етказишни лозим деб билдим. У ҳам бўлса, Ислом фиқҳининг ўрни ҳадисшуносликдан юқори экани, фақиҳнинг фикри муҳаддиснинг фатвосидан устун эканидир! Мазҳаб аҳамиятига эътиборсиз ёш толиблар орасида “Расулуллоҳнинг ҳадиси турганда фалончи фақиҳнинг фатвосига бало борми?!…” ва ҳоказо, фуқоҳалар қадрини тушурувчи беодоб гаплар кўпайиб қоляпти. Бу ҳам аслида салафийлар тарафдан халқ орасига суқиб киргизилган фитна. Бунинг ортидан юқорида айтганимиздек фиқҳ ва фуқаҳоларга нисбатан ҳурматсизлик шаклланиб бормоқда. Айниқса ўзларини “аҳли ҳадис” деб таништирувчи мазҳабсизлар орасида бу ҳол кўп учрайди. Уларнинг мазҳаббошимиз имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ шаънига ҳурматсизлик билан “Абу Ҳанифа ҳадисни билмасди”, деган бўҳтонлари кишининг энсасини қотиради.

Азизлар! Аслида фақиҳлар муҳаддислардан, фиқҳ илми ҳадисшуносликдан устундир! Ҳадис дунёсида шуҳрати етти иқлимга кетган йирик ҳадисшунос тарихий олим, саноқсиз олимларнинг катта устози имом Аъмаш раҳматуллоҳи алайҳ фуқаҳоларнинг қадри муҳаддисларникидан баланд эканини, ҳадисларнинг асл мазмун-моҳиятини ҳадисшунослардан кўра фақиҳлар теранроқ англашини эътироф этган экан:

1. Имом Аъмаш раҳматуллоҳи алайҳдан бир фиқҳий масалага ечим сўралади. У киши эса: “Бунинг жавобини Нўъмон ибн Собит яхши билади. Уни бу соҳада баракали маълумотга эга, деб биламан”, деб жавоб берган. (ал-Хайрот ал-ҳисан).

2. Бир куни имом Аъмаш Абу Ҳанифага фалон масалада фикрингиз қандай, деб савол қилди. Абу Ҳанифа унга қониқарли жавоб қилди. Аъмаш ҳайрон қолиб: «Буни қаердан биласиз?», деди. У: «Сиз ривоят қилган фалон ҳадисдан», деди. Шунда имом Аъмаш: “Эй фуқаҳолар! Сизлар гўёки табибсизлар! Биз эса оддий доришуносмиз холос!”, дейди. Яъни, биз ҳадисларни ёдлаймиз, уларнинг саҳиҳ ва заифларини ажратамиз. Аммо улардан шаръий масалаларни чиқаришни эса сизлардек уддалай олмаймиз. Худди доришунослар дори воситаларининг таркибини аниқ билсалар-да, аммо қайси дардга даво бўлишини табиблардек яхши билмагани каби. (Китобус-сиқот. Имом Ибн Ҳиббон).

3. Имом Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ айтади: имом Аъмаш мендан бир масала сўради. Унга жавобини батафсил айтиб бердим. У: «Буни нимага асосланиб айтмоқдасан?», деди. Мен: «Сиз ривоят қилган фалон ҳадисга асосан», деб ўша ҳадисни ҳам айтиб бердим. Шунда у: “Эй Яъқуб, мен бу ҳадисни ёд олганимда ҳали сенинг отанг билан онанг бирлашмаган эди. Лекин унинг таъвилини мана бугун сендан англаб етдим”, дейди. (Ахбору Аби Ҳанифа ва асҳобиҳ).

4. Имом Омир аш-Шаъбий айтган экан: “Биз фақиҳ эмасмиз. Балки биз ҳадисларни тинглаб, ёдлаб фақиҳларга етказиб берувчи ровийлармиз холос”. (ат-Тақлидуш-шаръий ва аҳамиятуҳу фил-ислам).

 

✍️ Ҳайбатулло РАШИДОВ - Шўрчи тумани “Толли ота жоме масжиди” имом хатиби

 

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар

24–29 август кунлари Тошкентда “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ, янги кашфиётлар” мавзусида халқаро медиафорум бўлиб ўтади

17.08.2026   4721   1 min.
24–29 август кунлари Тошкентда “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ, янги кашфиётлар” мавзусида халқаро медиафорум бўлиб ўтади

24–29 август кунлари Ўзбекистон пойтахтида “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ, янги кашфиётлар” мавзусида халқаро медиафорум ўтказилади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Тадбирнинг асосий қисми Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ўтказилади. Унда хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари, халқаро экспертлар ва медиа соҳаси мутахассислари жам бўлади.

Форум дастуридан тантанали очилиш маросими, ялпи мажлислар, мавзуга оид медиа-кўргазмалар, матбуот анжуманлари ва икки томонлама учрашувлар ўрин олган. Шўба йиғилишлари доирасида ҳужжатли кино ва тарихий хотира, нашриёт лойиҳалари, замонавий технологиялар, шунингдек, медиа соҳасидаги халқаро лойиҳаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон талабалари учун жаҳон медиа саноатининг етакчи мутахассислари иштирокида маҳорат дарслари ташкил этилади. Иштирокчилар замонавий журналистика, медиа маҳсулотлар яратиш ва халқаро ахборот маконида самарали фаолият юритиш борасида тажриба алмашади.

27 август куни форум қатнашчилари учун Самарқанд шаҳрига саёҳат уюштирилади. Дастур доирасида меҳмонлар Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилади ва шаҳарнинг тарихий-маданий мероси билан танишади. Шунингдек, Тошкент шаҳрида хорижий ОАВ вакиллари учун махсус медиа-тур ўтказилиши режалаштирилган.

Форум 28 август куни якуний ялпи мажлис ва тантанали ёпилиш маросими билан ўз ишини якунлайди. Хорижлик меҳмонлар, Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тадбирларда ҳам иштирок этади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати